«Жаҳоннинг иккинчи армияси»: Россия қуролли кучлари бу номни қандай орттирган?
24 феврал куни Россиянинг Украинага қарши кенг қамровли уруш бошлаганига бир йил тўлиши муносабати билан қилган чиқишида Володимир Зеленский шундай деди: «Украина уч кун ичида таслим бўлмади. У жаҳоннинг иккинчи армиясини тўхтата олди».
Сўнгги йилларда РФ мудофаа вазири Россия армияси «жаҳондаги энг замонавийси» деб атаган, Владимир Путин эса Россия ўз тарихида илк марта қуролланиш пойгаси бўйича «рақиблари»ни қувиш билан банд эмаслиги, аксинча, АҚШ ва бошқалар уларни етиб олиш учун қуваётганини таъкидлаган.
Украинадаги уруш эса армиянинг реал ҳолатини кўрсатиб берди. Урушгача бўлган шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилардан иборат армия катта йўқотишларга учради, сафарбар қилинганлар ва уларнинг қариндошлари эса тайёргарлик ва экипировка йўқлиги, антисанитария, яроқсиз қуроллардан шикоят қилишмоқда.
Шу сабабли Россия армиясини Украина медиаси «жаҳонда иккинчиси» деб писанда қилиб тилга олади. Улар «Жаҳоннинг иккинчи армияси» иборасини мем даражасига кўтариб, ҳаттоки бу ҳақда қўшиқ ҳам яратишди.
Россиянинг армияси жаҳонда иккинчи экани тўғрисидаги ғоя қаердан пайдо бўлган?
Чунки 2011 йилдан буён Россиянинг ҳарбий салоҳиятини Global Firepower шундай баҳолаб келади ва бу сайт ҳарбий экспертлар ичида бирор нуфузга эга эмас.
Унинг 2022 йилги маълумотларига кўра, Россия қуролли кучлари умумий ҳисобда жаҳонда иккинчи, танклар, артиллерия ва баравар ўт очиш реактив тизимлари сони бўйича биринчи ўринда туради. Украина билан урушда кўриниб қолган (аскарларни тайёрлаш, қўмондонлик, алоқа ва таъминот билан боғлиқ) камчиликлар ҳам якуний баҳога таъсир ўтказмаган.
Бу индексни ҳисоблаш учун Global Firepower қўшинларнинг ҳолати, мамлакатнинг жўғрофий жойлашуви, табиий ресурслар, армиянинг молиявий таъминоти ва бошқа 50 га яқин омилларни ҳисобга олади. Бу маълумотлар очиқ манбалардан, жумладан, ҳокимият баёнотларидан олинади. Яъни бундай маълумотлар доим ҳам тўлиқ ва тўғри бўлавермайди.
Нуфузли ҳарбий экспертлар умуман Global Firepower баҳолашларига эътибор беришмайди. Улар кўпроқ ҳар йили The Military Balance ҳисоботида эълон қилинадиган стратегик тадқиқотлар халқаро институти (IISS) маълумотларига асосланишади. IISS мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари, қуролланишда турган ва ишлаб чиқарилаётган техникаси, шунингдек, армия тузилмасини таҳлил қилади.
Ҳаттоки шу ҳисобот билан ҳам Россия армиясининг ҳолатига ҳаққоний баҳо бериш қийин. Агар қуролланишга харажатлар харид қобилияти паритетига солиштирилса, Россия АҚШ, Хитой ва Ҳиндистондан сўнг жаҳонда учинчи ё тўртинчи бўлади. Бироқ, умумий «қудрат» қўшиб ҳисобланганда — Россия барибир иккинчи ўринда, ядровий арсенали шарофати билан.
Фуқаролик-ҳарбий муносабатларга ихтисослашган Россия сиёсати тадқиқотчисига кўра, таҳлилчиларнинг хулосалари ўта шартли. Ҳар бир ҳарбий можаро уникал. Армиянинг ҳолатини техника сони ва бюджети ҳажми бўйича эмас, можаро контекстида — муайян жанговар вазифани бажаришига қараб баҳолаш керак.
Дейлик, «жаҳоннинг биринчи армияси» — АҚШ Афғонистонда «Толибон»ни енга олмади. Шу билан у қудратидан маҳрум бўлдими? Ёки у жанг қилишга энг лаёқатли армия сифатида ишончдан қолдими? Албатта, йўқ — шунчаки шу муайян урушда АҚШ ҳокими турли сабабларга кўра қўйилган вазифани уддалай олмади.
Кремл ўз армиясининг енгилмас эканига барчани қандай ишонтирган?
Қисқа жавоб: тузилма билан боғлиқ ислоҳотлар ва пиар ёрдамида.
Барчаси 2007 йилдан — Путиннинг машҳур «Мюнхендаги нутқ»идан бошланган. Ўшанда у ғарб давлатларининг сиёсатини қоралаб, НАТОнинг шарққа қараб кенгайишига тоқат қилиб бўлмаслигини айтган. РФ президенти очиқчасига Ғарб билан қарама-қаршиликни Россия ташқи сиёсатининг бош мотиви этиб эълон қилди. Бунда мантиқан иккинчи қадам милитаризация (қуролланиш) бўлиши керак эди ҳам.
2008 йилда Гуржистон билан уруш рўй берди. Бу уруш бошқа нарсалар қатори Россия армиясида қўшинлар бошқаруви, техника ҳолати ва таъминоти, алоқа билан боғлиқ ишлар жойида эмаслигини ҳам ошкор қилди. Ўша йил октябрида кенг қамровли ҳарбий ислоҳот бошланди.
Мудофаа вазири Анатолий Сердюков раҳбарлигида армия қисқартирилди, шартнома асосида хизмат йўлга қўйилди, армиянинг ташкилий тузилмаси ўзгартирилди. Дмитрий Медведев президентлиги даври (2008–2012 йиллар)да ҳарбий харажатлар шу қадар оширилдики, Путиннинг кўп йиллик молия вазири Алексей Кудрин жанжал кўтариб ҳукуматдан кетди.
2012 йилда «технократ» Сердюков ўрнига пиарни тушунадиган Сергей Шойгу келди. У Россия армиясининг ташқи кўринишига (янги техника, янги либослар) ва умуман имижига катта эътибор қарата бошлади. Шойгунинг қизи Ксения раҳбарлигида «Қаҳрамонлар пойгаси» ва танк биатлони ўтказила бошланди. Хорижий кузатувчилар ҳам таклиф қилинадиган ўқув машқлари кўпайтирилди. У ерда рус ҳарбийларининг янги маҳорати ва армиянинг имкониятлари намойиш қилина бошлади. Мудофаа вазирлигининг чиройли тасвирларга бой видеороликлари ижтимоий тармоқларда ва армияга оид сюжетлар «Звезда» телеканалида айлантирила бошланди.
2013 йилда «юқори аниқликдаги қурол» ишлаб чиқаришга бағишланган биринчи очиқ йиғилиш ўтказилди. 2018 йилга келиб, у энг янги қурол-яроғлар тақдимотини Федерал мажлисга мурожаатномасида намойиш этиш даражасига бориб етди... ва бутун дунёга таҳдид қилди: «Биз билан ҳеч ким моҳият бўйича гаплашишни истамади, бизни ҳеч ким эшитмади. Ана энди эшитиб кўринглар». Бу гаплар биринчи навбатда Путин ўн бир йил олдин ўзининг «Мюнхендаги нутқ»ида фош қилган АҚШга аталган эди.
Афтидан, шу пиар-стратегия доирасида ўша Global Firepower баҳоси кўпайтирилган. Айнан Кремл медиаси шарофати билан кўплаб тадқиқотчилар бу «рейтинг»дан воқиф бўлишди. Бу ерда жуда кўп ғалати нарсалар кўзга ташлана бошлади: ҳалигача бу рейтингни ким ва қайси услуб билан тузишини билмайди. Сайтда очиқчасига улар материалларни «тарихий ва кўнгилочар қиммати учун» эълон қилишаётганини ёзиб қўйишган. Сайт эгаси эса америкалик блогер, реклама ва кликбейтли сайтлар яратиш ортидан пул топадиган тадбиркор.
Шуниси эътиборга моликки, на Путин, на Шойгу Россия армияси дунёда энг зўр армия бўлишига даъвогар. Уларнинг наздида «жаҳоннинг иккинчи армияси» — «Қизил армия ҳаммадан кучли» каби пропагандистик мақтанчоқлик эмас, ҳушёр ва реал баҳодир.
Буларнинг барчаси иш бера бошлади. Россия ичида 2009 йилнинг октябридан 2021 йил августигача армияга ишонч 30 фоизга ўсди. Ҳарбий хизмат ижтимоий лифтга айланди. Бошқа мамлакатлар гипертовушли қурол борасида Россия биринчиликка чиқиб олгани учун асабийлаша бошлашди.
Бундан ташқари, Суриядаги урушда қатнашиш, Қрим аннексияси унга нечоғлиқ ахлоқий ва сиёсий нуқтайи назардан қаралмасин, Россия мураккаб ҳарбий операцияларни ўтказа олишини кўрсатиб берди. Россияда армия ва қирғин келтирувчи қурол фахрланиш белгисига, урушнинг ўзи эса — мемга айланди.
2022 йилга келиб Россия армияси бошқа давлатларда енгилмас машина сифатида қабул қилина бошлаганидан ҳайрон қолмаслик керак. Нафақат Россия олий раҳбарияти, кўплаб хорижий сиёсатчилар ҳам Киев туриб бера олмаслигига ишончи комил эди.
Лекин шу пайт нимадир бошқа йўлдан кетди...
Кремл ҳалигача «жаҳоннинг иккинчи армияси» Украинани мағлуб этишига ишонадими?
Биз бунинг аниғини билолмаймиз. Лекин армия барибир ҳамма нарсани уддалашига бўлган ишонч уларда урушни давом эттиришга рағбат уйғотмоқда.
Путинга ҳокимиятни ўзида сақлаб қолиши учун уруш давом этиши ҳар қандай ҳолатда зарур. Унинг учун бу урушда енгилиш — унинг мавжудлигига таҳдид, гарчи у онг остида бунга тайёр бўлса ҳам, дейди социолог Григорий Юдин.
Ҳарбий эксперт Павел Лузиннинг таъкидлашича, реваншизм ва ҳарбий куч Россия ҳокимияти легитимлигини таъминлаш учун бош усул бўлиб турибди. Бу трансформацияда бош ролни айнан 2010-йилларда «жаҳоннинг иккинчи армияси» тимсолини пропагандистик руҳда сингдириш хал қилувчи ролни ўйнаган.
Яна бир тадқиқотчи Украинага кенг миқёсда бостириб киришдан аввал Кремл Суриядаги операция ва Қримни тезкор аннексия қилиниши Россия армиясининг мисли кўрилмаган муваффақияти ўлароқ қабул қилинган. Ҳокимият учун буларнинг барчаси 2008 йилги ислоҳотлар армияни самаралироқ қилганининг тасдиғи бўлиб кўринган.
Лекин Украина билан уруш ўша урушларга асло ўхшамайдиган бўлиб чиқди. Россия армияси бундай урушга тайёр эмасди — чунки ўзи тайёргарлик кўрмаган. Кўриниб турибдики, барча режалар замонавий уруш жуда тез кечадиган тадбир деган ғояга асосланган. (Бу оҳанжама тилда Россиянинг амалдаги ҳарбий доктринасида ҳам ёзиб қўйилган). Боз устига, Украинадан умуман бирор бир жиддий қаршиликни кутишмаган ҳам.
Путин, афтидан, Россиядаги чиндан ҳам жаҳонда «муқобили йўқ» қурол борлиги (2010-йилларда тарқатилган пропаганда штампи)га чиндан ҳам ишониб қолганга ўхшайди. Уларда аслида умуман ҳеч нарса йўқ дегани эмас, албатта, лекин бир қатор нюанслар бор.
Россияда энг янги қурол-яроғлар бор, лекин жанг майдонида устунликни олиб берадиган миқдорда эмас. Экспертлар янги техникани қуролланишга қабул қилиш коррупция туфайли ўнлаб йилга чўзилганини таъкидлашмоқда. Мудофаа вазирлиги қурол-яроғ ишлаб чиқарувчилар билан йиллаб зиддиятга бориб келган. «Медуза» муҳаррири Дмитрий Кузнецнинг ҳикоя қилишича, уларга жуда қатъий техник топшириқлар билан ҳаддан зиёд талаблар қўйилган, улар эса ўз навбатида нархларни оширишган. Мудофаа вазирлиги «ноқулай» етказиб берувчиларни касод қилишга уринган. Оқибатда, энг янги Т-14 «Армата» танки етти йиллик қайта ишланмалардан сўнг ҳам қўшинларга етказиб берилмади.
Россияда АҚШнинг HIMARS ракета-артиллерия комплексига ўхшаш юқори аниқликдаги қурол-яроғи етарли миқдорда мавжуд эмас. Кўргазмаларда мақтанилган танкларни актив ҳимоя қилувчи комплекслар ҳам афтидан иш бермайди: Украинадаги жангларда қатнашаётган бирорта Россия танкида бу нарсага дуч келинмаган.
Фуқаролик-ҳарбий муносабатлар бўйича экспертнинг фикрича, «муқобили йўқ» қурол ҳақидаги риторика эса умуман таги бўш. У ёки бу технологиядан нечоғлик самарали фойдаланилаётгани муҳим. Масалан, Starlink бир йилдирки Украина ҳарбийларига ватанни ҳимоя қилиш учун ёрдам бериб келмоқда, ҳолбуки алоқа ташкиллаштиришнинг бошқа усуллари ҳам мавжуд. Яъни қўпол қилиб айтганда, унинг «муқобили бор». Лекин айни шароитларда айнан Starlink энг содда ва самарали алоқа конфигурациясини тақдим этмоқда.
Келиб чиқадики, Россия ҳокимияти қудратли армияга эгамиз деб ўз-ўзини ишонтирган ва бунга ишониб уруш бошлаган — энди уларга ортга юриш қилиш жуда қийин (аммо имконсиз эмас). Буни аниқроқ қилиб шундай айтиш мумкин: Россия ҳокимиятининг алоҳида тизимлари (Кремл, Мудофаа вазирлиги, пропаганда ва ҳ.к.) бир бирини ва атрофдаги оламни ўзининг қудрати ва самарадорлигига шу қадар ишонтиришга уринганки, алал-оқибатда ўз кучига адекват баҳо бера олмай қолган.
Украинадаги уруш чўзилиши, Киев ва Харкив остонаси ва Херсонни тарк этишни Кремл вақтинчалик қийинчилик сифатида қабул қилмоқда. 2022 йил охирида Мудофаа вазирлиги қуролли кучларда янги ислоҳот ўтказилишини, штат бирлиги кўпайтирилиши, янги ҳарбий округлар, дивизия ва корпуслар тузилишини эълон қилди. Кўплаб таҳлилчиларга кўра, Россия узоқ давом этадиган урушга тайёрланмоқда.
Financial Times’нинг Кремлга яқин манбалари таъкидлашича, Путин Ғарб Украинага ёрдам беришни бас қилишидан, Россия иқтисодиёти эса санкцияларга дош беришидан умидвор — шунда барча ҳарбий харажатлар ва ижтимоий эҳтиёжлар осонгина қопланади. Бу ҳолатда Россия президенти Россия қуролли кучларининг шу кундаги аҳволи суперсамарали «жаҳоннинг иккинчи армияси» образидан нақадар йироқлигини қисман англайди — чунки унинг атрофидагилар доираси жуда торайган ва унга ишларнинг реал аҳволини айтишдан қўрқишади.
Россия президенти мамлакатни парчалашни хоҳловчи НАТО ва душманлар бостириб киришидан жиддий тарзда ҳайиқади. Бу ҳисобга олинса, давлат томонидан қўлланаётган милитаризм— Шимолий Атлантика блоки ва Украинага ёрдам қўлини чўзган барчани чўчитишга уриниш. Эҳтимол, Кремлдагилар ҳамон барча нарсани қўрқув йўлида ишлатишда давом этишмоқда.
Лекин таҳлилчиларнинг ишончи комил: «жаҳоннинг иккинчи армияси»га на ҳарбий ислоҳот, на давомли уруш ёрдам бера олади — Ғарб давлатлари Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишмоқда. Агар ишлар шу зайлда кетса, Путиннинг сўнгги 15 йилда олиб борган милитаристик сиёсати улкан хато бўлиб чиқади. Бироқ буни у ҳеч қачон тан олмаса керак.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
20:43 / 13.11.2024