Жаҳон | 15:06 / 27.02.2023
10154
2 дақиқада ўқилади

Туркия Швеция ва Финландия билан НАТО бўйича музокараларни тиклайди

Швеция ва Финландия билан музокаралар март ойида қайта бошланади, деди Туркия ташқи ишлар вазири Чавушўғли. Шу билан бирга, у Анқара мажбуриятлар бажарилмагунча Швециянинг киришига рози бўлмаслигини таъкидлади.

Мавлуд Чавушўғли / Фото: Getty Images

Туркия Швеция ва Финландия билан НАТОга аъзо бўлиш бўйича музокараларни қайта бошлайди, янги йиғилиш 9 март куни Брюсселда бўлиб ўтади, деди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли 27 февраль, душанба куни Анқарада. Шу билан бирга, у Туркия Швециянинг «терроризмга қарши кураш» соҳасидаги мажбуриятларини бажармагунча Шимолий Атлантика иттифоқига киришига рози бўла олмаслигидан огоҳлантирди.

Чавушўғли мамлакати Финландиянинг НАТОга аъзо бўлишини маъқуллашини очиқ айтди. «Биз Швеция ва Финландия ўртасидаги иттифоққа қўшилиш тартибларини ажратишимиз мумкин», деди у.

Май ойида Финландия ва Швеция Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган блоксиз мақомдан воз кечиб, НАТОга аъзо бўлишни сўрашди. Шимолий Атлантика иттифоқига янги давлатларни қабул қилиш учун унинг барча аъзоларининг розилиги талаб қилинади.

Туркия Швеция ва Финландиянинг НАТОга қўшилишига тўсқинлик қилмоқда ва бу давлатлар гўёки курд сепаратистларини қўллаб-қувватлаётганига ишора қилмоқда. Анқара, биринчи навбатда, Туркия расмийлари «террорчилар» деб атайдиган курд фаолларига қарши Стокҳолмдан қаттиқроқ чоралар сўрамоқда.

Январь ойи охирида Стокҳолмда рухсат этилган норозилик намойишлари ўтказилгани ва унда намойишчилар Қуръон нусхасини ёқиб юборганидан сўнг, Туркия музокараларни бутунлай тўхтатди ва февраль ойига мўлжалланган йиғилишни бекор қилди. Шундан сўнг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватламаслигини айтди. 

Мавзуга оид