Блинкен: “Россиянинг Украинага босқинидан Марказий Осиё аҳолиси катта жабр кўрди”
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Тошкентга сафари вақтида Kun.uz'га интервю берди. У РФнинг Украинага тажовузи оқибатларидан Марказий Осиё аҳолиси аксарият бошқаларга қараганда кўпроқ зарар кўрганини айтди. “Суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик принципларини ҳимоя қилиш муҳимлигини, биз шунинг учун ҳам Россияга санкциялар киритаётганимизни марказий осиёликлар жуда яхши тушунади, деб ўйлайман”, – деди у.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 1 март куни Тошкентга сафари давомида Kun.uz'га эксклюзив интервю берди. У интервю давомида Россиянинг Украинага босқинидан Марказий Осиё аҳолиси ҳам жиддий жабр кўраётгани, чунки Россия энергия ресурслари ва озиқ-овқат маҳсулотларини қурол қилиб ишлатаётганини таъкидлади.
“Биринчидан, Россиянинг Украинага ҳужуми оқибатларидан Марказий Осиё давлатлари ва минтақа аҳолиси аксарият бошқаларга қараганда кўпроқ зарар кўрди. Бу энг аввало президент Путин энергия ва озиқ-овқат маҳсулотларини Россиянинг Украинадаги тажовузкорлигига қарши чиққан мамлакатларга қарши қурол қилиб ишлатганида кўринади. Бу ҳамма жойда, жумладан айрим давлатларнинг энергетик жиҳатдан бой бўлишига қарамай, Марказий Осиёда ҳам нарх-навонинг ошишига олиб келди. Биз нархларни пасайтириш ва одамлар бундан зарар кўрмасликлари учун жаҳон бозорларида етарлича энергия сотилиши йўлида кўп ишларни амалга оширдик.
Иккинчидан, озиқ-овқат масаласи. Путин уни ҳам қурол сифатида ишлатди. Украина – дунёга дон етказиб берувчи асосий мамлакатлардан бири. Улар Одесса портини қўлга олиб, у ердан дон экспортини тўхтатиб қўйишди. БМТ ва Туркиянинг дон йўлагини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижасида ғалла экспорти қайта йўлга қўйилди. Бу ўз навбатида ҳамма учун нархларни пасайтирди”, – деди Блинкен.
АҚШнинг бош дипломати Россияга нисбатан киритилаётган санкциялардан мақсад – суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик принципларини ҳимоя қилиш эканини қайд этди.
“Дунё бўйлаб ўнлаб давлатлар кўрсатган агрессияси сабаб Россияга санкциялар жорий этяпти. Биз шунчаки кунларнинг бирида “о, Россияга санкциялар киритсак қандай яхши бўларди-а?” деган йўсинда бу қарорга келганимиз йўқ. Гап шундаки, улар бошқа бир давлатга бостириб кириб, унинг ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва суверенитетига хавф солишди. Дунё давлатларининг бунга қарши туриши муҳим эди. Ўйлайманки, суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик принципларини ҳимоя қилиш қанчалик муҳим эканини, биз шунинг учун ҳам санкциялар киритаётганимизни Марказий Осиё халқлари ҳам жуда яхши тушунади. Агрессияси учун санкциялар воситасида товон тўлаётган Россия агрессияни тўхтатиши, ўз фикрини ўзгартириши ва ўзи бошлаган урушни тугатишидан умид қиляпмиз.
Қолаверса, Россия билан эндиликда санкциялар билан тақиқланган йўналишлардаги бизнес алоқаларига эга компаниялар ёки мамлакатлар учун иккинчи ёки учинчи даражали оқибатлар борлиги ҳам ҳақиқат. Бу борада биз қатор мамлакатлар, хусусан Марказий Осиё давлатлари билан яқиндан иш олиб боряпмиз, уларга нима талаб этилиши ва нима талаб этилмаслигини тушунишларига ёрдам беряпмиз. Сиз айтганингиздек, айрим ҳолатларда узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган бизнес алоқаларини тўхтатиш учун вақт керак бўлади. Биз бундай компанияларга вақт беряпмиз. Қолаверса, санкцияларга қарамай, бизнесни давом эттириши учун лицензиялар беришимиз мумкин бўлган айрим ҳолатлар ҳам бор”, – деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Энтони Блинкен 28 феврал куни Остонада Марказий Осиё – АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг C5+1 форматидаги саммитида иштирок этди. 1 март куни Тошкентга ташриф буюриб, ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов билан учрашди, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.
Мавзуга оид
23:52 / 26.11.2024
АҚШда клиник ўлимдан омон қолган эркак вақт ўтиб жиноятчига айланди
18:19 / 26.11.2024
Boeing АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларидан 2,4 млрд долларлик буюртма олди
18:06 / 26.11.2024
Трамп Мексика, Канада ва Хитой товарларига бож жорий этилишини эълон қилди
07:53 / 26.11.2024