Жаҳон | 07:50 / 11.03.2023
10924
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Украина учун ўқ-дорилар қаердан олинишини маълум қилди

Европа Иттифоқи Украинага етишмаётган ўқ-дориларни қандай етказиб беришни ўйлаб топди. Режа яқин вақт ичида тасдиқланади: давлатлар ўзларида бўлган ҳамма нарсани Киевга ўтказиши, май ойи бошигача янги етказиб бериш бўйича буюртмаларни бериши керак.

Фото: Reuters

10 март, жума куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси Украинага 3-5 ойлик уруш учун 1 миллион 155 калибрли артиллерия снарядлари етарли бўлиши кераклигини айтди. Бу Киевнинг икки ой ичида бир миллион снаряд тугаши ҳақидаги расмий ҳисоб-китобларига зид келади. Европа Иттифоқи расмийсининг таъкидлашича, у Украинанинг уруш ҳозирги босқичидан жуда тез чиқиб кетишини ҳисобга олади, бунда артиллерия ҳал қилувчи роль ўйнайди. «Қуролли тўқнашувда иштирок этаётган томон қанчалик кўп мудофаа позициясини эгалласа, унга шунча кўп снаряд керак бўлади. Бироқ, жаҳон кўмаги билан Украина бу позициядан чиқади», деб тушунтирди у.

Аммо Украина ўз иттифоқчиларидан олган қурол тизимлари билан қарши ҳужумга киришишидан олдин, унга зудлик билан ўқ-дорилар керак. Европа Иттифоқи мамлакатларида қанча захира борлиги номаълум, чунки бу махфий маълумот, аммо Брюсселнинг айтишича, баъзи мамлакатларда деярли ҳеч нарса қолмаган. Шунга қарамай, режа муаллифлари ЕИга аъзо давлатлар мавжуд барча снарядларни Киевга ўтказишига умид қилмоқда ва уларни тўлдиришни кафолатлашга тайёр.

Украина учун ўқ-дориларни биргаликда сотиб олиш лойиҳаси учта босқичга мўлжалланган. Биринчи босқичда Брюссел Европа тинчлик жамғармасидан ўз ўқ-дориларини имкон қадар тезроқ Украинага ўтказишга тайёр бўлган ЕИ давлатларининг миллий захираларини тўлдириш учун 1 миллиард евро ажратади. Гап артиллерия снарядлари ҳақида кетмоқда. Ушбу босқичда Европа Иттифоқи мамлакатларга харажатларининг 50 фоиздан 60 фоизигача компенсация беришга тайёр.

Иккинчи босқич: Европа Мудофаа агентлигидан Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибасига таянган ҳолда ўқ-дориларни биргаликда сотиб олиш платформаси сифатида фойдаланиш. Шартномалар фақат Европа Иттифоқи давлатларининг мудофаа компаниялари билан тузилиши керак. Ушбу мақсадлар учун Европа тинчлик жамғармасидан яна 1 миллиард евро ажратилиши мумкин, аммо бу фонддан мамлакатларга фақат Украинага снарядлар сотиб олиш учун компенсация тўланади. Европа Иттифоқи давлатларининг ўз қўшинлари учун мўлжалланган харидларга улар ўзлари тўлаши керак.

Коллектив асосда катта буюртмалар ўқ-дорилар нархини пасайтиришга ва етказиб бериш вақтини қисқартиришга ёрдам бериши лозим. Еврокомиссия биринчи буюртмалар май ойигача амалга оширилишига умид қилмоқда.

Режанинг учинчи қисми Европа Иттифоқи мамлакатлари армияларининг эҳтиёжларини қондириш учун мудофаа саноати салоҳиятини оширишдан иборат. Бу иккинчиси билан чамбарчас боғлиқ, чунки янги қувватларни ишга тушириш учун компанияларга аниқ шартномалар ва янги бозор ҳолатини тушуниш керак, у урушдан олдинги ҳолатдан жуда фарқ қилади.

Мавзуга оид