Жамият | 11:03 / 18.03.2023
25204
11 дақиқада ўқилади

«Иложсизликдан мардикорлик қилиб юрибман». Бир қўл билан уч фарзандни боқаётган мусофир аёл ҳикояси

Фото: KUN.UZ

«Бировларнинг боласини ўйнатаётганимда бўғзимга нимадир тиқилади. Ёдгорим, ортимдан мўлтираб қолган қизларим кўз ўнгимдан кетмайди. Агар бошпанамиз бўлганда, ёки уни олишга қодир қилган маошли иш топганимда бегона юртларга келармидим? Ўзингнинг қоракўзларинг туриб, бировларнинг фарзандига қараш осонми?»

«Ҳаётий ҳикоялар» рукнининг ушбу қаҳрамони мусофир юртда кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, ризқ-насибасини териб юрганлардан. У қизларига тарбия берадиган, фалаж ўғлига ғамхўрлик қиладиган вақтда ўз истаги билан, мол-дунё орзусида ўзга юртга кетгани йўқ. Ўз хоҳиши билан эмас, балки ноиложликдан, бировларнинг қистови билан ишлаб юрибди.

Уч ёшида ота-онасидан етим қолган Насибага (исм ўзгартирилди) ҳаёт туганмас бахт бергандек бўлди-ю, лекин уни тезда тортиб олди. Ўзи қурган уйдан уч боласи билан қувилган аёл кечмишларини ўзидан тинглаймиз.

«Ота-онам автоҳалокат натижасида бир кунда дунёдан ўтишган. Ўшанда уч яшар қизалоқ эдим. Беш ёш акам билан мўлтираб қолаверганмиз. Тоғаларимнинг қўлида катта бўлдик. Ота-онамдан кичикроқ бир ҳовли мерос бўлиб қолганди. Акамни ўша ҳовлига уйлантиришди. Мени ҳам ўраб-чирмаб, узоқроқ қишлоқдаги бир уста йигитга узатишди.

Биз жуда бахтли эдик. Назаримда у етимликда тортган барча азобларим учун Аллоҳнинг мукофоти эди. Биргаликда бир уй, бир даҳлизли бошпана солиб, сигир, қўй-қўзи ҳам орттирдик.

Мен парда тикардим. Лекин бир бахтсиз ҳодиса сабаб ўнг қўлим яхши ишламай қолди. «Пардачилик қилмасанг ҳам боқволаман», дерди турмуш ўртоғим. Жуда меҳрибон эди. Бирин-кетин туғилган икки боламни эса ер-у кўкка ишонмасди.

Бахтли кунларимиз 2015 йилда, у вафот этганидан сўнг тугади. Кўз очиб кўрган инсонимни куппа-кундузи бир бойваччанинг эркатойи катта тезлик билан уриб юбориб, бахтимизни чил-чил синдирди.

Эримнинг қирқи ўтмай, акалари уйимизга турмушидан, уй-жойидан ажраган икки болали қайнопамни киргизиб қўйишди. Кўнглимда заррача шубҳа йўқ. Қайтанга хурсанд бўлдим. «Ҳар қалай эримнинг синглиси. Болаларимнинг аммаси. Ёлғиз бўлмаймиз. У болаларимга қараса, мен мавсумий ишларга чиқиб, тирикчилик учун пул топаман», дедим.

Эрим ўлганда қорнимда гумона қолган экан. Кўп сиқилганимдан ногирон туғилди. Фалаж бўлгани камдай, кар-соқов ҳам эди. Қайнопам болаларга қарар, мен мавсумий ишларга чиқардим. Етти кишилик рўзғор харажати, тирикчилик, кичкинамнинг дори-дармони… Икки йил шундай яшадик.

Хуллас, ўзимни ўтга-чўққа уриб, ҳалол пул топардим. Яхши ишламайдиган ўнг қўлим ҳам ҳаракатларимга кўникди. Аммо оғир меҳнатдан сўнг зирқираб оғрирди.

Қўни-қўшни, қариндош-уруғ тўрт мучаси соғ, бақувват, ўзимдан атиги икки ёшгина катта қайнопамнинг уззукун уйда қолишига ҳайрон, «сенинг ўрнингга у, ёки навбатма-навбат ишласангиз бўлади-ку. Ўзингни хароб қиляпсан», дейишарди. Мен «меҳнатдан ҳали ҳеч ким ўлмаган», деб жавоб берардим. Қайнопамнинг эса энсаси қотарди.

Бир куни кенжа ўғлимнинг сони ва қўлида кўкариб қолган жойларни кўрдим. Бечора роса йиғлаганидан қовоқлари ҳам шишиб кетганди. Иккала қизимни чақирдим. Мен йўқлигимда укасининг таглигини алмаштириб ювишга улар масъул эди. Моматалоқларни кўрсатиб, йиғлаб юбордим:

— Ёдгорбекни қайси биринг урдинг?!

Иккаласининг боши эгилган. Жим. Нимадир демоқчи бўлишди-ю, қўрқиб туришарди. Қайта-қайта сўраб, асабийлашиб, уларга қўл кўтариб юборганимни сезмай қолдим. Шундагина кичик қизим эшикни бориб ичкаридан ёпиб, қўрқа-писа қулоғимга шивирлай бошлади:

— Биз эмас, аммам қилди буни. Уйимизга бир бегона тоға келиб туради. Ўшанда ҳаммамизни кўчага, ўйнагани чиқариб юборади. Дўнглик орқасидаги боғда уч-тўрт соат ўйнаймиз. Бугун ҳам шундай бўлди. Укам ўзи уч-тўрт кунда бир ичи келади-ю... Бугун кўпроқ келибди-да, ая. Қайтганимизда аммам таглигини алмаштираётган экан. «Уйни саситиб, кўнглимни айнитиб юбординг», деб бураб-бураб, шаппатилаб ураётганди...

Қизимнинг бошқа гаплари қулоғимга кирмай, миям ғувиллаб кетди. Ўзи қўшнилар икки ойдан бери «қайнопангнинг оёқ олиши яхши эмас, уйингга бегона эркак оралаб қолди», дейишса, ишонмагандим . Журъатимни тўплаб сўраганимда эса «газчи, светчи, МИБчи келса ҳам жалаб бўлаверар эканман-да?» деса, унга ишониб, ваҳимачи қўшниларнинг оғзини ёпгандим.

Ўғлимнинг баданидаги моматалоқлар ва қизалоғимнинг оғзидан чиққан гаплардан сўнг чидаб туролмадим. Ким биландир телефонда эркаланиб гаплашиб турган қайнопамнинг тепасига келиб, нораста, ногирон гўдак танасидаги моматалоқларни кўрсатдим.

Кечирим сўраши, йиғлаб-сиқтаб тавба қилишини кутгандим. Қайда?!

Телефонни улоқтириб, сочимдан юлиб ура кетди. Ўғлимни тўшакка ётқизишга ҳам улгурмадим. Бўғзидан чиқаётган гапларга эса илон пўст ташларди:

— Ҳа, сенинг шол қўлинг билан топаётган уч-тўрт сўмингга қараб ўтирайми? Мен ҳам одамман! Яхши еб, ичгим келади. Ёки сенга эркак зоти қарамаганидан аламзадамисан? Йўўўқ! Мардикорликка кетиб нима ишлар қилаётганингни биламан. Ўзингга боқ олдин! Укамнинг арвоҳи урсин сени!

Охирги гаплари алам қилиб, ўғлимни тўшакка ётқизиб, уриб ташладим. Лекин у мендан анча кучли эди. Бир ҳаракат билан шол қўлимни елкамдан бурагач, инграб полга йиқилдим. Қизларим, болаларининг йиғи-сиғисига қарамай устимга ўтириб ураверди. Ўрнидан туриб тепаверди.

Талотўпда қаттиқ қўрққан ва аммасига бас келолмаган катта қизим амакисиникига ёрдам сўраб югурган экан. Уларнинг остона ҳатлаганини кўрдим-у, ҳушимни йўқотдим. Шу ётганча уч кун ҳушсиз бўлибман.

Ўзимга келибоқ, милицияга бормоқчи бўлдим. Икки қайноғам, хотинлари ҳай-ҳайлаб ўрнимга ётқизишди. Ишонасизми, баданимда соғ жой қолмаган, қақшаб оғрирдим. Яна ҳушимдан кетдим.

Кечга яқин инграб кўзимни очиб, тепамда изиллаб турган қизларимни кўрдим. Икки қадам нарида эса қайноғамлар, хотин бола-чақаси билан хандон отиб кулганча овқатланиб ўтиришарди. Хўрлигим келди. Етимчалигимга яраша, қайнона-қайнотам бўлмайдими? Балки, уларнинг раҳми келарди менга. Афсус, келин бўлмасимдан аввалроқ ўтиб кетишганди. Ваҳший қайнопам кўринмасди. У ёриб ташлаган жағимни, лабларимни аранг қимирлатиб, ожиз сас билан зўравонни сўрадим. Хонтахта атрофидагилар бир-бири билан пичирлашиб олгач, овсиним жавоб берди:

— Хотиржам бўлинг, милиция олиб кетди.

Бироқ кичик қизим титраб, қўрқа-писа бу гап ёлғонлигини айтиб қўйди. Кечга яқин қандайдир бир дўхтир келиб ёрилган жойларимга кўкдори босди. Бир-икки дорилар ёзди. «Мени дўхтирхонага олиб боришмайдими?» деган саволимдан мижжасига ёш қалқиди-ю, жавоб бера олмади.

Шу ётганимча ўн кун қимирлашга ҳолим бўлмади. Ногирон ўғлим ёнма-ён ётамиз, қизларим қарашарди. Бир куни милиция, суд деган гапларимдан ғазаби тошган қайноғам лой-пой оёқ кийими билан тепамга бостириб келиб, бақириб ташлади:

— Қанақа милиция, ҳароми?! Ўз қайнопангни қаматасанми? Раҳматли эринг билан бир қоринда ётган жигари, болаларингнинг аммасиними?! Ўчир!!! Ўлдириб қўймабди-ку! Менгина эмас, болаларим ҳам қўрқиб чинқириб юборишди. Шаштимдан тушиб, унинг кўзларига мўлтирадим:

— Майли ака. Фақат уйимиздан чиқиб кетсин! Бошқа даъвом йўқ!

У худди шу гапимни кутиб тургандай устимдан бир дунё қоғозларни сочиб юборди.

— Мана қанжиқ, ўқи! Синглим эмас, сен чиқасан уйдан! Чунки уйни укам иккаланг қурган бўлсанг ҳам, ер менинг номимда!

Кўз ўнгим қоронғилашиб кетди. Бу гаплардан хабарим йўқ. Фақат одат бўйича кенжа ўғил, яъни эрим оиласи билан қолиши керак бўлган ота ҳовлида акамиз қолиб, бизга қуруқ ер «совға» қилишганди. Бу жойни қуришга биров бир сўм бермаган, эр-хотингина тиришиб, тирмашиб ҳаракат қилган эдик.

— Инсоф қилинг ака! Сизнинг данғиллама уйингиз бор. Ўн сотих! Менга ачинмасангиз ҳам, укангиздан қолган жигарларингизга раҳмингиз келсин!

Аммо унинг қалби юмшамади. Қайтанга болаларим эшитиб турганидан ҳам уялмай, авжига чиқди:

— Кимга раҳмим келсин? Чалажон ўғлинггами? Барибир уни уйлолмайсан? Иккита қизинг эса бировнинг хасми!

Бир ой, то жароҳатларим битмагунча уйдан ташқарига чиқаришмади. Асирдай ушлашди. Телефонимни ҳам олиб қўйишганди. Ой охирида эса кўч-кўроним, уч болам билан акамникига ташлаб кетишди.

Қонун ҳимоячиларига бордим. Бироқ на милиция, на суд мен томон бўлди. Ҳатто маҳалла ҳам қайноғам, қайнопам тарафида туриб, қонунан улар ҳақлигини такрорлашарди...

Акам-ку бағрига олди. «Беш сотих ҳовлининг ярми сеники синглим. Баҳорга чиқиб бир уй, даҳлизли қилиб қурилишни бошлаймиз», деди. Бироқ бу гаплар келинойимга ёқмади чоғи, номигагина бош ирғади. Қовоғи очилмади. Имкон бўлди дегунча, чақиб, узволарди. Акамнинг олдида жон куйдириб, йўқлигида жон оларди.

Мен яна мардикорликка чиқа бошлагандим. Лекин рўзғорга қанчалик қарашмай, болаларимга кун бермасди... Ахийри бир куни кўчадан оғзи қулоғида келиб, хушхабари борлигини айтди:

— Фалончи синфдошим Туркияда ишлаб, уй олишга пул йиғибди. Сиз ҳам кетмайсизми? Бир томонлама билет олса ҳам бўларкан. Ўзим топиб бераман.

Ногирон болам қўлимда эди. Уни қаттиқ бағримга босиб, келинойимнинг кўзларига жавдирадим:

— Шу гўдакка раҳмингиз келсин! Мен кетсам, у ва қизларимнинг ҳоли нима кечади?

Унинг энсаси қотиб, қоши чимирилди:

— Сизга яхшилик қиламан десам, яна шу болани пеш қиласиз-а? Бировларникида сиғинди бўлиб яшаш жонингизга тегмадими? Уй-жойли бўлинг дегандим.

— Акам бировмас-ку!

У вишиллаб юборди:

— Мен бировман!

Хуллас, у қилиб, бу қилиб қаттиқ қаршилик қилган акамни ҳам авраб, болаларимни олиб қолиб, мени Туркияга жўнатди. Йиғлаб-йиғлаб кўникдим. Чол-кампирлар, болаларни қараб, уй тозалаб пул топа бошладим.

Ишонасизми, Истанбулда кўплаб ватандошларимиз бор. Имкон топиб йиғилиб, кўнгил ёзиб туришади. Уларга ҳам қўшилмай, топганимни йиғаман. Янги кийим-кечак билан-ку мутлақо ишим йўқ. Маошимни куруш-курушигача йиғиб, доллар қилиб акамга юбораман.

Лекин бировларнинг боласини ўйнатаётганимда, овқатлантираётганимда бўғзимга нимадир тиқилади. Ўкириб юбормаслик учун зўрға ўзимни босаман. Шифтга термулиб ётадиган Ёдгорим, ортимдан мўлтираб қолган қизларим асло кўз ўнгимдан кетмайди».

Мавзуга оид