Жаҳон | 21:33 / 24.02.2023
12924
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар киритди. Рўйхатда вазирлар ҳам бор 

Янги санкциялар рўйхатига Россия ҳукуматининг бир қанча юқори лавозимли мансабдорлари киритилди. 

Фото: Reuters

Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши бир йиллиги муносабати билан АҚШ Молия вазирлиги янги санкциялар пакетини тақдим этди. Бу ҳақда агентлик сайтидаги пресс-релизда айтилади. 

Рўйхатга Россиянинг 22 жисмоний ва 83 юридик шахси, шунингдек, Россиянинг санкциялардан қочишга уринишлари, жумладан, «қурол савдоси ва ноқонуний молиялаштириш» билан боғлиқ бўлган учинчи давлатларнинг 30 дан ортиқ компаниялари киритилган. 

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Россиянинг тўққиз нафар вазири янги санкцияларга тушиб қолган, жумладан, энергетика вазири Николай Шулгинов, маданият вазири Олга Любимова, спорт вазири Олег Матицин, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Антон Котяков ва фавқулодда вазиятлар вазири Александр Куренков. Рўйхатда Россия ҳукумати раисининг ўринбосари Татяна Голикова ҳам бор. 

Санкциялар рўйхатига «Сколково» технопарки ва унга алоқадор компаниялар, «Московский кредитный банк», Ланта-банк, Металлинвестбанк, МТС банк, «Левобережний банк», «Банк Санкт-Петербург», «Приморье банк», СДМ-банк, «Уральский банк реконструкции и развития», Уралсиб, «Зенит» банк киритилди. 

Шунингдек, россиялик тадбиркор Александр Удодовга алоқадор 14 компания ҳам санкциялар остига ўтди. АҚШ Молия вазирлиги пресс-релизида у Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг собиқ куёви деб аталади. « «Мишустиннинг ўзи ва синглиси билан бизнес алоқалари бўлган». Удодов, шунингдек, қўшилган қиймат солиғи тушумларини манипуляция қилиш ва пул ювишда ҳам гумон қилинмоқда. 

Шу билан бирга, Россия ҳарбий-саноат мажмуаси, аэрокосмик саноати ва микроэлектроника ишлаб чиқарувчиларининг қатор компанияларига нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди. 

Бундан ташқари, 10 мартдан бошлаб АҚШ Россиядан алюминий ва алюминий маҳсулотлари импортига 200 фоизлик бож жорий этади. 

Мавзуга оид