Жаҳон | 20:42 / 08.03.2023
13019
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қутқарувчи итларининг Туркиядаги хизмати эътироф этилди 

Ит вайроналар остида тирик одамни топса баланд овозда ҳуради, жасадни топса инграйди. 

Фото: Anadolu Agency

Туркияда вайрон бўлган уйлар остидан одамларни қутқаришда Ўзбекистондан келган махсус ўргатилган итлар муҳим рол ўйнади. Бу ҳақда Anadolu агентлиги ёзди. 

Қаҳрамонмарашда содир бўлган ҳалокатли зилзила зонасида ўзбекистонлик кинологларнинг меҳнати туфайли 18 киши қутқарилди. 

Ҳатайдаги Антокия шаҳри, Овакент маҳалласида одамларни қидиришда иштирок этган кинолог Убайдулла Рўзметов Туркиядаги тажрибаларини айтиб берди. 

Рўзметов табиий офат ҳудудида «Барон» лақабли ит билан ишлади. Ўзбекистон қидирув-қутқарув гуруҳида жами 5 та ит билан кинологлар ишлади ва улар вайроналар остидан одамларни топишга ёрдам берди. 

Ўзбекистонлик қутқарувчилар табиий офат ҳудудига етиб борганидан дарҳол ишга киришди. Шу куни итлар ёрдамида 81 ёшли аёл вайроналар остидан қутқариб олинди. 

Рўзметов биринчи марта бундай катта ҳалокатни кўрганини тан олди. 

«Ўргатилган итлар вайроналар остидаги тешикларга, қутқарувчилар етиб бора олмайдиган тор жойларга кириши мумкин. Ит вайроналар остида одамни топса, дарҳол овоз беради: тирик одамни топса баланд овозда ҳуради, жасадни топса инграйди», деди у. 

6 феврал куни Туркиянинг жануби-шарқида магнитудаси 7 баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлди. 8 март ҳолатига зилзила қурбонлари сони 46 минг кишидан ошди. 

Мавзуга оид