Ўзбекистон | 12:02 / 13.03.2023
9340
3 дақиқада ўқилади

Санаторий ва курортга йўлланма, бепул операция ҳамда дорилар. Ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оиласига берилаётган янги имтиёзлар

Шавкат Мирзиёев томонидан 13 март куни имзоланган фармонда ҳар бир ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг оиласи оталиққа олиниши кўзда тутилган.

Фармонга мувофиқ, давлат бюджетидан Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Электрон технологияларни ривожлантириш марказига ажратилган маблағлар ва бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан:

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) оила аъзолари Ўзбекистон ҳудудидаги санаторий-курорт муассасалари ва болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида йилига бир марта бепул соғломлаштирилади;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) оила аъзоларига шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб йилига бир марта дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) оила аъзолари орасида оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлганларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ йилига бир марта дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади.

Президент фармонида Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Электрон технологияларни ривожлантириш маркази ҳар бир ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) оиласини оталиққа олиши белгиланган.

Бунда:

  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларидан хабар олиш, уларни уй-жой билан таъминлаш,
  • ишга жойлашиш, таълим олиш, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ҳамда бошқа долзарб масалаларни ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, шу фармон ва бошқа ҳужжатларда белгиланган имтиёз ҳамда кафолатлардан фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатиб бориш кўзда тутилган.

Масъул вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари ушбу вазифалар ижроси учун шахсан жавобгар этиб белгиланган. Масъул вазирлик ва идораларда умумий штатлар сони доирасида уларнинг биринчи раҳбарларига шу вазифаларни бажаришга кўмаклашадиган маслаҳатчи лавозими киритилади ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оилалари билан доимий алоқани ўрнатиш учун ишонч телефонлари ишга туширилади.

Мудофаа вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда ишчи гуруҳлар тузган ҳолда:

  • икки ой муддатда мазкур Фармоннинг 1, 2 ва 3-бандларида назарда тутилган ҳар бир имтиёз ва кафолатни тақдим этиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланади;
  • 2023 йил 1 декабрга қадар “Фахрийлар тўғрисида”ги, “Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Мавзуга оид