Тошкентда етти давлат махсус вакиллари Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди
Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар махсус вакилларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Афғонистондаги мавжуд вазият муҳокама қилинди. Асосий эътибор ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини тезкорлик билан кўрсатиш, Афғонистонни минтақавий ўзаро боғлиқлик жараёнларига фаолроқ жалб этиш, Кобулнинг янги ҳукумати томонидан афғон аёлларига нисбатан уларнинг ҳуқуқларини чекловчи чораларни қайта кўриб чиқишга қаратилди.
Томонлар афғон аёлларининг меҳнат ва таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш Афғонистон янги жамиятининг ажралмас қисмига айланиши, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни якуний қарор топтиришга ҳисса қўшиши кераклигини таъкидладилар.
Делегациялар Ўзбекистоннинг БМТ шафелигида томонларнинг ўз мажбуриятларини босқичма-босқич бажаришга қаратилган алгоритмни тайёрлаш ва Афғонистон ҳукумати билан келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббусини ижобий қайд этдилар.
Иштирокчилар Афғонистонда жойлашган барча террорчилик гуруҳлари минтақавий ва глобал хавфсизликка жиддий таҳдид солишда давом этаётганини таъкидлаб, амалдаги де-факто афғон ҳукуматидан мамлакатдаги террорчилик гуруҳларини йўқ қилиш бўйича янада самаралироқ чоралар кўришга қатъий чақирдилар.
Томонлар Афғонистон муваққат ҳукуматининг наркотик таҳдиди кучайиб кетишининг олдини олиш, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва ноқонуний айланишига қарши курашни фаоллаштириш бўйича самарали чоралар кўришда давом этиши муҳимлигини таъкидладилар.
Тадбирда Тунсин Декларациясига мувофиқ, Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг 4-йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Йиғилиш якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.
Мавзуга оид
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
21:44 / 09.11.2024