Дунёдаги энг йирик қочқинлар лагерида ёнғин: 12 минг киши бошпанасиз қолди
Бангладешдаги роҳингя мусулмонлари яшайдиган қочқинлар лагерида йирик ёнғин содир бўлди. Оқибатда 12 минг киши бошпанасиз қолган, уларнинг ярми ёш болалар.
BBC маълумотига кўра, ёнғин суюлтирилган газ баллони портлашидан келиб чиққан. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. New York Times'га кўра офат оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган, лекин лагердаги вазият кескинлашган.
Бангладеш жануби-шарқида жойлашган бу ҳудуд дунёдаги энг катта қочоқлар лагери ҳисобланади. У ерда асосан қўшни Мянмадаги қатағондан қочиб борган роҳингя мусулмонлари яшайди.
Бангладеш қочоқлар билан ишлаш комиссари Мижанур Раҳмоннинг маълумот беришича, ёнғин жуда тез тарқалиб, икки мингта палатка, кулба ва бостирмалар ёниб кетган. Оқибатда 12 минг роҳингя мусулмонлари бошпанасиз қолган.
Бангладешда бўлиб турган Халқаро миграция ташкилоти вакили Самуэл Фалсиснинг айтишича, палаткаларда яшаётган роҳингя мусулмонлари ёнғин сабаб бор-будидан айрилган. Лагердаги кичик мактаб, овқат тарқатилаётган марказ ва ҳожатхоналар ҳам олов ичида қолган. UNICEF маълумотига кўра, бошпанасиз қолганларнинг ярми ёш болалар.
Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин овқат пишириладиган жойда газ баллон портлашидан келиб чиққан. Ҳозирда ёнғин содир бўлган ҳудудларни тозалаб, у ерда янги чодирлар тикиш учун бамбук ва брезент олиб келинган.
Бангладешдаги бу лагерда Мянмадаги қатағондан қочиб борган 1 миллиондан ортиқ роҳингя мусулмонлари яшайди.
Охирги вақтларда лагерда вазият шусиз ҳам ёмон эди. Одамлар тўйиб овқатланмаслиги сабабли кўплаб касалликлар тарқалган. Мянмадаги Роҳин штати яқинида ташкил қилинган чодирларга сув тошқинлари ҳам кўп марта хавф солган.
Бангладеш лагердаги қочоқларга фуқаролик бермаган. Улар чодирлардан иборат лагерда ёки унинг ташқарисида пул ишлаб топа олишмайди. Бангладеш ҳукумати қочоқлар лагердан ташқарига овқат ва пул излаб чиқадиган бўлса, тартибсизликлар юзага келишидан хавотирланади. Чунки охирги вақтларда халқаро ёрдам миқдори камайиб кетган. Шу боис, Бангладеш донор мамлакатлардан қочоқларни озиқ-овқат билан таъминлашда кўпроқ ёрдам беришни сўрамоқда.
Лагерда ярим ёшдан ошган болалар ва катталар Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида бир ой учун 12 доллардан пул олиб келган. Бу пул овқат олиш учун ваучерлар кўринишида тарқатилади. Ҳозир мана шу пул ҳам ойига 10 долларгача тушиб кетган. Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Бангладеш бўйича масъули Доменико Скапеллига кўра, юқоридаги ажратилаётган пул атиги икки долларга камайса ҳам, бу қочоқларнинг овқатланиш рационига жиддий таъсир кўрсатади.
Аввалроқ қочоқлар лагерида ёнғинга ёки турли табиий офатларга чидамли қилиб доимий турар жойлар қуриш масаласи ҳам кўтарилганди. Аммо Бангладеш томони кейинчалик мамлакатда ижтимоий муаммолар келиб чиқмаслиги учун бунга рози бўлмаган.
Мавзуга оид
18:12 / 24.11.2024
Филиппин пойтахтида ёнғин бошланди: мингга яқин уй ёниб кетди
08:55 / 23.11.2024
Тошкент туманидаги цехда ёнғин содир бўлди
23:39 / 20.11.2024
Тошкентда ресторан дудбўронида ёнғин чиқди
23:39 / 12.11.2024