ФҚБ коронавирус Хитой лабораториясидан сизиб чиққан деб ҳисобламоқда
ЖССТ буни инкор этмаган, лекин бунинг эҳтимоли паст деб ҳисоблаган.
Пандемияга Хитойнинг Уҳан шаҳридаги лабораториядан коронавируснинг сизиб чиқиши сабаб бўлгани эҳтимоли юқори. Бу ҳақда АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) директори Кристофер Рэй Fox News телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
«ФҚБ пандемиянинг сабаби катта эҳтимол билан Уҳандаги лабораторияда юз берган ҳодиса деб узоқ вақтдан бери ҳисоблаб келади», деди Рэй. Унинг аниқлик киритишича, гап «Хитой ҳукумати назорати остидаги лабораториядан вируснинг сизиб чиқиши» ҳақида кетяпти.
ФҚБ директорининг таъкидлашича, Хитой ҳукумати АҚШ ва унинг шерикларига пандемия сабабини аниқлашига йўл қўймаслик учун «қўлидан келган барча ишни қилмоқда». «Ва бу барча учун қайғули», деб қўшимча қилди Рэй.
The Wall Street Journal (WSJ) маълумотларига кўра, Рэйнинг сўзлари ФҚБ пандемия сабабларининг қайси версиясига ишонишини биринчи оммавий тасдиғидир. Ўтган ҳафтада нашр ФҚБ 2021 йилда пандемия Уҳан лабораториясидаги сизиш оқибатида келиб чиққан бўлиши мумкинлигига «ўртача ишонч» билан хулоса қилганини ёзган эди. Бироқ бу хулоса расман ошкор этилмаган.
2021 йил март ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавируснинг келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди. Унда вирус одамга ҳайвонлар занжири орқали юққани ҳақидаги талқин энг эҳтимолий деб топилди. Уҳан шаҳридаги дастлабки эпидемияга лабораториядан вирус сизиб чиқиши сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни ЖССТ экспертлари «эҳтимоли жуда паст» деб баҳолаган эди.
Хитой, 2021 йилнинг ўрталарида, текширувнинг иккинчи босқичида ЖССТ билан ҳамкорлик қилмаслигини айтди, чунки ташкилот вируснинг лабораториядан сизиб чиқиши ҳақидаги талқинни рад этмаган эди.
Коронавирус пандемияси Қўшма Штатларда 1 миллиондан ортиқ аҳолининг ўлимига сабаб бўлди. АҚШ сиёсатчилари орасида вируснинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш лозимлиги ҳақидаги чақириқлар сўнгги пайтларда баландроқ янграмоқда.
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
15:44 / 13.11.2024