Жаҳон | 16:17
1515
3 дақиқада ўқилади

Россия Трампнинг илтимосига қарамай Украинага яна зарба берди

Россия ҳарбийлари Украинага дронлар ва ракета билан янги кенг кўламли зарба берди. Ҳужум Украина шаҳарларига зарбаларни тўхтатиш ҳақидаги баёнотлар фонида содир бўлди.

Фото: AP

Россия армияси жума куни, 30 январга ўтар кечаси Украинага 111 та учувчисиз аппарат (дрон) ва битта “Искандер-М” баллистик ракетаси билан зарба берди, деб хабар қилди Украина Қуролли кучларининг Ҳаво кучлари. Украина ҳарбийлари ракета урилганини ва 25 та зарба берувчи дроннинг 15 та жойда нишонга текканини қайд этган. Ҳаво мудофааси кучлари Россиянинг 80 та дронини уриб тушириш ёки йўлда ушлаб қолишга муваффақ бўлган, аммо ҳужумлар кундузи ҳам давом этган.

Украинанинг Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати Харкив шаҳри атрофидаги ҳудудда катта ёнғин чиққанини маълум қилди: ракета зарбаси фуқаролик корхонасига тегишли омбор биносига берилган. Ёнғин 5000 кв метрдан ортиқ майдонни қамраб олган, оқибатларни бартараф этишга сапёрлар ва 80 нафардан ортиқ қутқарувчи жалб этилган.

Россия ҳужуми Украина инфратузилмасига зарбаларни вақтинча тўхтатиш бўйича келишувларга эришилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганидан кейин бир сутка ҳам ўтмасдан содир бўлди.

Бир кун олдин кечқурун АҚШ президенти Доналд Трамп қаттиқ совуқлар сабаб Москва Украина шаҳарларига зарбаларни бир ҳафтага тўхтатишга рози бўлганини айтган. “Мен шахсан Путиндан Киев ва турли шаҳарларга бир ҳафта давомида ўқ узмасликни сўрадим. У рози бўлди”, — деган Оқ уй раҳбари.

Украина президенти Володимир Зеленский Россия билан энергетик инфратузилмага зарбаларни вақтинча тўхтатиш ҳақида келишув бўлгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади ва Трампнинг воситачилик саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Кейинроқ у Россия билан тўғридан тўғри мулоқот ҳам, имзоланган келишувлар ҳам бўлмаганини аниқлаштирди.

Зеленскийнинг айтишича, агар Россия Украина энергетикасига зарба бермаса, Киев ҳам жавоб қайтармайди. “Менимча, бу музокараларда воситачи — яъни АҚШ кутган жавоб эди”, — дея тушунтирган Украина президенти.

Москвада АҚШ ва Россия етакчилари ўртасидаги суҳбат бўлгани тасдиқланди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Трамп Владимир Путинга Киевга 1 февралгача зарба бермасликни шахсан илтимос қилган. Песков бу музокаралар ўтказиш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида зарур эканини айтган.

У, шунингдек, Путин америкалик ҳамкасбининг илтимосига рози бўлганини қўшимча қилган. Бироқ Кремл вакили гап “энергетик сулҳ” ҳақида кетяптими ёки умуман барча зарбаларни тўхтатиш ҳақидами — буни аниқлаштиришдан бош тортган. “Деталлар бўйича олдин айтилганларга қўшимча қиладиган гапим йўқ”, — деган Песков.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид