Жамият | 19:28 / 11.03.2023
25710
5 дақиқада ўқилади

«Ҳаммаси илмсизликдан» — муфтий Нуриддин Холиқназаров мазҳаблар борасидаги тортишувлар ҳақида

Фото: KUN.UZ

Кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган, эътиқодга салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, ёшларни тўғри йўлдан адаштириши мумкин бўлган таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров томонидан «Ихтилофлар ва ечимлар» номли туркум суҳбатлар доирасида «Мазҳабга эргашишнинг зарурати ва фойдалари» мавзусида суҳбат ташкил қилинди. 

Унда ҳозирги кунда халқимизнинг мазҳабга эргашиши муҳимлиги, фойдалари ва мазҳабсизлик зарарлари тўғрисида сўз борди.

«Энг катта мусибат — мусулмон умматининг ихтилофи, тортишуви. Чунки бу оятга хилоф. Қуръони каримда айтилади: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «Арқон»ини маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…» («Оли Имрон» сураси, 103-оят).

Аллоҳнинг арқони бу — шариат, Қуръон ва ҳадис. Мана шуни маҳкам ушланг, бир-бирингиз билан ихтилофга борманг деб Аллоҳ таоло Қуръонда алоҳида оят буюрган. Пайғамбар (с.а.в) ҳам бир нечта ҳадисда умматни тортишмасликка, ихтилофга бормасликка чақиради. Мусулмон мусулмон кишини куфрда айбламаслиги керак. Яхши гумонда бўлиш лозим… 

Нега битта ватанда яшаб, бир масжидга кириб, бир имомга эргашиб, битта қиблага юзланиб туриб, биз ҳаммамиз турлича бўлишимиз керак? Агар қадимдан бизнинг диёримизда ҳар хил мазҳаблар бўлганда эди, буни табиий қабул қилардик. Бу Шофиъий экан, Моликий эканда деган фикрлар қилардик. Аммо бир неча асрдирки, барчамиз Ҳанафий мазҳабида келяпмиз. Эътибор берилса, қачонки «мазҳаб керак эмас» деган ҳолатлардагина ихтилоф келиб чиққанига гувоҳ бўлиш мумкин. Унгача тортишув бўлмаган. Бир хил одамларда «Пайғамбаримиз (с.а.в) вақтида мазҳаб бўлганми?», «уларнинг ўзлари қайси мазҳабда бўлганлар?» деган саволни бериб, мазҳабларда турганларни ҳайрон қолдиришга, мот қилишга ҳаракат бор. 

Табиийки, биз уларга «Расулуллоҳ (с.а.в) даврларида мазҳаблар бўлмаган» деб жавоб берамиз. Кейин эса улар «унда нега Пайғамбар (с.а.в)нинг йўли, ҳадислари қолиб, сиз Ҳанафий, Моликий, Шофиъий мазҳабларини танлашингиз керак» деган даъволарни қилади. Буларнинг ҳаммаси эса илмсизликдан.

Мазҳаб сўзи арабчадан олинган бўлиб, «йўл», «йўналиш» деган маъноларни билдиради. Пайғамбар (с.а.в) даврида уларнинг ўзлари ҳар бир саволга жавоб берган. Агар саҳобалар бирор саволга жавоб топишда қийналса, тўғридан тўғри уларга мурожаат қилишган. У зот ҳар бирини тушунтириб берган. Бу орқали эса саҳобаларнинг орасида турли тортишувлар, ихтилофларнинг олди олинган. Лекин ўша даврнинг ўзида ҳам саҳобалар Пайғамбар (с.а.в)нинг сўзларини турлича тушунган, ҳар хил қабул қилган. Бу табиий нарса эди. Мана шундан мазҳаб келиб чиққан. Яъни турли хил тушуниш оқибатида мазҳаблар юзага келган. 

Имом Бухорий ривоят қилади. “Ибн Умар нақл қиладирлар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандақ ғазотидан қайтганларидан сўнг: «Бирор киши Баний Қурайзага етиб олмагунча аср намозини ўқимасин!» дедилар. Баъзи бировлар асрни йўлда ўқиди, баъзилар: «Бормагунча ўқимаймиз», дейишди, яна айримлар: «Ўқийвергаймиз, «Намоз ўқимангиз!» деганларидан мақсад, манзилга тезроқ етиб олмоқдир», дейишди. Кейин, бу гапни Расулуллоҳ (с.а.в)га етказишди. Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в) уларнинг бирортасини ҳам койимадилар”.

Бу ҳадисни ҳам худди ўша даврдагидек ҳамма ҳар хил тушуниши мумкин…

Шунингдек, муфтий уламоларнинг 4 та мазҳаб ҳам (Ҳанафий, Моликий, Шофиъий, ҳанбалий) Аллоҳнинг ризолигига етишишга йўлланма беришини қайд этиб келишини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари тўрттала мазҳаб ҳам аслида ҳақ эканлиги ва уларни камситишга ҳеч кимга ҳуқуқ берилиши мумкин эмаслиги, фақат улар ўз юртида халқига манфаат келтириб тургани жиҳатидан амал қилиниши қайд этилди.

«Битта юртда битта мазҳаб тарқаб, ҳамма шунда ибодат қилаётган бўлса, шуни (мазҳабни) ушлаш керак. Шунда тортишув-жанжал бўлмайди», деди муфтий Холиқназаров. 

Мавзуга оид