Манчестер Юнайтед – Нюкасл 2:0
Голлар: 1:0 – 33 Каземиро, 2:0 – 39, автогол Ботман.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Диогу Далот (Уан-Биссака, 46), Варан, Мартинес, Шоу, Каземиро, Фред (Забитцер, 69), Бруну Фернандеш, Вегҳорст (Мактомини, 70), Рэшфорд (Магуайр, 88), Антони (Санчо, 83).
Нюкасл – Кариус, Триппьер, Шер, Ботман, Берн, Бруно Гимарайнс (Уиллок, 79), Лонгстафф (Исак, 46), Алмирон, Уилсон, Сен-Максимен (Мерфи, 78), Жоэлинтон.
Огоҳлантиришлар: Диогу Далот (9), Фред (37), Жоэлинтон (45), Каземиро (87).

Узоқ кутилган финал

«Биз 67 йилдан буён кубокни қўлга кирита олмадик». Маълум бўлишича, «Нюкасл» футболчиларига сўнгги ойларда Бентондаги базада машғулотлар олдидан телевизор экранида шундай хабар намойиш этилган. Ёзишларича, «Нюкасл» бош мураббийи Эдди Ҳау томонидан шундай топшириқ берилган, лекин унинг ўзи буни тан олмади.

Бу финал арафасида атайлаб тарқатилган ҳазил ҳам бўлиши мумкин, аммо ибора мутлақо тўғри. «Нюкасл» 1955 йилдан буён Англияда ҳеч нарса ютмаган, ўшанда жамоа Англия Кубоги соҳиби бўлганди. Шундан кейин «қарғалар» совринлар хонасида аҳён-аҳёнда жуда майда ва айни вақтга келиб тугатилиб кетган Ярмаркалар кубоги ёки Интертото кубоги каби совринлар келиб турган. Бундан ташқари, «Нюкасл» бу асрда қандайдир кубок финалига ҳам чиқмаганди. Маҳоратли мураббий ва Саудия Арабистонидан келган пуллар туфайли жамоа ниҳоят финалга чиқди.

Кариуснинг қайтиши

«Манчестер Юнайтед» ҳам жиддий ғалабаларга чанқоқ эди. Албатта «Нюкасл» каби эмас — «МЮ» сўнгги совринларини 2017 йилда қўлга киритганди (Европа Лигаси ва Лига кубоги). Аммо сэр Алекс Фергюсон даврида доимий совринлар келишига ўрганиб қолган мухлислар учун олти йил — сезиларли муддат эди.

«Юнайтед» бу финалдан олдин Европа Лигасида «Барселона»га қарши икки ўйинда жанг олиб борди. Эрик тен Ҳаг жамоаси каталонлар тўсиғидан ўтди, аммо жавоб ўйинидан кейин финалга тикланиш учун кўп вақт бўлмади. Шунга қарамай, мураббий асосий таркибни деярли ўзгартирмади: Диогу Далот ўнг қанотда Ван-Биссака ўрнини эгаллади, кўк-анорранглилар дарвозасига ғалаба голини урган Санчо ўрнига Антони туширилди.

«Нюкасл» оптимал таркибни туширди, аммо бу фақат майдонда тўп сурувчи футболчиларга тааллуқли. Жамоанинг асосий дарвозабони Поуп «Ливерпул» билан ўйиндаги аҳмоқона фол туфайли майдондан четлатилган ва дисквалификацияга учраган, иккинчи дарвозабон Дубравка мавсумнинг биринчи қисмида ижара асосида «МЮ»га берилганида Лига кубоги ўйинида иштирок этганди. Шу туфайли илк дақиқалардан кўпчилик ёдидан чиқариб юборган Лорис Кариус дарвозани қўриқлади. 2018 йилги ЕЧЛ финали антиқаҳрамони қишки трансферлар чоғида «Нюкасл»га келиб қўшилганди ва икки йилдан буён расмий ўйинларда майдонга тушмаётганди. Аммо тақдир шундай бўлдики, «Нюкасл»нинг 67 йил ичидаги энг муҳим ўйинида дарвозани айнан шу немис посбонига ишонишга тўғри келди.