Жаҳон | 22:36 / 11.03.2023
51773
3 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда ўзбекистонлик эркак грузинлар томонидан ўлдириб кетилгани айтилмоқда

Федерал қидирув бюросига кўра, қотилликка товламачилик сабаб бўлган. 2022 йилнинг 26 июнь куни бедарак йўқолган Шеҳроз Тоҳировнинг жасади 2023 йил 21 февраль куни топилган.

Шеҳроз Тоҳиров қидирилаётгани ҳақидаги полиция хабарномаси
Фото: Америка овози

Бруклин туманида истиқомат қилган, 2022 йилнинг 26 июнида бедарак кетган 43 яшар Шеҳроз Тоҳировнинг жасади 21 февраль куни Бруклиндан қарийб 200 километр олисдаги Элленвил шаҳрида жойлашган уйнинг орқа ҳовлисидан топилган. Маълум бўлишича, жасад отиб ўлдирилган шахсга тегишли бўлиб, қотиллик санаси Тоҳиров йўқолган кунга тўғри келмоқда.

Федерал прокуратурага кўра, жасад топилган жой рус мафияси (АҚШда келиб чиқиши собиқ иттифоққа тақалувчилардан иборат жиноий тўдаларни рус мафияси деб аташади)нинг қўналғаси бўлгани тахмин қилинмоқда. Жиноят иши Федерал қидирув бюросининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича Евросиё гуруҳи томонидан тергов қилинган.

 “New York Daily News” суд ҳужжатларига таянган ҳолда қотилликда гумонланиб қўлга олинган Шломо Патчиев ва унинг мамлакатдан қочиб кетган, исми ошкор қилинмаётган шериги Шеҳроз Тоҳиров йўқолишидан олдин у билан учрашгани ва 500 минг доллар талаб қилгани ҳақида ёзган. Полиция буни товламачилик сифатида малакалаган. Томонларни қимматбаҳо соатлар савдоси боғлаб тургани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилган жой
Фото: NYPD/Google

Қидирув-суриштирув хулосасида Тоҳиров 25 июнь куни эрталаб уйидан қўлида қора сумкада 100 минг доллар атрофида нақд пул билан чиққани келтирилган. Терговда аниқланишича, у Патчиевнинг шеригига ана шу маблағни, банк ҳисобидан ечилган яна 30 минг доллар (20 минг долларлик банк чеки ва 10 минг доллар нақд пул) ва «Мерседес-Бенз» русумли автомашинасини бериб, икки бизнес шеригини тинчлантиришга умид қилган.

Тоҳиров қарзини ўз вақтида қайтармаса машинаси ҳамкорлари номига ўтказилишига розилик бериши ҳақидаги ҳужжат Бруклиндаги нотариал идора томонидан расмийлаштирилган.

Федерал агентлар томонидан ўзбекистонлик эркакнинг жасади иккита катта сумкага жойлаб кўмилгани айтилмоқда. Маҳаллий полицияга кўра ушбу сумкалар Грузияга учиб кетган гумонланувчилардан бири Тоҳиров ўлдирилган куни кеч соат 20:40 ларда Бруклиндан сотиб олган сумкалари билан бир хил.

 Бошига ўқ узилган Шеҳроз Тоҳировнинг жасади суратдаги уйнинг ҳовлисига кўмиб ташланган
Фото: Hudsonvalley.news

ОАВнинг ёзишича, Грузияга учиб кетаётган пайтда гумонланувчилардан бирининг ёнидан 26500 доллар нақд пул ва уяли телефон олиб қўйилган. Телефон аппарати текширилганда унда икки гумонланувчи ва жабрланувчи ўртасидаги ёзишмалар чиққан. Жабрланувчи имзолаган нотариус ҳужжатининг фотонусхаси ва катта миқдордаги нақд пулнинг видеотасвирлари ҳам бўлган.

Иш судга оширилган. Бироқ прокуратура томонидан тақдим этилган кўплаб далиллар Патчиев жиноятни яширган ва қотилликка алоқадор одамлигини тасдиқлаб турган бўлса-да, суд далилларни етарли эмас деб топган. Шу боис Патчиев 350 минг доллар миқдоридаги гаров эвазига қўйиб юборилган

Мавзуга оид