Boeing АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларидан 2,4 млрд долларлик буюртма олди
Компания 2028 йил охирига қадар 15 та KC-46 Pegasus ёнилғи қуювчи самолётини етказиб беради. Ушбу ҳаво кемалари эскирган самолётларини таркибдан чиқараётган Ҳарбий-ҳаво кучлари учун муҳим рол ўйнайди.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Boeing компанияси билан 15 та KC-46 Pegasus ёнилғи қуювчи самолётини ишлаб чиқариш бўйича 2,4 миллиард долларлик шартнома имзолади, деб хабар беради Defence News.
Самолётлар 2028 йил июн охирига тайёр бўлиши керак. Аввалроқ мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК) ихтиёрига 89 та KC-46 Pegasus топширилган эди ва ҲҲК жами бу турдаги моделлардан 179 та харид қилишни режалаштирган.
Таъкидланишича, ушбу самолёт эскирган ёнилғи қуювчи самолётларини таркибдан чиқараётган ва имкониятларини модернизация қилаётган Ҳарбий-ҳаво кучлари учун муҳим рол ўйнайди. Октябр ойида янги KC-46 Pegasus биринчи марта ҲҲКнинг тезкор тадбирларида илк бор иштирок этган.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари 2030 йилларда душман қурилмалари пайқашига йўқ қўймайдиган технология билан жиҳозланган янги авлод ёнилғи қуювчи самолётларини олишни режалаштирган — у жанг кетаётган хавфли ҳаво маконида ҳам фаолият юрита олади. Мазкур лойиҳадан ташқари олтинчи авлод қирувчи самолётлари ва дронларини ҳам харид қилиш режаси бор.
Маълум қилинишича, Boeing компанияси, шунингдек, Ҳарбий-денгиз кучларидан 1,7 миллиард долларлик яна бир шартномани олган — еттита P-8A Poseidon патрул самолётлари. Ушбу самолётлар, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Норвегия, Янги Зеландия қуролланишида мавжуд бўлиб, Жанубий Корея, Германия ва Канада ҳам ундан буюртма қилган. Умумий ҳисобда дунёда P-8A Poseidon’нинг 170 га яқини фаолият юритади.