Жаҳон | 17:05 / 10.03.2023
10304
3 дақиқада ўқилади

Европа комиссари: Путин Молдова ва Европа Иттифоқини йўқ қилмоқчи

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи ва Молдова хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Россия таҳдидларига жавоб бериш стратегиясини ишлаб чиқиш учун Европа Иттифоқи вазирлари таркибида Брюсселда махсус ёрдам маркази йиғилди.

Россия президенти Владимир Путин нафақат Украина, украинлар ва украин маданиятини йўқ қилмоқчи, балки «Европа Иттифоқини ва Молдовани йўқ қилиш, беқарорлаштириш, бўлиш»ни ҳам хоҳлайди, деб маълум қилди 10 март, жума куни Европанинг ички ишлар бўйича комиссари Илва Йоханссон Брюсселда Молдова ички ишлар вазири Анна Ревенко билан қўшма матбуот анжуманида, деб ёзмоқда DW.

«Биз Путиннинг ғалаба қозонишига йўл қўймаймиз, - деди Йоханссон. - Шунинг учун Украина учун курашамиз ва Путинга қарши қатъий турибмиз, шу сабабли Молдова билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимиз жуда муҳим». У Молдова Европанинг ички хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлади. 

Молдова ҳар куни гибрид урушнинг кўринишларини ҳис қилмоқда, деди Анна Ревенко. «Биз Москва, манфаат гуруҳлари ва қочқин олигархлар Молдовадаги демократик курсни ўзгартириш учун беқарорлик даражасини оширишга бор куч ва ресурсларини қандай жамлаётганини кўряпмиз», деди у. Вазир бу таҳдидларни фақат Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда бартараф этиш мумкинлигини таъкидлаб, уларга қарши янада самаралироқ кураш олиб боришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, энди марказнинг вазифаси қисқа ва ўрта муддатли жавоб стратегияларини ишлаб чиқишдан иборат. 

Матбуот анжуманидан кўп ўтмай Молдовада Европа Иттифоқининг ички хавфсизлик ва чегара бошқарувини қўллаб-қувватлаш марказининг йиғилиши бошланди. Унда Европа Иттифоқи мамлакатлари вазирлари ва бошқа юқори мартабали амалдорлари Молдова ва ЕИга Россиядан келаётган таҳдидларга қарши кураш чораларини муҳокама қилдилар. Бундай форматдаги учрашув биринчи марта Брюсселда шундай даражада бўлиб ўтди - бунгача марказ Кишинёвда тўрт марта учрашган. 

Молдовада Европа Иттифоқининг ички хавфсизлик ва чегара бошқарувини қўллаб-қувватлаш маркази 2022 йил июль ойида ташкил этилган. Россия таҳдидидан ташқари, у уюшган жиноятчиликка, жумладан, ўқотар қуролларнинг ноқонуний савдоси ва одам савдосига қарши курашиш учун мўлжалланган. Ушбу ҳамкорлик доирасида Молдова Европолнинг ўндан ортиқ йирик текширувларида муваффақиятли иштирок этмоқда ва унинг чегараларини Европа Иттифоқининг Frontex ташқи чегара хизмати 82 нафар зобити қўриқлайди, деди Йоханссон. 

2023 йилда Брюссел Кишинёв билан Молдовадаги гибрид таҳдидлар ва инқирозларни бошқаришга эътибор қаратган ҳолда хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ниятида. 

Мавзуга оид