Ўзбекистон | 12:05 / 15.03.2023
11262
4 дақиқада ўқилади

“Шахсий сир, мулк ва ҳаёт дахлсизлиги кафолатланади” – депутат 

Янги таҳрирдаги конституцияда ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Бугунги кунда телекоммуникация тармоқлари ва ахборот технологиялари ривожлангани сари ахборот ва маълумотларни узатиш, тарқатиш жараёнлари осонлашиб, халқ ичида оммалашиб бормоқда. Ҳозирда 30 миллиондан ортиқ юртдошимиз мобил алоқадан фойдаланади. Афсуски, ижтимоий тармоқ ҳамда интернет сайтларида шахснинг шахсий ва оилавий сирига оид маълумотлари унинг розилигисиз олиниши, тарқатилишига гувоҳ бўляпмиз. Бунинг оқибатида кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз шахсий ҳаётига, шахсига доир маълумотларнинг тарқалишига оид ҳуқуқбузарликдан жабр кўришяпти. 

Бундай шароитда фуқароларнинг шахсий ва биометрик маълумотларини, ёзишмаларини сақлаш ва тарқатилишида ташқи таъсирлардан ҳимоя зарурати юзага келмоқда. Шу нуқтаи назардан конституцияда дахлсизлик ҳуқуқи сифатида шахсий, оилавий сир ва маълумотларнинг ноқонуний тўпланиши ва тарқалиб кетиши чекланмоқда.

Шунингдек, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар сир сақланиши ҳуқуқи бериляпти. Бу ҳуқуқнинг чекланишига эса фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. 

Эндиликда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Бундан ташқари, ҳеч кимнинг уй-жойига унда яшовчи шахсларнинг рухсатисиз кириш мумкин эмаслиги ҳам конституциявий норма сифатида мустаҳкамланмоқда: уй-жойга киришга, тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Буни уй-жойга бўлган ҳуқуқ дахлсизлиги дейиш мумкин.

 Бир неча йиллардан буён жамиятимизда “снос” билан боғлиқ муаммо долзарблик касб этаётганди. Бунга оқилона ечим сифатида ҳеч ким суднинг қарорисиз уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳамда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши ҳам мустаҳкамланмоқда.

Нима учун тинтув ўтказиш ва телефон сўзлашувини эшитишга санкция бериш ваколати прокурордан судга ўтказилмоқда? Инсон туғилганидан бошлаб ҳаёти давомида у ҳақидаги маълумотлар бирор-бир жойда “из” қолдиради: шифохонада, ФҲДЁ бўлимларида, боғчада, мактабда, қайсидир ташкилотларда, кундалик фойдаланадиган ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда, маълумотлар базаларида шахснинг фото, видео, аудио, ёзма ёки электрон шаклидаги шахсга доир маълумотлари мавжуд. Шу сабабли ҳам тергов органига фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашиб, унинг телефон сўзлашувини эшитиш бўйича ўзи мустақил қарор қабул қилиш ваколатини бериб бўлмайди. Албатта, тийиб турувчи механизмлар керак. Эндиликда бу тартибга солиниб, тинтув ва телефон сўзлашувини эшитиш доираси суд томонидан белгиланиши, бунга қай даражада зарурият борлиги судья томонидан баҳоланиши белгиланмоқда.

Янгиланаётган конституциянинг 31-моддаси билан инсоннинг шахсий сир, мулк ва ҳаёт дахлсизлиги тўлиқ кафолатланади. 

Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодиёт фанлари доктори.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид