Жаҳон | 12:27 / 09.03.2023
11303
3 дақиқада ўқилади

Гуржистондаги ҳукмрон партия «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунни қайтариб олди

Охирги икки кундан бери минглаб одамлар Тбилисида парламент олдида Гуржистондаги авторитар ўзгаришларни назарда тутувчи қонун лойиҳасига қарши намойиш ўтказмоқда.

Фото: Reuters

Гуржистон ҳукмрон партияси «Гуржистон орзуси» парламентдаги кўпчилик партиялар қатори икки кун давом этган оммавий норозилик намойишлари ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг «чет эл агентлари» тўғрисидаги мунозарали қонун лойиҳасидан воз кечишини айтди. Бу ҳақда 9 март, пайшанба куни эрталаб «Гуржистон орзуси» партияси вакилларига таяниб, Reuters хабар бермоқда

«Қабул қилинган қонун лойиҳаси жамиятда баҳс-мунозараларга сабаб бўлганини кўряпмиз. Ёлғонлар машинаси қонун лойиҳасини салбий кўринишда тақдим этиб, аҳолининг маълум қисмини чалғитишга муваффақ бўлди», - дейилади «Рустави 2» телеканали иқтибос келтирган партияларнинг қўшма баёнотида. Қонун чиқарувлар фикрига кўра, ҳужжат «Россия қонуни» деб нотўғри тамғаланган ва унинг биринчи ўқишда қабул қилиниши жамоатчиликнинг бир қисми назарида Европа йўналишидан чекиниш сифатида кўрсатилган». 

Партиялар, шунингдек, ўнг радикал кучларни ёшларнинг бир қисмини «ноқонуний ишларга» жалб қилишда айблади. 

Қонун лойиҳаси Россиянинг тегишли қонунчилигига ўхшаш эди ва мамлакатдаги авторитар ўзгаришларни ифодалайди.

Пойтахт Тбилисида 9 март, пайшанбага ўтар кечаси «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши намойишчилар полиция билан тўқнашди. Намойишчиларни тарқатиш учун хавфсизлик кучлари бир кун олдин бўлгани каби сув пуркагичлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқин гранаталаридан фойдаланган. Намойишчилар кўчаларни баррикадалар билан тўсиб қўйишга ҳаракат қилишди, уларнинг баъзилари Гуржистон махсус кучларига қарата турли буюмлар улоқтиришди.

Намойиш пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 76 киши ҳибсга олинган, уларнинг барчаси майда безорилик ва полицияга бўйсунмаслик маъмурий моддалари бўйича айбланмоқда. Яна бир киши полиция ходимларига ҳужум қилганликда гумонланиб қўлга олинди. Намойишчилар билан тўқнашувда 50 га яқин полициячи яралангани айтилмоқда. Гуржистон Ички ишлар вазирлиги яраланган намойишчиларнинг аниқ сонини айтмади.

Баҳсли қонун лойиҳалари Гуржистон парламентига «Халқ кучи» жамоат ҳаракати томонидан киритилган. У мамлакатда Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кўп ўтмай пайдо бўлди ва мақсадларидан бири сифатида «либерал мафкура тарғиботи» ва «Ғарбнинг Гуржистонни урушга тортиш истаги»га қарши курашни белгилади. Қонун лойиҳаларини «Халқ кучи» билан биргаликда парламентдаги мутлақ кўпчилик ўринларга эга бўлган ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси қўллаб-қувватлади.

Мавзуга оид