Сўз эркинлиги нимага керак? Дейлик, жамият учун аҳамиятли бир соҳа бор. Аммо ўша соҳа жамият назоратида эмас, кўзидан панада. Натижада ўша соҳа пароканда бўлади ва жамият ҳаёти жиддий хатар остида қолади.

Савдо-саноат палатаси ўтказган давра суҳбатларида қатнашган эдим, йиғилишлардан бирида бир чорвадор йигит чиқиш қилиб, муаммоларни гапира кетди. У гапираётган маҳалда телефонига соҳа мансабдорлари томонидан қўнғироқлар қилина бошланди: “гапирма” деган маънода.

“Гапирма”...

Хўш, гапирмадик ҳам, гапирмаслик оқибатида соҳалар батамом таназзулга учраса, кимга фойда-ю, кимга зарар? Бир кун келиб барибир очиладими? Ё очилмайдими? Аммо бу энг муҳими эмас – бир кунлик “тинчлик” оқибатида эл бошига катта муаммолар келишидан қўрқмаймизми?

Оммавий ахборот воситаларини баъзилар ўзи учун душман деб билади, сўз эркинлигини ёмон кўради. Бироқ шу – сўз эркинлиги бўлмаса, жамият жар ёқасига келиб қолишини тушунишмайди. Охирги 6 йилда ОАВ фаолияти сабаб очилган муаммоларнинг ҳисоби юритилаётгани йўқ. Фаразан, бундай ҳисобот мавжуд бўлганда эди, аминманки, шу 6 йил ичида айнан сўз эркинлиги сабаб мамлакат жар ёқасидан узоқлашганини тушунган бўлардик. Жар эса шундай бир нарсаки, ҳаммани ажратмасдан бағрига тортиб кетади.

Нега бу ҳақда гапиряпман? Чунки сўз эркинлиги биз учун ҳаётий эҳтиёж эканини ҳали кўпчилигимиз англаганимиз йўқ – унинг йўқолишини истайдиганлар кўп. Коррупционерлар-ку майли – улар алоҳида гуруҳ – биз... буни тушундикми?

Йиғилишда гапирган ўша йигит – чорвадор Азиз Мирзакаримов билан боғландим, суҳбатлашдим. Келинг, унинг ичида йиғилиб қолганларни тинглайлик.

Азиз Мирзакаримов

— Билишимча, сиз Россияда бизнес қилиб юргансиз, бинойидек бизнесингиз бўлган, 2018 йилда Ўзбекистонга қайтгансиз ва чорвачилик билан шуғуллана бошлагансиз. Нима сабаб бўлди қайтишингизга?

— Биринчи навбатда – болаларимизнинг келажакдаги хавфсизлиги. Қайтиб келиш масаласи доим бор эди. Фақат, қайтганимизда нима қиламиз, 12-14 йил давомида топилган маблағларимиз дахлсизлиги кафолати борми, деган саволлар бўлган. Ўзбекистондаги қариндошлар билан гаплашдик, янгиликларни кузатдик. Президентимизнинг АҚШга борганда, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан учрашиб, Ўзбекистонга қайтиб бизнес қилишни сўрагани ва барча ёрдамлар берилишини айтган видеолавҳани кўриб қолдим. Энг асосийси, пул маблағлари олиб киришда ҳеч қандай чеклов йўқлиги, президент томонидан кафолатлангани бўлди. Ўзбекистонга қайтамиз, деган қарорга келдик.