Жаҳон | 11:25 / 22.02.2023
8520
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашни кучайтирмоқчи

Германия ва Европа Иттифоқининг яна 11 мамлакати Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш ва шубҳали савдо оқимларининг аниқ ҳолатларини текшириш учун ягона таҳлилий платформани ишга туширишни таклиф қилмоқда, деб ёзади dpa.

Фото: Shutterstock

Европа Иттифоқининг 12 давлати, жумладан, Германия Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши янада қатъийроқ курашиш ташаббуси билан чиқди. «Русларнинг четлаб ўтиш тактикаси ва таъминот ҳаракатлари тобора кўпайиб бормоқда», дейилади Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари билан бўлиб ўтган мунозарада. Ҳужжатни ишлаб чиқувчилар бунга қарши туриш зарурлигини таъкидламоқда.

Ташаббускор давлатлар, хусусан, аниқ ҳолатлар ва шубҳали савдо оқимларини текшириш учун ишлатилиши мумкин бўлган ягона таҳлилий платформани ишга туширишни таклиф қилмоқда. Бошқа таклифлар орасига Европа Иттифоқидан ташқаридаги мамлакатлар компаниялари учун Европа ягона бозорига киришни блоклаш имкониятини кенгайтириш киради. Бундан ташқари, Россияга экспорт қилинадиган товарлар ёки бутловчи қисмлар Украинага қарши урушда ишлатилиши мумкин бўлган ҳолларда ҳам ушбу чорани қўллаш керак.

Лойиҳа Нидерландия ташаббуси билан амалга оширилган. Бунга Европа Иттифоқи томонидан киритилган санкциялар туфайли Россияга етказиб берилмайдиган айрим товарларнинг ҳали ҳам айланма йўллар орқали мамлакатга кириб келиши бўйича шубҳа юзага келгани сабаб бўлган. Биринчи навбатда мудофаа, энергетика ва космик саноат учун эҳтиёт қисмлари масаласи ташвиш уйғотмоқда.

Мавзуга оид