Ўзбекистон | 17:28 / 27.02.2023
18793
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги бошлиқ тайинланди

Хуршид Ҳакимов 2021 йилда хориждан Ўзбекистонга қайтган шифокорлардан ҳисобланади.

Хуршид Ҳакимов / Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Хуршид Анварович Ҳакимов Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

1988 йилда туғилган Х.Ҳакимов Тошкент тиббиёт академиясининг бакалавр босқичини тамомлагач, Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги миллий тиббиёт марказида клиник ординатура ва аспирантура бўйича таҳсил олган.

2020 йилдан бошлаб бир йил давомида Россия Федерацияси Москва области Егорьевск марказий район касалхонасида рентгенэндоваскуляр хирург сифатида фаолият олиб борган.

2021 йилда Ўзбекистонга қайтиб, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти минтақавий филиалида Рентгенэндовакуляр хирургия бўлими бошлиғи сифатида иш бошлаган.

Х.Ҳакимов самарали фаолияти учун «Шуҳрат» медали ва «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

  • Бунгача Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига Рустам Йўлдошев раҳбарлик қилиб келаётганди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Юсуф Шарипович Мирхонов Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг тиббий ёрдамни ташкиллаштириш бўйича биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Юсуф Мирхонов / Сирдарё вилояти ҳокимлиги

1981 йилда туғилган Ю.Мирхонов Тошкент тиббиёт академиясида бакалавр ва магистратура бўйича таҳсил олган.

Фаолиятини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалида бошлаган Ю.Мирхонов бу ерда врач-хирург, бўлим мудири, директор ўринбосари каби лавозимларда ишлаган.

Тайинловга қадар Ю.Мирхонов Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи — кўп тармоқли марказий поликлиника мудири сифатида ишлаб келаётган эди.

Мавзуга оид