Постсовет ҳудудининг озодлик урушига – 1 йил
Россиянинг Украинага бостириб кирганига бир йил тўлди. 2022 йил 24 феврал куни Россия самолётлари ва артиллериячилари Украина чегараларини бузиб, кўплаб шаҳарларни бомбардимон қила бошлади. Худди ўтмишдаги каби, тажовуз эрта тонгда амалга оширилди.
Унга қадар баъзи давлатлар “Россия Украинага бостириб киришга тайёрланмоқда” деб огоҳлантирди. Бунга Европа давлатлари шубҳа билдирди. Украинанинг ўзи ҳам у қадар ишонмади. Россия мулозимлари эса “бу ёлғон!” дея баёнотлар берди. Путиннинг матбуот котиби Песков “Россия аҳмоқ эмаски, Украинага бостириб кирса” деганди. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса киноя билан “Биз Украинага бостириб кирмадикми ҳали?!” дея журналистларга саволлар ҳам берди.
Путиннинг ўзи ҳам “Биз Украинага бостириб кирмаймиз” дея кўп таъкидлади. Лекин бу баёнотларнинг бариси ёлғон бўлиб чиқди. Россия кўп минг сонли куч ва воситалар билан Украинага бостириб кирди. Кўплаб кузатувчиларнинг айтишича, Россия Украинани бир неча кун ичида босиб олишни режалаган. Украина президенти Зеленский қочиб кетиши, давлат тезда йиқилиши режа қилинган. Лекин вазият бутунлай бошқача бўлиб чиқди. Зеленский қочмади, аксинча, қаршилик кўрсатиш борасида сафарбарлик эълон қилди. Украина сиёсий элитаси парокандаликка учраш ўрнига, аксинча, жипслашди. Украина халқи ва давлати бирлашиб, босқинчиларга қарши курашни бошлашди.
Муболағасиз айтиш мумкинки, бу – Ўзбекистоннинг атрофидаги уруш. Украина бизга кўпчилик ўйлаганидан анча яқинроқ: Ўзбекистоннинг энг ғарбий нуқтасидан Луҳанск области чегарасигача бўлган тўғридан тўғри масофа 1300 километрга ҳам етмайди. Қолаверса, глобаллашган дунёда жисмоний масофалар аҳамияти пасайиб, узоқроқ бўлса-да, ўзаро шаклланган муносабатлар аҳамияти ошиб боради.
СССР парчаланганига 30 йилдан ошди. Ўзбекистон, урушга қадар, постсовет ҳудудидаги учинчи йирик давлат эди. Биринчи йирик давлат – 145 миллион аҳолиси билан Россия. Иккинчиси – Украина. Урушга қадар унинг аҳолиси 42 миллион атрофида эди. Уруш бошланиб, Украинадан миллионлаб аҳоли чиқиб кетиши натижасида, Ўзбекистон постсовет ҳудудининг иккинчи давлатига айланди дейишга асос бор. БМТ маълумотларига кўра, бугун Украинадан тахминан 9-10 миллион аҳоли чиқиб кетган. Ўзбекистоннинг аҳолиси 36 миллиондан ошмоқда.
Россия – Ўзбекистоннинг биринчи ёки иккинчи (Хитой билан ўрин алмашиб туради) савдо-иқтисодий ҳамкори. 1990-2000 йиллари, битта Россиянинг ўзига Ўзбекистоннинг 30 фоиз савдо-иқтисодий улуши тўғри келган даврлар бўлди. Кейинги йилларда Хитой Халқ Республикаси биринчи ўринга чиқяпти.
Россияда миллионлаб ўзбекистонликлар меҳнат муҳожири бўлиб ишлаб келишади. Улар ҳар йили Ўзбекистонга миллиардлаб пул жўнатишади. Бутун Марказий Осиё давлатлари қатори, Ўзбекистон ҳам Россиянинг ахборот ҳудудида қолмоқда. Ўзбекистон-Россия гуманитар алоқалари, таълим, туризм ва бошқа соҳалардаги боғлиқликлар – жуда қалин.
Украина эса урушга қадар Ўзбекистоннинг саккизинчи савдо-иқтисодий ҳамкори эди. Гарчи Ўзбекистоннинг Украина билан иқтисодий алоқалари Россия билан алоқалари каби ниҳоятда катта бўлмаса-да, Тошкентнинг Киев билан алоқалари муҳим сиёсий ва геосиёсий аҳамиятга эга.
Ўзбекистон давлати ва халқи учун, энг катта миллий қадрият – бу мустақиллик. Украинадаги уруш эса, пост-совет давлатларининг сиёсий ва геосиёсий мустақиллиги учун бўлаётганини ҳамма тушунади.
Демак, Украина, аслида Марказий Осиё давлатларининг аввало геосиёсий, қолаверса, сиёсий мустақиллиги учун ҳам урушяпти. Агар бу урушда Украина ютқазса, ҳеч шубҳа йўқки, кейинги навбат Молдовага, Қозоғистонга ва сўнгра Ўзбекистонга бўлади. Чунки бу уруш натижасида Россиянинг йўқотадиган нарсаси қолмади.
Ўзбекистон манфаатлари учун, Украинадаги уруш, анча зиддиятли ҳисобланади. Бир томондан, Ўзбекистоннинг иқтисодиёти, ижтимоий вазияти Россияга анча кучли боғланган. Россия иқтисодининг санкциялар босими остида қолиши, Ўзбекистон иқтисодига салбий таъсир қилади.
Иккинчи томондан, Украинанинг бу урушда ютқазиши Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига, геосиёсий эркинлигига катта зарба беради. Балки, бевосита таҳдидни кучайтиради. Демак, бу уруш Ўзбекистоннинг сиёсий мустақиллиги ва иқтисодий манфаатлари ўртасида маълум зиддият ҳосил қилади. Лекин, қайси манфаат устувор? Иқтисодий қийинчиликлар – давлат ва миллат учун экзистенциал таҳдид эмас. Лекин, мустақиллик – фундаментал қадрият, бу Давлат ва Миллатнинг борлиги билан белгиланади.
Россия – Ўзбекистон учун, абадий омил: у бор бўлган, ҳозирда ҳам мавжуд ва келажакда ўзаро боғлиқлик кучайиб боради. Россиянинг Украинага уруши мутлақ кўпчилик томонидан “империалистик уруш” деб номланди. Кўплаб ўзбекистонликлар эса бу урушда Россиянинг важлари асосли деган фикрда. Чунки аксарият ватандошларимиз Россия ахборот ҳудудида қолмоқда, уларга фақат Россия ахборот бермоқда, уларнинг дунёқарашини шакллантирмоқда. Бу ватандошларимиз Россия пропагандасининг қурбонларидир.
Ўзбекистонликлар олдида “Россиями ёки Украина?” деган танлов тургани йўқ. Ўзбекистонликлар олдида “Қандай Россия: авторитар ва империалистик Россиями ёки демократик ва Ўзбекистоннинг мустақиллигини чинакам тан оладиган Россиями?” деган танлов турибди.
Қачонки, Россия империячилик тафаккуридан воз кечса ва бошқаларнинг мустақил бўлиш ҳуқуқини тан олса, шунда Россияда ишлаб юрган миллионлаб ватандошларимизнинг ҳам мақоми мутлақ ошади, ижобийлашади.
Россия демократик-ҳуқуқий бўлганда, у ердаги сиёсий ислоҳотларнинг таъсири Ўзбекистонга ҳам етиб келади. Бугун Россия авторитаризм ўрнатиш борасида юқори стандарт яратган. У демократик бўлиши билан, қолган авторитар давлатлардаги авторитаризм даражаси ҳам пасайиб бошлайди. Чунки яқин ҳамкор давлатлардаги сиёсий тизимлар, бир-бирига қараб ранг олади.
Украинанинг бу урушда енгиши, бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистон халқи ва давлати учун, бир қанча бонуслар олиб келади. Ўзбекистоннинг геосиёсий субъектлиги ошади. Сиёсий ислоҳотлар тезлашади, чунки Россиядаги авторитар тузум таназзулга учраб бошлайди.
Қолаверса, постсовет маконида янги давр бошланади, ва бу даврда истиқболи юқори бўлган жамиятлардан бири, албатта Ўзбекистон бўлади. Бу кафолат эмас, балки катта имконият. Бу имкониятдан Ўзбекистон давлати ва халқи қанчалик фойдалана олади – бу Ўзбекистоннинг ўзига боғлиқ бўлиб қолади.
Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи
Мавзуга оид
19:07
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
13:20
Россия Украинанинг қатор минтақаларига ракеталар билан ҳужум қилди
10:10