Кинога кўчган ҳаёт: асир тушган фашист аскари Англия футболида қандай порлаган эди?
1949 йилда Англиянинг «Манчестер Сити» футбол жамоаси британияликларга қарши жанг қилиб асир тушган германиялик Берт Траутманн билан шартнома имзолайди. Жамоа мухлислари фашистлар армияси собиқ аскари билан шартнома тузган раҳбариятдан қаттиқ дарғазаб бўлишади ва бу ишга қарши намойиш ўтказишади. Бироқ раҳбарият ўз қарорида қатъий туради. Ўшангача ҳаваскор футболчи бўлган Берт маҳоратли дарвозабон эканини исботлайди ва кейинчалик Англияда йил футболчиси деб топилади.
1949 йил, октябр. «Манчестер Сити» футбол жамоаси офиси олдига кўп минг сонли мухлис йиғилади. Улар «Йўқолсин фриц», «Биз фашистни жамоамизда кўришни хоҳламаймиз», «Немис даф бўлсин, акс ҳолда бойкот эълон қиламиз», деб бақиришарди.
Мухлислар жамоа раҳбариятидан бироз аввал германиялик собиқ ҳарбий асир Берт Траутманн билан тузилган шартномани бекор қилишни талаб қилишади.
Ўшанда унинг «Манчестер Сити»да тўп тепишини хоҳламаган 20 минг мухлис шаҳар кўчалари бўйлаб намойиш уюштиради. Ўйинларни томоша қилиш учун стадионга тушмаслигини айтиб, клуб хўжайинларига босим ўтказади. Бироқ раҳбарият ортга чекинмайди ва немис футболчисини жамоада олиб қолади.
Кейинчалик ана шу ўйинчи «Манчестер Сити» афсонасига айланади. Дарвозабон бўлган ҳолда хорижликлардан биринчи бўлиб Англияда йил футболчиси деб топилади.
Бундан ташқари, Берт 2005 йилда Англия футболи шон-шараф залидан ўрин олади. Шу тариқа иккинчи жаҳон уруши якунида Британия ҳарбийларига асир тушган немис аскари моҳир дарвозабон бўлиб етишади ва Англияда довруқ қозонади.
Бертнинг ёшлиги ва Англияга келиб қолиши
Берт Траутманн 1923 йилда Германия шимолидаги Бремен шаҳрида муҳандис оиласида туғилади. У мактаб ўқиб юрган пайтларида Германияда ҳокимият тепасига Ҳитлер бошлиқ нацистлар келишади.
Шундан сўнг ота-онаси Бертни ҳукмрон национал-социалистлар томонидан ташкил этилган «Юнгфольк» махсус мактабига беради. Ўсмир ёшига етганда у Ҳитлернинг миллатчилик ва босқинчилик ғояси ўқитиладиган «Ҳитлерюгенд» ташкилотига аъзо бўлади.
Ёшлигида турли спорт турлари билан шуғулланган Берт енгил атлетика мусобақасида ғолиб чиқади ва Германия президенти Паул фон Гидербург имзоси туширилган сертификат билан тақдирланади.
1938 йилда Берт Берлинда ўсмирлар ўртасида ўтказилган олимпия ўйинларида учта йўналиш – 60 метрга югуриш, узунликка сакраш ва граната улоқтириш мусобақаларида иккинчи ўринни эгаллайди.
1941 йилда 18 ёшга тўлган Берт ўз ихтиёри билан армияга кетади. Ҳарбий тайёргарликдан ўтгач у ҳаракатдаги армия сафига юборилади. Берт тўрт йил давомида аввалига шарқий фронтда, сўнг ғарбий фронтда десантчи аскар сифатида жангларда қатнашади.
Украина ҳудудидаги жанглардан бирида у совет қўшинлари томонидан асирга олинади. Берт асирлар лагеридан қочишга муваффақ бўлади ва ортга қайтади. Фашистлар армиясига қайта қўшилгач, уни ғарбий фронтга юборишади.
1944 йилда Берт французларга асир тушади ва у ердан ҳам қочади. 1945 йил март ойида у британиялик ҳарбийлар томонидан учинчи марта асирга олинади. Бертдан ишчи кучи сифатида фойдаланиш учун уни Англиядаги Ланкашир графлигида жойлашган қамоқхонага жўнатиб юборишади.
Футболчилик фаолиятининг бошланиши
Берт Англиядаги қамоқхонада бўлганида немислар томонидан бомбардимон қилинган биноларни тиклашда қатнашар, дам олиш вақтларида бошқа асирлар билан футбол ўйнаб турарди.
У аввалига ярим ҳимоячи ампуласида тўп тепади. Навбатдаги ўйинда жамоаси дарвозабони жароҳат олгани учун майдонга чиқа олмайди. Дарвозада Берт туради ва у буни ажойиб тарзда уддалайди. Шундан сўнг кейинги ўйинларда ҳам дарвозани Бертга ишониб топширишади.
1948 йилда Британия ҳукумати кўплаб немис асирлар қатори Бертни ҳам озод қилади. Бироқ у Германияга қайтишни хоҳламайди ва қамоқхона жойлашган шаҳарчада яшовчи Маргарет исмли қизга уйланади.
Шундан сўнг қайнотаси Бертни ўз фермасига ишга олади. Сўнг куёвини ўзи ишлайдиган маҳаллий «Сент-Хеленс Таун» ҳаваскорлар жамоасига таклиф этади.
Ўшанда аввалига «Сент-Хеленс Таун» жамоасининг аксарият мухлислари собиқ фашистлар армияси аскарининг ўз жамоаларида ўйнашига норози бўлишади.
Аммо Бертнинг дастлабки ўйинларда дарвозани жуда ишонч билан қўриқлагани мухлисларнинг ҳовурини бироз босади. Кейинчалик Берт ўз маҳоратини ошириб боравергач мухлисларнинг севимли футболчисига айланади.
«Манчестер Сити» сафида
Берт «Сент-Хеленс Таун» жамоасида бир мавсум ўйнагач 1949 йилда «Манчестер Сити» билан шартнома имзолайди. Унинг бу жамоага ўтиши тарихи қуйидагича.
Мавсум якунлангач «Сент-Хеленс Таун» «Манчестер Сити» билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ана шу ўйинда Берт Траутманн ўзининг ишончли ўйинлари билан «Манчестер Сити» мураббийи ва раҳбариятининг эътиборини тортади. Улар 26 ёшли Бертни жамоага таклиф этишга қарор қилишади.
1949 йил кузда «Манчестер Сити» Берт билан шартнома имзолайди. Бир йил аввал «Сент-Хеленс Таун» жамоаси мухлислари билан содир бўлган иш «Манчестер Сити»да баттарроқ кўринишда такрорланади.
Жамоа мухлислари фашистлар армиясининг собиқ аскари билан шартнома тузилгани учун норозилик намойиши ўтказишади. Унда 20 мингдан ошиқ мухлис қатнашади.
Намойиш чоғида мухлислар агар жамоа раҳбарияти «фашист аскари» билан шартномани бекор қилмаса стадионга тушмаслик билан таҳдид қилишади.
Асосан мухлисларга сотиладиган чипта пулига кун кўрадиган жамоа учун бу таҳдид анча жиддий ҳисобланарди. Бироқ «Манчестер Сити» раҳбарияти ён бермайди ва Берт жамоада қолади.
Шундан сўнг бир неча ўйинда жамоа стадионига анча кам мухлис тушади. Бироқ Бертнинг дарвозани ишонч билан қўриқлаши овоза бўлавергач мухлисларларнинг асосий қисми уни кечиришади.
Бошқалари эса унга таҳдидли мактублар жўнатишда давом этишади. Кўча-кўйда кўриб қолишса ҳақорат қилишади. Берт буларнинг барчасига чидайди.
Ўша пайтларда «Манчестер Сити» ўртамиёна, ҳатто ундан ҳам паст жамоа ҳисобланарди. Берт ўйнаган биринчи мавсумда жамоа иккинчи дивизионга тушиб кетади.
Бироқ айнан Бертнинг ишончли ўйинлари эвазига жамоа кейинги йилдаёқ биринчи дивизионга қайтади. Орадан бир неча йил ўтиб 1955 ва 1956 йилларда кетма-кет икки марта Англия кубоги финалига чиқади.
1955 йилда жамоа финалда «Ньюкасл»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлади. 1956 йилда эса «Уэмбли» стадионида 100 минг нафар мухлис қаршисида «Бирмингем Сити» жамоаси 3:1 ҳисобида мағлуб этилади.
Бертни дунёга машҳур қилган ҳодиса айнан «Бирмингем Сити» билан ўтказилган финал ўйинида содир бўлади. Ўйин тугашига 15 минут қолганда Берт «Биргингем Сити» ўйинчиси Питер Мерфи билан тўқнашиб йиқилади ва ҳушини йўқотади. Уни зўрға ўзига келтиришади.
Мураббий қанча қистамасин Берт ўйинни тарк этишни хоҳламайди. Чунки бу пайтга келиб жамоа барча алмаштиришларни амалга ошириб бўлган, Берт ўйиндан чиқса «Манчестер Сити» ўн киши бўлиб қоларди.
Шу сабабли у ўйинни давом эттиради ва танасидаги кучли оғриқ билан ўйин якунигача майдонда қолади.
Ўйин тугагач Бертни дарҳол шифохонага олиб боришади. Ўтказилган текширувларда Бертнинг бўйин қисмидаги умурқалардан бири сингани ва ўйиннинг қолган қисмини у шу ҳолида ўтказгани маълум бўлади.
Маълум бўлишича бундай пайтда битта кескин ҳаракат ҳам Бертни бир умрлик ногирон қилиб қўйиши ёки у вафот этиши мумкин экан. Ўша пайтда Бертнинг бу қаҳрамонлиги ҳақида барча газеталар ёзиб чиқади.
Англиянинг энг яхши ўйинчиси
Мамлакат кубоги қўлга киритилгандан сўнг кўп ўтмай Англия футбол журналистлари ассоциацияси томонидан Берт Англиянинг энг яхши ўйинчиси деб топилади.
Маълумот учун, бу соврин 1948 йилда ташкил этилган бўлиб, уни биринчи бўлиб ўша пайтда «Блэкпул» жамоасида ўйнаган Стэнли Мэтьюз қўлга киритган. Совриннинг сўнгги соҳиби «Ливерпул» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ҳисобланади.
Соврин эгаси Англиядаги бир неча юз нафар футбол журналистлари томонидан бериладиган овозга қараб аниқланади. Энг кўп овоз олган футболчи соврин эгаси бўлади.
Бертгача ва ундан сўнг 1981 йилгача бир неча нафар шотландиялик футболчини айтмаганда ушбу совринни фақат англиялик футболчилар қўлга киритган.
Берт Траутманн «Манчестер Сити» дарвозасини 15 йил қўриқлайди ва 1964 йилда жамоани тарк этади. У манчестерликлар сафида жами 545 та ўйин ўтказади.
Бертнинг кейинги фаолияти
Берт «Манчестер Сити»дан кетгач қуйи дивизион вакили «Веллингтон Таун» сафида бир йил ўйнайди ва футболчилик фаолиятини тугатиб мураббийлик қила бошлайди.
Берт аввалига қуйи дивизионда ўйнайдиган «Стокпорт Каунти», сўнг Германиянинг Мюнстер шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган «Проссен», Рюссельсхайм шаҳрининг «Опел» жамоасига мураббийлик қилади.
Жамоалар билан ҳеч нарсага эриша олмаган Берт 1972-1974 йилларда Бирма, 1978-1980 йилларда Либерия, 1980-1983 йилларда Покистон терма жамоаларини бошқаради. Миллий жамоалар билан ҳам айтарли ютуққа эриша олмагач у нафақага чиқади.
2004 йилда Берт Траутманн Германия ва Британия ўртасида яқин дўстона муносабатлар ўрнатилишида қўшган ҳиссаси учун Британия Империяси ордени билан тақдирланади.
2005 йилда у Англия футболи шон-шарафи залига киритилган. Бундай юксак шарафга Буюк Британия таркибида бўлмаган давлатлар фуқароларидан 14 нафар футболчи киритилган.
Булар, германиялик Берт Траутманн, франциялик Эрик Кантона, Патрик Виейра, Тьери Анри, даниялик Петер Шамейхел, ирландиялик Рой Кин, Денис Ирвин, Марк Лоуренсон, Пол Макграт, Жонни Жайлз, Лиам Брейди, аргентиналик Освалдо Ардилес, нидерландиялик Денис Бергкамп, италиялик Дарио Гради.
Берт Траутманн 2013 йилда 89 ёшида Испаниядаги уйида вафот этади.
Берт Траутманн ҳақида фильм
2017 йилда таниқли немис режиссёри Маркус Х. Розенмюллер Бертнинг ҳаёти ҳақида «Дарвозабон» (The Keeper) фильмини суратга ола бошлайди. Фильмда асосан унинг Англияда тўп тепган даври ҳикоя қилинади.
Фильм тақдимоти 2018 йилда Цюрихдаги кинофестивалда ўтказилади. У 2019 йил март ойида Германияда, апрел ойида Буюк Британияда катта экранларга чиқарилади. Бош ролларни германиялик таниқли актёр Дэвид Кросс ва шотландиялик актриса Фрейя Мавор ижро этган.
Фильмда унинг ўзидан олинган интервьюдан ҳам кадрлар ишлатилган. Унда айрим ҳодисаларни кексайиб қолган Бертнинг ўзи айтиб беради.
Фильм кинотанқидчилар томонидан ижобий баҳоланади. Фильм ижодкорлари ўнга яқин кинофестивалларда турли совринларни қўлга киритишган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
11:13 / 10.11.2024
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» олдинлаб кетди. Кун ўйинлари
13:17 / 06.11.2024
ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди
12:33 / 03.11.2024
АПЛда сенсациялар куни, Ҳусановда илк қизил. Кун ўйинлари
12:39 / 24.10.2024