Жаҳон | 13:21 / 15.03.2023
23100
6 дақиқада ўқилади

WP: Украина кенг кўламли юриш учун етарли кучга эга бўлмаслиги мумкин

Украина армияси бир йил ичида катта йўқотишларга учраган. Олдинги чизиққа жанг кўрмаган янги аскарлар юборилмоқда.

Фото: John Moore / Getty Images

Кенг кўламли урушнинг бир йили давомида Украина қуролли кучлари катта йўқотишларга учраган. The Washington Post газетаси Ғарбдаги мулозимларга таяниб ёзишича, Украинанинг 120 мингга яқин аскари ҳалок бўлган ёки яраланиб сафдан чиққан (декабр ойида Киев расман, 10-13 минг ҳарбийси ҳалок бўлганини хабар қилганди). Бу эса, ўз навбатида, қўшинларнинг умумий сифати пасайишига олиб келмоқда, чунки олдинги чизиқда амалда тажрибали жангчилар қолмаган. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари, Россия босқинининг илк даврида бўлгани каби қурол-яроғ етишмовчилигини бошдан кечирмоқда, Украина иттифоқчилари йўқотишлар ўрнини тўлдира олмаяпти.

The Washington Post нашрининг ёзишича, Украина раҳбариятида ва ҳарбийларида Украина қуролли кучлари армиядан бир неча ойдан буён кутилаётган йирик қарши ҳужумни уюштира олишига шубҳа пайдо бўлган.

«Бу ёки қирғин ва жасадлар уюмидан иборат бўлади, ёки профессионал қарши ҳужум. Икки вариант бор. Нима бўлганда ҳам қарши ҳужум уюштирилади», — дейди журналистларга 46-десант-штурм бригадаси батальонининг «Купол» лақабли командири.

Ушбу ҳарбийнинг сўзларига кўра, кенг кўламли босқиннинг бир йили давомида унинг батальони шахсий таркиби тўлиқ янгиланган. Россия босқини арафасида сафда бўлган 500 жангчидан энди ҳеч ким қолмаган — 100 киши ҳалок бўлган, қолганлар жароҳат олган. «Купол»нинг бўлинмаси жангларда чиниқмаган сафарбар қилинганлар билан тўлдирилган, унинг ўзи батальонда ҳарбий ҳаракатларда тажрибага эга бўлган ягона профессионал ҳарбй бўлиб қолган.

«Урушда энг қадрли нарса — бу жанговар тажрибадир. Ярим йиллик ҳарбий ҳаракатлардан ўтган аскар ва полигондан келган аскар — булар турлича аскарлардир. Фарқи осмон ва ердек. [Олдинги чизиқда] жангларда чиниққан аскарлар эса — бармоқ билан санарли. Афсуски, кўпчилик аллақачон ҳалок бўлган ёки яраланган».

Батальон командири тасдиқлашича, янги чақирилганлар ҳарбий ҳаракатларга тайёр эмас. «Мен 100 нафар янги жангчи қабул қиламан ва уларни тайёрлашга ҳам вақт берилмайди. Менга айтишади: „Уларни жангга олиб бор“. [Жангда эса] янги келганлар шунчаки барчасини ташлайди ва қочиб қолади. Тамом вассалом. Биласизми нима учун? Чунки бу аскарлар жанг кўрмаган. Мен сўрайман: „Нима учун?“ У эса айтади: „Мен ўқ овозидан қўрқаман“. Ва қандайдир сабабга кўра у ҳатто граната отиб кўрмаган», — дейди ҳарбий. Унинг қўшимча қилишича, олдинги чизиқда ўқ-дори ҳам етишмаяпти, жумладан артиллерия ва миномёт снарядлари.

Яна бир украиналик ҳарбий хизматчи — 36-денгиз пиёдалари бригадасидан бўлган Дмиро — The Washington Post нашрига, унинг қисмида ҳам жуда кўп янги келган аскарлар борлиги ва улар «окопдан бош кўтаришдан ҳам қўрқиши» ҳақида айтиб берди. Бир сафар унинг жангчилари позицияни ташлаб қочиб кетишган. «Улар шу қадар саросимага тушиб қолишганди», — дейди у.

Журналистлар гаплашган айрим украиналик мулозимлар ҳам Украина қуролли кучларининг йирик юриши истиқболларига шубҳа билан қараган. Улардан бири Ғарб мамлакатлари Украинага етказиб беришни ваъда қилган танклар сони «рамзий» даражада эканини айтган. Бошқа бири эса қуроллар жанг майдонига ўз вақтида етиб келишига шубҳа билан қарамоқда.

«Агар сизда катта ресурслар бўлса, сиз фаоллик билан ҳужум қиласиз. Агар сизда ресурслар камроқ  бўлса, сиз кўпроқ ҳимояланасиз. Шунинг учун, агар шахсан мендан сўрайдиган бўлсангиз, мен катта юриш бўлишига ишонмайман. Бунга ишонишни истардим, аммо мен ресурсларга қарайман ва сўрайман: „Нима билан [юриш қиламиз]?“» — деган The Washington Post манбаларидан бири.

Аммо расмийлар ва экспертлар орасида бошқача фикрда бўлганлар ҳам бор. The Washington Post нашрининг америкалик манбаларидан бири, жанг майдонидаги ҳозирги вазият Украина қуролли кучларининг ҳолатини тўлиқ акс эттирмаслигини, чунки юриш қиладиган қўшинлар алоҳида тайёрланаётганини айтади — уларни атайлаб жангларга ташлашмаяпти, жумладан улар Бахмут мудофаасида иштирок этмаяпти. Украиналик мулозимлардан бири журналистларга, Бахмут учун жанглардан мақсад— Россия армиясини ҳолдан тойдириш экани, шаҳар мудофаасидаги украин ҳарбийлари бўлажак юришда иштирок этмаслигини таъкидлайди.

«Бири ҳимояланади, бошқаси тайёрланади», — дея хулоса қилган Украина қуролли кучлари қўмондони, генерал-полковник Олександр Сирский. Унинг сўзларига кўра, мудофаа линиясини ушлаб туриш захира кучларни тайёрлаш учун зарур бўлган вақтдан ютишга ёрдам беради. The Washington Post нашри қайд этишича, 2023 йилда Буюк Британия ва Евроиттифоқ давлатларида 50 минг украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш режалаштирилмоқда.

The Washington Post нашри Россия армияси ҳам қийинчиликларга учраётгани ва Украина қуролли кучлари каби ўқ-дорилар ва шахсий таркиб тақчиллигини ҳис қилаётганини таъкидлайди. Қолаверса, Ғарбдаги айрим мулозимлар Россия армиясининг ҳолати украинларникидан ёмонроқ деб ҳисоблайди. Хусусан, Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллеснинг маълумотига кўра, Россия ўз армиясининг 97 фоизини Украинага юбориб бўлган. The Washington Post нашри Ғарбдаги амалдорларга таяниб ёзишича, урушнинг бир йили мобайнида Россиянинг йўқотишлари ҳалок бўлганлар ва яраланганлар билан биргаликда 200 минг кишини ташкил этади.

Мавзуга оид