Улуғбек Шодибеков дўсти Фарҳод Манноповнинг вафоти ҳақидаги саволларга жавоб берди
“Mittivine” жамоаси аъзоси Улуғбек Шодибеков марҳум дўсти, лойиҳа асосчиси Фарҳод Манноповнинг сўнгги кунлари, тўсатдан рўй берган ўлим, нима учун операция шошилинч қилингани, бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун нималар қилингани ҳақида гапириб берди.
Улуғбек Шодибеков бу мавзуда “Chotki Tv” YouTube-каналига интервю берган.
Фарҳоднинг жароҳатланиши қандай рўй берди?
— Бассейнга берилган картамиз анча олдин берилганди. Аммо у ерга бормаётгандик. Фарҳод жароҳат олган куни қўнғироқ қилиб, шу бассейнга борайлик, чўмилайлик деб қолди. Бу таклиф менга ҳам маъқул бўлди.
У сув тагида сузишни яхши кўрарди. Борганимиздан кейин у билан сув ичида суратга тушдик. У пайт ҳали бурнини жароҳатлаб олмаганди. Суратни унга кўрсата туриб: “Ўртоқ, қара, қайси биримиз ўтиб қолсак, эсдаликка зўр сурат бўлиб қоларкан-а” деб айтдим. Бу гап қаердан хаёлимга келганини, нима учун бу гапни айтганимни билмайман. Бу гапимдан Фарҳоднинг жаҳли чиқди. “Тўғри гап гапирсанг-чи”, деб айтди.
Шундан кейин у бассейнга тушиб кетди. Мен салдан кейин унга қўшилишимни айтдим. Бир пайт унинг оғриқдан иҳраган овози эшитилди. Нима бўлди деб сўрагандим, бошимни уриб олдим деб айтди. Бошида мен буни жиддий қабул қилмадим, кўзингга қараб сузмайсанми деб унинг устидан кулдим. Кейин қарасам кўриниши яхшимас. Олдига югуриб бордим.
Бошини бассейн четига қаттиқ урганидан пешонасига кафел изи тушиб қолганди. Бурнининг усти шилинган, тиши аралаш оғзидан озгина қон чиқаётганди. Дарров муз олиб келиб жароҳатига босдик.
Одатда, биз билан нима ҳолат бўлишидан қатъи назар буни видеога олиб аудиторимизга бўлишамиз. Бу биз учун бир саргузашт. Оёғимиз ёки қўлимиз синиши аудитория учун қизиқ. Шу сабабли Фарҳоднинг устидан кулиб ҳолатни видеога олдик.
Шифокорни ким тавсия қилди?
— Фарҳод Манноповнинг бурнини операция қилган шифокорни бассейндаги номаълум йигит тавсия қилди, унинг телефон рақамини берди. Мана шу кишига боринг, яхши мутахассис деди.
Бассейнда бирпас ўтириб чиқиб кетдик. Мен яқин атрофдаги клиникага борамизми деб ўйлагандим, лекин Фарҳод Star Med'даги шифокорга қўнғироқ қилибди. Айтишларича, унга бирданига телефон қилиб тушиш муаммо экан, одамлар қабулига кириш учун навбат кутиб туришаркан. Лекин у бизга вақт ажратиб, келаверинглар деб айтди.
Дарров етиб бордик. Фарҳод жароҳат олганидан роппа-роса бир соат ўтган вақтда клиникада эдик. Фарҳод саволларини берди, дўхтир уларга жавоб берди. Операция пулини гаплашдик, муддатини келишдик. “Эртага эрталаб келасиз, таҳлиллар топширилади, шифокорлар кўригидан ўтилади” дейишди.
Ўша куни кун бўйи кўчада юрдик. Реклама учун роликлар олдик. Бошқа ишларимизни қилдик. Кечки пайт туғилган кунга бордик. Ундан чиқиб Counter Strike ҳам ўйнадик. Шу бурун, шу оғриқ билан. Ҳаммаси яхши эди. Тунги соат бирларда тарқалдик. “Эрталаб саккизда клиникага етиб боришим керак экан, текширувлардан ўтиб тураман, орқамдан соат ўн бирларда кел” деб айтди Фарҳод менга.
Айтилган вақтда етиб бордим. У билан охирги видеоларимни олдим. Устидан кулиб ҳазиллашдим. Мен бу операцияни жиддий деб ўйламагандим. Тез тугайдиган енгил операция деб ўйлагандим. Ўз оёғи билан чиқиб келади деб ўйлагандим. Бундай бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди.
“Ҳозир операцияга кириб кетаман. Соат учларда палатада бўларканман” деди. Мен 12 гача клиникада ўтирдим. Жума куни эди. Аммо негадир соат ўн иккидан ўтса ҳам уни операцияга олиб кириб кетишмади. Фарҳодни операцияга киришдан олдин видеога олишим керак эди. Жума намозига кеч қолмай деб чиқиб кетдим. Қайтиб келганимда операцияга кириб кетган экан. Операцияга киришдан олдин менга SMS-хабар ва овозли хабар юборган экан.
Операция нега шошилинч қилинди?
— Фарҳод касалмиди? Йўқ. Ўзининг оёғи билан юриб борганди клиникага. Бу ерда фақат медицина айбдор деб ҳисоблайман.
Операция жароҳат олинган куннинг эртасига белгиланганига келсак, Фарҳод билан Дубайга кетишимиз керак эди. Шунинг учун шифокордан операцияни тезроқ қилишнинг иложи борми деб сўрагандик. Дўхтир бизга: “Йўқ, миянгда ҳали қанақадир оғриқлар бор, бошингни МРТ қилдириш керак, бурнингни яхшилаб текширишимиз керак, аллергиянг ҳақида маълумот олишимиз керак” деганда, биз унга қарши чиқмаган бўлардик.
Бу нарсани дўхтир бизга айтиши керак. У: “Сен мана бундай аҳволдасан, операцияни мана бу пайтда қиламиз” дейиши ва Фарҳодни операцияга тайёрлаши керак эди.
Фарҳоднинг аллергияси бор эди. Чанг ҳавода кўп аксирарди. Четга чиққанимизда маза қилиб юрарди. Ёмғирли, қорли ҳавода маза қилиб юрарди.
“Комага тушиб қолганини 6 соат яширишди”
— Фарҳод соат учда операциядан чиқиб палатага ўтказилиши керак эди. Соат тўрт бўлди, беш бўлди, олти бўлди ҳамки операциядан чиқмади. Клиниканинг олдида ҳеч қаерга кетмасдан кутиб ўтиргандим. Фарҳоднинг онаси ва рафиқаси ҳам шу ерда эди. Бошқа ҳеч кимга айтмагандик операция бўлаётганини.
Операция қилаётган шифокорнинг ёрдамчисига қўнғироқ қилсам, у: “Бошқа беморлар келиб қолгани учун операция чўзиляпти” деб айтди. Буни қандай тушуниш керак?! Битта бемор операция қилинаётган жойда бошқаси келиб қолса уни ташлаб бошқасига ўтиб кетилмаса керак. Охири тинмасдан нима бўляпти ўзи деб сўрайверганимиздан кейин соат 20:30 да комага тушиб қолди деб айтишди.
Кейин билсак, операция бошланганидан 1 соат-у 42 минут ўтганда муаммо юзага келган. Яъни Фарҳодда, шифокорларнинг айтиши бўйича, дорига реакция кузатилган. Бу соат 14:30 га тўғри келади деб олсак, бизга унинг комага тушганини 20:30 да айтишди. Яъни 6 соатдан кейин.
Комага тушиб қолибди деган хабарни эшитганимдан кейин аввалига қотиб қолдим. Кейин операция хонасигача югуриб кирдим. У ердаги ҳолатни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Комага тушган одамни биринчи марта кўришим. Яна у энг яқин дўстинг бўлса, жуда оғир бўларкан.
Агар вазият ҳақида бизга вақтлироқ айтилганда бошқа дўхтирларни олиб келган бўлардик, уларнинг ёрдами теккан бўларди.
“Фарҳоднинг юраги уч марта тўхтаб қолган”
— Тўғри, бу ажал, ёзилган умри шу ергача бўлган, бу борада ҳеч қачон баҳслашмайман. Аммо нима учун операция бошлангач бир соату 42 минутда чиққан муаммо ҳақида 6 соат ўтиб айтишларини тушунолмасам керак.
Бу пайт ичида Фарҳоднинг юраги уч марта тўхтаб қолган. Ҳамма аъзолари “отказ” бергандан кейин бизга хабар беришяпти. Бу вақтнинг ичида улар нимани ўйлашган, нимани режалаштиришган, фақат ўзларига ва худога аён.
Кеч соат 9-10ларда энг яхши дўхтирларни олиб келишни бошладик. Келган дўхтирлар вазиятни тушуниб олиши ва ёрдам бериши учун операция қилганлар уларга керакли маълумотларни бериши керак. Улар бир қанча тиббий ускуналарнинг номини айтиб, шулар борми дейишганда клиникада бу нарсалар йўқлиги маълум бўлди. Дориларни сўрашди, улар ҳам йўқ экан.
Кейин беморнинг юраги неча минут тўхтаб қолди, бу жуда муҳим деб сўрашди. Адашмасам, юрак 6-7 минутдан кўпроқ тўхтаб қолса, мия ўчаркан, кейинги уринишлар фойдасиз бўларкан, одамнинг ҳеч қайси аъзоси ишламай қоларкан. Минг у ўзига келган тақдирда ҳам тирик-ўликка айланаркан, фақат кўзлари очиқ тураркан, мияси ишламас экан.
Ёрдамга келган шифокорлар шу нарсани билиб туриб клиникадаги анестезиологдан шу ҳақда сўраяпти, у 1-2 минут урмай қолди деяпти, аниқ жавоб бермаяпти.
Ташқаридан чақирилган шифокорларнинг менга айтишларича, Фарҳоднинг иситмаси чиқаётганини ҳам кеч билиб қолишган. Улар наркозда ишлатган дори реакция бериб, беморнинг қон босими тушиб кетган, шифокорлар унинг қон босимини кўтариш билан овора бўлиб қолишган. Бу орада ўпкага қон кетган. Қонни тўхтатамиз деб унинг иссиғига қарашмаган. Тана ҳарорати 42 даражагача кўтарилиб кетган. Ўпка, жигар, буйрак ва юракни ишдан чиқариб бўлганларидан кейин бизга хабар беришган.
У ерда қон текширадиган ускуна ҳам йўқ экан. Ҳар ярим соатда К6 деган таҳлил топширилиши керак экан. Қоннинг ҳолатидан келиб чиқиб аҳвол яхшиланяптими ёки ёмонлашяптими билишаркан ва шунга қараб муолажа тайинланаркан. Ҳар ярим соатда шу нарса учун Бунёдкордан Пахтакор метро тарафга қатнадим. Қонни етказаман, таҳлил жавобини олишим билан суратини телеграмдан юбораман. Эрталабгача 8-10 марта қатнадим ўша жойга. Эрталаб ўша жиҳозни топиб клиникага келтирдим.
Ўзимиз олиб келган шифокорлар, мутахассислар Фарҳоднинг ҳаётини сақлаб қолиш учун охиригача курашишди. У ердаги шифокорлар эса, қўпол қилиб айтганда, ўйиндан чиқиб кетишди. Бизга юраги қанча муддатга тўхтаб қолганини аниқ айтишганда шунга қараб ҳаракат қилишарди.
Шу орада клиникадагилар билан уришиб кетдим. Ҳеч бўлмаса обрўларинг учун ҳаракат қилинглар дедим уларга. На ташқаридан керакли тиббий жиҳозларни олиб келишди, на қўшимча мутахассисларни ёрдамга чақиришди. Чунки улар нима бўлганини аллақачон билишарди, шунинг учун на клиника муассиси, на шифокорлардан ҳеч қандай ҳаракат бўлгани йўқ. Барчасига ўзимиз югурдик.
Ҳамма экспертиза натижасини кутяпти
— Қаерга бориш керак бўлса, ким билан гаплашиш керак бўлса, ҳақиқат юзага чиқиши учун ҳаммасига тайёрман. Худо хоҳласа, бунинг учун охиригача курашаман.
Икки ҳафтадан бир ойгача муддатда экспертиза жавоблари чиқиши керак экан. Унинг натижасига қараб прокуратура тегишли чораларни кўраркан.
Бошида операцияда қатнашган дўхтирлар қамалди деган маълумотлар тарқалди. Кейин ҳеч ким қамалмаган дейилди. Ҳозирча ҳеч ким қамалмаганига сабаб айнан қайси шифокор хато қилганини билиш керак экан. Бу эса экспертиза натижаси асосида маълум бўларкан.
Бизга биринчи берилган жавоб Фарҳодда анафилактик шок кузатилди деб айтилганди. Яъни дорига реакция кузатилган. Бу бўйича тайинланган текширув натижаси энг тези 15 кунда чиқаркан. Ҳамма ўша жавобга қараб турибди ҳозир. Кўриладиган чоралар ҳам шунга боғлиқ, ўлимга нима сабаб бўлгани ҳам шундан кейин чиқиб келади. Бунда кимнинг айби бўлган, уни қутқариб қолиш имкони бормиди, шу каби саволларга жавоб топилади.
- Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Star Med клиникаси фаолиятини 14 мартдан эътиборан 10 кунга тўхтатган. Жиноят ишини Чилонзор туман прокуратураси тергов қилмоқда.
Мавзуга оид
20:10 / 24.10.2023
Фарҳод Маннопов ўлими билан боғлиқ суд жараёни ОАВ орқали ёритилмайдиган бўлди
17:42 / 27.09.2023
Фарҳод Манноповнинг вафоти билан боғлиқ жиноят иши судга оширилди
11:47 / 15.07.2023
“Star Med”нинг лицензиясини бекор қилишга оид суд қарори вақтинча тўхтатиб туриладиган бўлди
10:18 / 03.06.2023