Тарихий манбаларда юнон саркардаси Александр Македонский салтанати сарҳадларини кенгайтириш мақсадида Осиёга юриш қилгани ва бу жанг-у жадал вақтида уларнинг қадами ҳозирги Сурхондарё ҳудудларигача етгани айтилади.

Юнонларнинг бу юриши алоҳида ва катта мавзу. Қумқўрғон туманидаги Искандар кўприкни ростдан ҳам Македонский қурдирганми? Маҳаллий аҳоли кўприкни Абдуллахон деган киши қурдирган деб билса-да, аммо нима учун Искандар кўприги деб аталишидан бехабарлигини қайд этади. Баъзи одамлар ушбу кўприкдан Македонский ўтганига ҳам ишонади.
Аслида-чи? Кўприк Абдуллахон исмли шахс томонидан қурилган бўлса, у ва унинг ёнидаги қишлоқ нега Македон номи билан юритилади?
Сурхондарё вилоятининг муҳим тарихий объектларидан бири сифатида Искандар кўприк ҳақидаги маълумотлар ва кўприк макети Термиз археология музейидан ўрин олган.


Музей ходими Феруза Хуррамова саволларга шундай аниқлик киритди:
Агар маҳаллий аҳолидан бу ҳақда сўрасангиз, «кўприкни Александр Македонский қурган» ёки «Македонский бу кўприк устидан лашкарлари билан ўтиб кетган» деган фикрларни айтишади. Бу нотўғри. Чунки Македонский бу ҳудудларда мил. авв. 4-асрда бўлган бўлса, кўприк 16-асрда, яъни Македонскийдан 19 аср ўтиб, Шайбонийхон авлодидан бўлган ҳукмдор Абдуллахон томонидан қурилади. Унинг отасининг исми Искандар бўлади. Шу сабабли кўприкка Искандар номи берилади ва кейинги авлодлар кўприкни Македонский номи билан атаб кетади.
Музей ходими номларнинг ўзгаришига Александр Македонский ва Искандар Зулқарнайн номлари ўртасидаги боғлиқлик сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтади.

Искандар кўприги ёнида у ҳақдаги маълумотлар битилган мармар тошда ҳам шундай маълумотлар келтирилган:







