Жаҳон | 09:02 / 01.03.2023
9838
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг 6 ҳудудида дрон билан боғлиқ фавқулодда ҳолат кузатилди

Кеча кун давомида Россия Федерациясининг олтита ҳудудида шубҳали дронлар топилди – дронлардан бири Москвадан тахминан 95 километр узоқликда қулаган. Санкт-Петербургда қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилди.

Пулково аэропорти / Фото: ГУБЕРНИЯ DAILY

28 февраль, сешанба куни Россияда учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) билан боғлиқ бир қатор ҳодисалар қайд этилди. Кун давомида Россия Федерациясининг олтита ҳудудида дронлар топилди - дронлардан бири Москвадан тахминан 95 километр узоқликда, "Газпром" газ компрессор станцияси ёнига қулаган. Санкт-Петербургда қирувчи самолётларни ҳавога кўтариш зарурати юзага келди.

Москва вилоятининг Коломенский туманидаги Губастово қишлоғи яқинида учувчисиз учиш аппаратларидан бири қулаб тушди. Вилоят губернатори Андрей Воробёв Telegram'да хабар қилишича, "нишон фуқаролик инфратузилма объекти бўлган, у зарар кўрмади". Қурбонлар ва вайронагарчиликлар қайд этилмаган. Федерал хавфсизлик хизмати ("ФСБ") терговга қўшилди.

Ҳалокат содир бўлган жойдан унчалик узоқ бўлмаган ерда Россиянинг "Газпром" давлат корпорациясининг "Воскресенск" газ компрессор станцияси жойлашган. Компаниянинг таъкидлашича, ҳодиса "ҳеч қандай ҳолатда ишга таъсир қилмаган". "Ҳудудий газ тақсимлаш тармоқлари нормал ишламоқда", — дейилади матбуот хизмати хабарида. Портлаш содир бўлмади.

SHOT Telegram-каналига кўра, дрон "Газпром" станцияси панжарасидан бор-йўғи 10 метр масофада қулаган, Mash канали ўз навбатида, бу объектдан юз метр узоқликда содир бўлганини маълум қилган.

SHOT маълумотларига кўра, бу UJ-22 зарба берувчи УУА бўлиши мумкин. Бундай турдаги дронлар Украинанинг "УКРДЖЕТ" компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Уларнинг парвоз тезлиги соатига 160 километрга етиши мумкин, максимал парвоз баландлиги 6000 метрни ташкил қилади.

SHOT маълумотларига кўра, дрон ёнилғиси тугагани туфайли кескин тушиб кетган, дарахтларга илинган ва қаноти шикастланган. Дрон хорижда ишлаб чиқарилганлигини ТАСС'нинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси ҳам тасдиқлаган.

Губастоводан Москвагача бўлган масофа тахминан 95 километрни ташкил қилади.

28 февраль куни Ленинград вилоятидаги Санкт-Петербург осмони номаълум учар жисм аниқлангани сабабли вақтинча ёпилди.

Санкт-Петербургнинг Пулково аэропорти барча рейсларни тўхтатди. Шаҳарда чегарани ноқонуний кесиб ўтишда, шунингдек, ҳаво ҳудудида номаълум нарсалар пайдо бўлганда эълон қилинадиган "Ковер" режаси жорий этилди. Қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилиб, фуқаролик рейслари "кутиш зонаси"га ўтказилди.

Санкт-Петербург ҳукумати "Пулково аэропортида парвозларни 12 соатгача кечиктириш эълон қилингани", аэропортнинг ўзи ва унинг хизматлари "одатдагидек ишлаётгани" ҳақида хабар берди. 

"Фонтанка" нашри хабарига кўра, Санкт-Петербургдан 160-200 км узоқликда номаълум учар объект кузатилган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ўз каналлари орқали Пулково хизматига хабар берган. 

112 Telegram-каналига кўра, иккита қирувчи самолёт - Су-35 ва МиГ-31 ҳавода учиб юрган, номаълум объект эса катта дронга ўхшаган. Уни Фин кўрфази томонидан пайқашган. 

Мавзуга оид