Ўзбекистон | 18:38 / 28.02.2023
6865
2 дақиқада ўқилади

Термизда Афғонистонга халқаро ёрдам бериш учун озиқ-овқат омбори очилди

Бу очликдан азият чекаётган 20 миллион кишининг озиқ-овқат таъминотини яхшилашга ёрдам беради.

Фото: Видеодан кадр

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотларини етказишни осонлаштириш учун Термиз шаҳрида янги омборини очди. Бу ҳақда TOLOnews хабар берди.

ЖОД Афғонистон бўйича вакили Воҳидуллоҳ Омоний сўзларига кўра, Ўзбекистондан Афғонистонга кунига камида 1000 тонна озиқ-овқат ўтмоқда.

«Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги янги омборхона очилиши бизга ҳозирда очликдан азият чекаётган ва озиқ-овқат ёрдамига муҳтож бўлган 20 миллион кишини таъминлашга ёрдам беради», деди у.

TOLOnews қайд қилишича, янги омборнинг очилиши Афғонистон аҳолиси озиқ-овқат ёрдамини етказиб беришда шаффофлик йўқлиги, шунингдек, материаллар сифати пастлигидан шикоят қилган пайтга тўғри келяпти.

«Инсонпарварлик ёрдами сифати паст. 50 кг ун сифатида белгиланган қопдан 40 кг чиқмоқда. Бензин сифати ҳам паст», дейди Кобуллик Файз Муҳаммадий.

«Ёрдам муҳтож одамларга етиб бормаяпти. Мен кўп оилаларни биламан, улар бу ёрдамга лойиқ, лекин уни олмаган», дейди Рашод исмли кобуллик йигит.

Аввалроқ, ЖОД раҳбарияти Афғонистонда 2022 йилда 23 миллион кишига озиқ-овқат ёрдами кўрсатганини ва янги режаларини амалга ошириш учун 1,5 миллиард доллар кераклигини айтган эди.

Мавзуга оид