БМТ олий комиссари: Оилавий зўравонликни жиноят деб белгилаш шарт
БМТ олий комиссари Волкер Турк 13-15 март кунлари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонга ташриф буюриб, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлида қилинган ишлар билан танишди. Олий комиссар суд-ҳуқуқ тизими, сўз эркинлиги ва эркин фуқаролик жамияти муҳитини яхшилаш борасида расмийларга ўз таклифларини берган.
15 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссари Волкер Турк БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.
Олий комиссар 13-15 мартдаги Ўзбекистонга ташрифи давомида Тошкентда ва Қорақалпоғистонда расмийлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашганини маълум қилиб, вазиятни ўрганиб расмийларга ўз тавсияларини берган.
Унинг фикрича, Ўзекистонда сиёсий ҳаётдан жамиятнинг кичик бўғинларигача гендер тенглиги таъминланиши, баланс ушланиши, судлар адолатли ўтиши керак. Шунингдек, оилавий зўравонликни жиноят деб белгилаш шарт. Фуқаролик жамияти ривожланишисиз инсон ҳуқуқларини таъминлаб бўлмайди.
“Ноҳукумат ташкилотлар ҳеч қандай қаршиликларсиз ишлаши керак. Ривожланиш учун фикрлар хилма-хиллиги, плюрализмга асосланган жамият қуриш муҳим”, – деди Волкер Турк.
Олий комиссар Ўзбекистонда сўз эркинлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Журналистлар бемалол ишлай олсин, сўз эркинлиги ҳурмат қилинсин”, – деди Турк журналистлар билан суҳбатда.
Шунингдек, Олий комиссар ўтган олти йил ичида Ўзбекистонда бўлган трансформацияни юқори баҳолашини билдириб, инсон ҳуқуқлари учун кураш давомий ва чексиз эканини эслатди.
БМТ Олий комиссари ОАВ вакилларига Қорақалпоғистондаги ташрифи ҳақида ҳам маълумот берди. У ерда маҳаллаларни айланиб, аҳоли билан суҳбатлашиб, экологик ва инсон ҳуқуқлари масалаларини ўрганган. Ташриф давомида
БМТ делегацияси Нукусдаги Савитиский музейига ҳам борган.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
17:00 / 05.11.2024