Украина Қуролли кучлари (ҚК) позицияларига 2024 йил январ ойида Запорижжя вилоятида қилинган ҳужум пайтида украин ҳарбий асирини ўлдирганликда айбланган Россия ҳарбий хизматчиси Дмитрий Курашов умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу қарорни 6 ноябр куни Запорижжядаги Заводской туман суди эълон қилди, деб хабар берди DW мухбири суд залидан. Курашов бир ой ичида ушбу ҳукмга апелляция тартибида шикоят киритиши мумкин. Ҳукмни судялар ҳайъати — Олга Погребная, Алла Завиновская ва Руслан Синелник чиқарди.

Энг оғир жазо — умрбод қамоқни прокурор Никита Маневский сўради. “Айбланувчининг қилмишга муносабати ҳақида бирор нарса дейиш қийин, чунки у ҳеч қандай тушунтириш бермади, — деди Маневский октябрдаги мунозаралар пайтида. — Шу билан бирга, ҳеч қандай тавба-надомат аломатлари кўринмади — суд жараёни давомида айбланувчи бефарқликдан бошқа нарсани намоён этмади”.

Дмитрий Курашов судда кўрсатма бермади. Бироқ унинг ҳимоячиси Анна Карпенко айбланувчи “қилган ишига танқидий муносабатда” экани, “чин дилдан афсусда” экани ва жиноят очилишига кўмаклашганини таъкидлаб, жазони енгиллаштиришни сўради. “Терговдан олдинги босқичда менинг мижозим ҳужум бошланишидан аввал қўмондонлик асирларга қандай муомала қилишни тушунтирмаганини айтган. Аксинча, ҳужум пайтида ҳеч кимни асирга олмаслик буйруғи бўлган. Шу боис, менимча, Курашов ўзини буйруқни бажаряпман, деб ўйлаган”, — деди адвокат. Унинг қўшимча қилишича, Курашов шок ҳолатида бўлган ва ҚҚ ҳарбийси таслим бўлаётганини англамаган. Ҳимоячи Курашовга уруш қоидалари ва урф-одатларини бузиш моддаси бўйича белгиланган минимал жазони қўллашни сўради.

26 ёшли “Сталкер” тахаллусли Курашов уруш қоидалари ва одатларини бузиш, яъни қасддан одам ўлдиришда айбланди. Айбловга кўра, 2024 йил 6 январ тонгда Курашов бўлган Россиянинг “Шторм-V” отряди Запорижжя вилояти Пологовский туманининг Приютное қишлоғи атрофидаги украин позицияларига ҳужум қилди. Бу позицияларни 127-алоҳида ҳудудий мудофаа бригадаси жангчилари ушлаб турарди.

Руслар позицияни эгаллагач, украин ҳарбийларидан бири — 41 ёшли Виталий Г. қуролини ташлаб, қўлларини кўтариб чиққан ва Курашов талаби билан тиз чўккан, дейилади 2024 йил ноябрда ўқилган айблов хулосасида. Ўшанда Курашов асирни камида уч марта нишонга олиб отиб ўлдиргани айтилган.

Илк мажлисда Курашов айбини тан олди, бироқ кўрсатма беришдан бош тортди. Танаффусда журналистларга у айбини “суд жараёнини тезлаштириш учун” тан олганини, чунки асирлар алмашинувига умид боғлаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қуролсиз украин ҳарбийсини гўё гуруҳнинг “Седой” тахаллусли фелдшери отган, у тез орада ҳалок бўлган, ўлдиришнинг сабабини эса жароҳатланган украин жангчисини даволаш имкони бўлмагани билан изоҳлаган.