ОАВ: Теҳрон ва Москва Эронга Су-35 қирувчилари етказиб бериш бўйича келишувга эришди
Россия Эронга Су-35 қирувчи самолётларини етказиб беради. Эрон ҳукумати Москва билан келишувга эришилгани ҳақида эълон қилди, Россия томони ҳозирча келишув ҳақида расман изоҳ бермади.
«Су-35 қирувчилари Эрон фойдаланиши учун техник жиҳатдан яроқли ва ниҳоят Эрон уларни сотиб олиш бўйича келишувни тасдиқлади», дея БМТдаги Эрон миссиясининг аноним ходими сўзларини келтирган маҳаллий IRIB телеканали.
Эрон матбуоти манбаси келишув қийматини очиқламаган ва тафсилотларни келтирмаган. Унинг қўшимча қилишича, Эрон бошқа мамлакатлардан ҳам ҳарбий самолётлар харид қилишга қизиқмоқда.
Айни вақтда Эрон ҳарбий-ҳаво кучларида атиги бир неча ўн жанговар самолёт бор - булар Россияда ишлаб чиқарилган ва 1979 йилда ислом инқилобидан кейин Эронда қолган америкача эски моделлардир.
2018 йилда Эрон ўзининг Kowsar русумли қирувчи самолётини ишлаб чиқаришни бошлагани ҳақида маълум қилганди. Айрим экспертларнинг айтишича, Kowsar - АҚШ 1960-йилларда ишлаб чиқаришни бошлаган F-15 самолётининг кўчирмасидир.
Россия ва Эрон ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик Ғарбни жиддий ташвишлантирмоқда. Ўтган йил охирида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Жон Кирби бу икки мамлакат бир-бирига бемисл даражада ҳарбий кўмак кўрсата бошлаганини айтганди.
Россия президенти Владимир Путин ўтган йил июлида Теҳронда Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Хоминаий билан учрашганди ва ўшанда Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин Ғарбнинг ўсаётган босими туфайли мамлакатларнинг яқинлашуви зарурати ҳақида гапирганди.
Бир ой ўтиб, август ойида, АҚШ разведкаси Теҳрон Москвага Украинадаги нишонларга зарба бериш учун камикадзе дронлар етказиб бера бошлаганини хабар қилди.
Аввалига томонлар бу маълумотни қатъиян рад этишди, аммо кўп ўтмай Украина ҳудуди ва объектлари эронликлар ишлаб чиқарган Shahed-31 ва Shahed-36 русумли дронлар ҳужумига учради. Эрон эса Россияга чекланган миқдорда учувчисиз учиш қурилмалари етказиб берганини тан олди, аммо бу урушдан олдин бўлганига ишонтирмоқчи бўлди.
Кирбининг маълумотига кўра, Эрон ва Россия ўшандаёқ биргаликда дрон ишлаб чиқариш масаласини муҳокама қилган.
Феврал ойи ўрталарида Британиянинг Guardian нашри Эрон Россияга узоқ масофага ҳаракатланувчи дронларининг янги моделини юбораётгани ҳақида хабар берди. Газета манбалари тасдиқлашича, гап энди камикадзе дронлар ҳақида эмас, балки узоқ масофадан туриб ракета учиришга қодир бўлган нисбатан мураккаб учувчисиз учиш қурилмалари ҳақида бормоқда.
Мақолада шунингдек ўтган йил ноябрида россиялик 10 зобитдан иборат делегация Эронга ташриф буюргани ҳақида айтилади. Газетанинг ёзишича, уларга Эрон ҳарбий технологиясининг барча имкониятлари намойиш этилган, россияликлар эса 200 километр масофага ҳаракатланиб, ҳар бир қанотида иккитадан ракета олиб юришга мўлжалланган Mohajer-6 дронларини танлаган.
Америка разведкаси Россия ва Эрон мудофаа секторлари яқинлашаётгани ҳақида қўшимча маълумотларга эга бўлган. Шу кунларда CNN манбаларга таянган ҳолда Россия Украинада қўлга киритилган ғарб қуролларини ўрганиш учун Эронга юборган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.
2022 йил давомида АҚШ, НАТО ва Ғарбдаги бошқа расмийлар Россия қўшинлари Javelin русумли танкка қарши қурилмалар ва зенит тизимларини қўлга киритиши билан боғлиқ бир неча ҳолатларни қайд этган. CNN суҳбатдоши Россия кўп ҳолларда Эронга қурол юборгани, Эрон ҳарбийлари эса уларнинг нусхаларини яратиш учун уни ўрганиб чиққанини айтган.
Мавзуга оид
14:15 / 06.11.2024
Эрон: Агар Исроил сулҳга рози бўлса, Теҳроннинг жавоби ўзгариши мумкин
19:40 / 05.11.2024
Эрон иккита сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
08:50 / 05.11.2024
WSJ: Эрон армия иштирокида Исроилга «кучли» ҳужум тайёрламоқда
21:37 / 31.10.2024