Апелляция суди блогернинг ўлимига фақат анестезиолог-шифокор айбдор деган хулосага келган. Суд ҳужжатида ёзилишича, у айнан операция жараёнида маълум муддат телефонда суҳбатлашиб ўтирган ва Фарҳод Манноповнинг тана ҳарорати кўтарилганини ўз вақтида аниқламаган.

Блогер Фарҳод Манноповни ўлими олдидан операция қилган ЛОР шифокори апелляция инстанция суди томонидан оқланди. Биринчи инстанция суди унга 2 йил тиббиёт соҳасида ЛОР шифокори вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаганди.

Блогернинг ўлими

Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, Фарҳод Манноповни “Star Med Center” хусусий клиникасида операция қилишда қатнашган анестезиолог (исм-шарифи таҳририятга маълум) телефонда суҳбатлашиб ўтирган. Яъни у айнан операция вақтида беморнинг умумий ҳолатини назорат қилиб туриш ўрнига бошқа шахслар билан соат 14:54 да 122 сония, соат 15:19 да эса 71 сония операция жараёнларига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича суҳбатлашиб ўтирган. Бунинг оқибатида анестезиолог Фарҳод Манноповнинг тана ҳарорати кўтарилганини ўз вақтида аниқламаган. Соат 15:40 да беморнинг бармоғида бўлган пулсометр ишламай қолганига гумон қилиб, уни бошқа бармоғига қўйган вақтида Манноповнинг тана ҳарорати 38,7 даражага кўтарилиб кетганини кеч билган. Бунга қадар тана ҳарорати кўтарилиб борган бемор организмида наркоз берилгани сабаб метоболик ўзгаришлар вужудга келган. Бунинг оқибатида Фарҳод Манноповнинг юраги биринчи марта соат 16:30 да тўхтаб қолган ва у кома ҳолатига тушган.

Шифокор йўл қўйилган камчиликни турли дори воситаларини бетартиб қўллаш орқали тўғрилашга ҳаракат қилган. Аммо улар келтириб чиқариши мумкин бўлган ножўя таъсирларни ҳисобга олмаган. Оқибатда Фарҳод Манноповнинг юраги иккинчи марта соат 17:10 да, учинчи марта соат 17:53 да тўхтаб қолган. Шундан сўнг у чуқур коматоз ҳолатга тушган ва ўзига келмасдан, ўткир юрак-қон томир нафас, буйрак ва жигар етишмовчилиги, ДВС синдроми, ўпка ва мия шиши билан 2023 йил 5 март куни соат 3:20 да шу клиникада вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг 2023 йил 30 мартдаги хулосасига кўра, Фарҳод Манноповнинг ўлими организмнинг оғир даражали анафилактик шок оқибатида юз берган.

Тахмин остидаги новокаин

ЛОР шифокори дастлабки суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. У блогерни тўлиқ текширувдан ўтказган бўлса-да, суд бунга эътибор қаратмаганини, суд жараёнида айби йўқлиги ўз исботини топганини, бироқ асоссиз равишда айбланганини айтиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.