Жаҳон | 07:53
2242
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Доналд Трампга қарши иккита жиноий иш тўхтатилди

АҚШ Адлия вазирлиги Доналд Трампга нисбатан сайловга аралашиш ва махфий ҳужжатларни сақлаш бўйича жиноий ишлар тўхтатилганини эълон қилди.

Фото: Reuters

Махсус прокурор Жек Смит суддан Доналд Трампга қарши ишни тугатишни сўради. Бу ҳақда унинг ўзи 25 ноябр, душанба куни маълум қилди.

Смит судя Таня Чутканга сўровида АҚШ Конституцияси судланувчининг инаугурациясидан олдин ишни тугатишни талаб қилишини тушунтирган ва Чуткан ишни шу куниёқ расман тўхтатган.

Сайлов кампанияси вақтида Доналд Трамп Оқ уйга қайтиши биланоқ прокурор Жек Смитни ишдан бўшатишини айтганди.

Трампга қарши жиноий ва фуқаролик ишлари

Трамп жами тўртта жиноий иш бўйича айбланган. 25 ноябр куни иккита иш ёпилди: булар сиёсатчининг 2020 йилги президентлик сайловлари натижаларини ўзгартиришга уриниши ва махфий ҳужжатларни сақлашдаги қонунбузарлик билан боғлиқ.

Ню Йорк ва Жоржия штатларида ҳам Доналд Трампга қарши яна иккита иш қўзғатилган. Биринчисига кўра, собиқ президент бизнес ҳужжатларини қалбакилаштиришда айбланган. Ҳакамлар ҳайъати уни айбдор деб топган, шундан сўнг у қарор устидан шикоят қилган ва судя ишни тўхтатган.

Иккинчи ҳолатда Трамп 2020 йилда Жоржиядаги президентлик сайловлари натижаларига таъсир кўрсатишга уринишда айбланган.

Бундан ташқари, Доналд Трампга нисбатан иккита фуқаролик иши қўзғатилган. Улар 1990-йиллар охирида собиқ журналист Жин Кэроллга нисбатан жинсий тегажоғлик қилиш ва кейинчалик унга туҳмат билан боғлиқ.

Мавзуга оид