Инсоният бу муаммоларни бартараф этишнинг йўлларини излаяпти ва топяпти. Етакчи Ғарб мамлакатлари ўз ҳудудларида чиқиндини қайта ишлашнинг ҳар турли усулларини қўллаб, табиат – ҳайвонот ва набототни бор ҳолича сақлаб қолишга жиддий бел боғлаганлар ва қисман бунинг уддасидан ҳам чиқмоқда. Нисбатан кам ривожланган мамлакатлар-чи? Улар чиқиндига ботиб, заққум ҳаводан бўғилиб ўлмаслик учун нималар қилишмоқда?

Ўзбекистонда чиқинди соҳасини ислоҳ қилиш, ривожланган давлатлар қўллаган усулларни амалга татбиқ қилиш учун кўплаб қарор, фармон ва қонунлар чиққан. Давлат раҳбари бу мавзуга алоҳида эътибор қаратмоқда ва соҳага доир масалаларни ҳал қилиш учун кўплаб йиғилиш ва селекторлар айни шу мавзуда бўлади.

2022 йил 2 февралда президент ҳузуридаги мажлисда экология ва атроф-муҳит масалалари, хусусан, чиқинди масаласи танқидий кўрилган. Президентимиз томонидан Давлат экология қўмитаси олдига вазифалар қўйилган ва айнан чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 36,5 фоизга етказиш, хусусий сектор улушини 50 фоизга чиқариш ва қамров даражасини 95 фоизга ошириш вазифалари. Ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича президент қарори қабул қилинди, яъни 2022 йил 11 августдаги қарори ва яна бир фармон.

Бугун шаҳарлардан салгина ташқарига чиқсангиз, минглаб тонна чиқиндилар эгаллаган юзлаб гектар жойларни кўрасиз. Чиқинди кўламини кўриб ваҳмингиз келади. Ўз вақтида бу мавзуда Kun.uz ҳам, Субъектив лойиҳаси ҳам яхши кўрсатувлар тайёрлашган эди. Бу ўринда бирор шаҳарни алоҳида кўрсатиб ўтиш шарт эмас. Барча катта шаҳарлар, вилоятлар ва аҳоли яшаш пунктларида шу каби ҳолатга кўзингиз тушиши мумкин. Биргина Тошкент шаҳрида 2021 йилдаги маълумотга кўра, кунига 2 минг тонна маиший чиқинди чиқарилади.

Яқинда Навоий шаҳри чиқиндихонага айлангани ҳақида тармоқларда кўп ёзишди. Бошқа шаҳарларда йиғилиб қолган чиқиндиларнинг олиб чиқиб кетилмагани ёки олиб чиқиб кетилиши кечиккани каби муаммолар бўй кўрсатиб қолади. Нима учун? Негадир чиқинди олиб чиқиш ва уни қайта ишлаш хусусий секторга фаол берила бошлаганидан сўнг мана шундай ҳолатлар пайдо бўлаётгандек.