Жаҳон | 09:53 / 09.03.2023
3572
3 дақиқада ўқилади

Боррелнинг янги режаси: Евроиттифоқ Украинага ўқ-дорилар етказиб беришни тезлаштиради

Украинага ўқ-дорилар етказиб беришни кўпайтириш ва тезлаштириш керак - Европа Иттифоқининг барча давлатлари бунга рози. Улар Боррелнинг икки ҳафта ичида ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши керак бўлган янги режасини қўллаб-қувватладилар.

Жозеп Боррел/ Фото: AP

8 март, чоршанба куни Стокҳолмда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи мудофаа вазирларининг норасмий учрашувида Украинага ўқ-дорилар етказиб бериш жараёнини тезлаштиришга қарор қилинди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел якуний матбуот анжуманида маълум қилди. У 2 миллиард евролик таклифини вазирларга тақдим этган ва улар уни қўллаб-қувватлаган.

Боррелнинг таклифи уч қисмдан иборат. Биринчиси: Украинага ўқ-дориларни топширишга тайёр бўлган Европа Иттифоқи давлатларининг миллий захираларини тўлдириш учун Европа Тинчлик Жамғармасидан 1 миллиард евро ажратиш. Иккинчидан: Европа мудофаа агентлиги орқали ўз захираларини тўлдириш ва ўрта муддатда Украинани ўқ-дорилар билан таъминлаш учун артиллерия снарядларини харид қилиш бўйича умумий келишилган ёндашувни ишлаб чиқиш. Боррелнинг сўзларига кўра, жамоавий ёндашув ўқ-дорилар нархини пасайтириш ва етказиб бериш муддатини қисқартиришга ёрдам беради. Ушбу мақсадлар учун Европа Тинчлик Жамғармасидан яна 1 миллиард евро ажратиш таклиф қилинмоқда.

Режанинг учинчи қисми Европа Иттифоқи мамлакатлари армияларининг эҳтиёжларини қондириш учун мудофаа саноати салоҳиятини оширишдан иборат. Янги пакет тафсилотлари 20 ва 21 март кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар ва мудофаа вазирликлари раҳбарлари кенгашида ишлаб чиқилади.

«Биз уруш даврида яшаяпмиз ва бизга ҳарбий менталитет керак, - деди Боррел. - Биз ўқ-дорилар ҳақида гапиришимиз керак, чунки Украинада уруш давом этмоқда». Стокҳолмдаги йиғилишнинг баъзи иштирокчилари ҳатто «уруш даври иқтисодиёти» иборасини ишлатишди.

Германия мудофаа вазири Борис Писториус унинг фикрига қатъиян қўшилмади: «Европа Иттифоқи ҳам, Германия ҳам урушда эмас. «Уруш иқтисодиёти» биз ҳамма нарсани қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришга бўйсундиришимизни англатади ва бу мутлақо нотўғри сигнал бўлади».

Ушбу ёндашув тарафдорлари орасида Европа Иттифоқининг ички бозор бўйича комиссари Тьерри Бретон ҳам бор. «Ҳозир Украинани қўллаб-қувватлаш нуқтайи назаридан ҳал қилувчи дақиқа. Биз таъминот ва мудофаа саноати нуқтайи назаридан уруш иқтисодиёти режимига ўтишимиз керак. Биз Украинани, айниқса, ўқ-дорилар билан таъминлаш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», деди у.

Бретон Европа Иттифоқи молия сектори ҳозирда мудофаа саноатини қўллаб-қувватлаш қанчалик муҳимлиги тўғрисида келишиб олишига умид билдирди ва яқин кун ҳамда ҳафталарда Европа Иттифоқининг барча 15 мудофаа идорасига «ҳамма бу мақсадга эришишга тайёр эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун»ташриф буюришга ваъда берди. «Мамлакатлар Украинани ўз захираларидан ўқ-дорилар билан таъминлашда давом этишлари учун саноат уларни қоплашга қодирлигига ишонч ҳосил қилишлари керак», деб тушунтирди Европа комиссари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид