Швеция Украинанинг Европа Иттифоқига тезлаштирилган тартибда қўшилишига қарши чиқди
Европа Кенгашига раислик қилаётган Швеция Киевнинг Брюссел талабларини бажаришдаги муваффақиятини қайд этади, бироқ зарур қоидаларга риоя қилишни сўрайди, деб маълум қилди Берлинда бош вазир Улф Кристерссон.
Швеция ҳукумати Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича қисқартирилган тартиб-қоидага қарши, дея маълум қилди 15 март, сешанба куни Берлинга ташрифи чоғида Швеция бош вазири Улф Кристерссон. Украина ЕИ талабларини бажаришда таъсирчан муваффақиятлар кўрсатаётган бўлса-да, номзод давлат уни ЕИга аъзо бўлиш учун зарур бўлган барча шартларга жавоб бериши кераклиги ҳақидаги қоидани ҳурмат қилиш муҳим, дея тушунтирди Кристерссон Германия канцлери Олаф Шольц билан суҳбатдан сўнг. Шу билан бирга, Украина ислоҳотларни давом эттириши учун Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича «ҳақиқий умид» бериш муҳим, деди жорий йилнинг биринчи ярмида Европа Кенгашига раислик қилаётган Швеция ҳукумати раҳбари.
Шу билан бирга, Стокҳолм Швециянинг Финландия билан бир вақтда НАТОга қабул қилинишини эҳтимол йироқ ҳолат деб ҳисоблаяпти. Сўнгги ҳафталарда Туркия Финландиянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиши ҳақидаги келишувни Швеция билан тузилган шунга ўхшаш келишувдан олдинроқ ратификация қилиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлди, деди Улф Кристерссон. «Биз бу вазиятга тайёрмиз», деди у ва Стокҳолм учун ҳали ҳам Финландия билан бир вақтда НАТОга аъзо бўлиш муҳим эканлигини таъкидлади.
Шольц, ўз навбатида, Берлин иккала Скандинавия давлатининг ҳам тез орада альянсга аъзо бўлишини исташини таъкидлади. «Бу Швеция учун фойдали, НАТО ва сўнгги ойларда ўз аҳамиятини яна бир бор янгича кўринишда намоён этган коалициямиз учун фойдали», — дея қўшимча қилди Германия канцлери.
Украина 2022 йилда ЕИ аъзолигига номзод мақомини олди. Шундан сўнг Киев мамлакатнинг мақсади 2023 йилдаёқ Евроиттифоққа қўшилиш бўйича музокараларни бошлаш эканлигини маълум қилди.
Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан сўнг, Швеция ва Финландия НАТОга аъзо бўлишга қарор қилишди ва май ойида биргаликда аъзолик учун ариза беришди. Бугунги кунга қадар ушбу аризалар Шимолий Атлантика альянсининг Туркия ва Венгриядан ташқари барча мамлакатлари томонидан тасдиқланган. Туркиянинг Стокҳолмдаги элчихонаси яқинида Қуръон ёқиб юборилган экстремистик акциядан сўнг Анқаранинг Швецияга нисбатан позицияси кескинлашди.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024