Ижтимоий тармоқларда шахсий картасига тез-тез P2P ўтказмалар орқали маблағ қабул қилувчи шахслар солиқ идораларига чақирилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди.
“Масалан, бир кишида уч йил ичида 2,5 мингта P2P транзакция бўлган. Унга изоҳ бериш учун ойма-ой нечта ва қанча суммадаги транзакциялар бўлгани кўрсатилган ҳужжатни тақдим этишган. Картасининг йиллик айланмаси 500 млн сўмдан ошган одамлар ҳам чақирилган ҳолатлар бор”, – дея ёзди Telegram'даги “Потребитель.Уз” канали.
Интернетда P2P орқали савдо тушумларини яширишда гумонланган тадбиркорга солиқ органи томонидан юборилган огоҳлантириш хатининг сурати айланмоқда.

Хатда ёзилишича, фуқаро савдо тушумларини шахсий банк картасига қабул қилиш орқали солиқ базасини яширгани “солиқ органида мавжуд маълумотлар ҳамда ташқи манба маълумотлари асосида” аниқланган.
Хатда жисмоний шахснинг 2025 йил январ–ноябр ойларидаги P2P айланмаси суммаси кўрсатилган.
“Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) – яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 138-моддасига мувофиқ, мазкур тузтишлар киритиш тўғрисидаги хабарномани олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этишингиз шарт.
Диққат: Солиқ кодексининг 21-моддасига асосан, солиқ тўловчилар солиқ солиш объектларини ҳисобга олишда, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш хуқуқига эга”, – дейилади огоҳлантиришда.
Хатнинг бир нусхаси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Юнусобод туман бўлимига ҳам юборилган.
Қўмита баёноти











