Ўзбекистон | 17:31 / 23.02.2023
13796
2 дақиқада ўқилади
Реклама

ОКМК индий металлини олиш технологиясига патент олди

Олмалиқ кон-металлургия комбинати мутахассислари ҳамда олимларига индий металлини олиш технологиясига ихтиро патенти берилди.

Фото: ОКМК ахборот хизмати

Минерал ресурслар илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда Рух заводи технологик эритмаларидан лаборатория шароитида ишлаб чиқилган янги технология асосида индий металли ажратиб олишга эришилди. Ҳозирги кунда саноат тажрибалари олиб борилмоқда. Мазкур ихтирога Ўзбекистон Республикасининг “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги қонунига кўра, Адлия вазирлиги томонидан фойдали модел патенти берилди.

Индий металли заргарлик буюмларида, электроникада, тиббиётда, космик ускуналар ва ярим ўтказгичларда қўлланади. Шунингдек, индий коррозияга қарши қопламалар таркибига қўшилади ҳамда смартфон, планшет экран қаватини ва автомобиль фараларни ишлаб чиқаришда ишлатилади. Ушбу металлнинг 1 килограмми ҳозирги кунда жаҳон бозорида 230 долларни ташкил этади.

Бугунги кунда индий Россия, Хитой, Австралия, Ҳиндистон, Боливия, Қозоғистон, Канада, Перу каби давлатларда ишлаб чиқарилади.

Индий металлини ишлаб чиқариш бўйича саноат тажрибалари якунланганидан сўнг, жорий йилнинг 2-чорагидан бошлаб комбинатда маҳсулот олиниши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида: бугунги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинати жами бўлиб 14та фойдали модель патентига эга.

 Мисол учун, улардан иккитаси 2022 йилда олинди. Бу «Олтин аффинажи эритмаларидан платинани ажратиб олиш усули» номли IAP 07032 халқаро ихтиро патенти ҳамда «Аффинажланган палладийни кукун ҳолида олиш усули» номли FAP 45383 фойдали модел патентлардир.

ОКМК Ахборот хизмати

 Реклама

Мавзуга оид