Иқтисодиёт | 11:38 / 18.03.2023
28240
2 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”даги таклифларга овоз бериш бошланди

Биринчи мавсумда фуқаролар томонидан 55 мингдан ортиқ ташаббуслар билдирилди. Энг кўп овоз йиғиб, ғолиб чиққан лойиҳаларни молиялаштиришга 1,7 триллион сўм пул ажратилади.

Фото: KUN.UZ

Бугун, 18 мартдан, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилдаги 1-мавсуми доирасида овоз бериш жараёни бошланди. Бу ҳақда Молия ва иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мавсум доирасида фуқаролар томонидан илгари суриладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида республика бўйлаб 1,7 триллион сўм маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.

“Ҳурматли фуқаро! Ушбу жараёнларда фаол иштирок этган ҳолда ижтимоий муаммоларнинг (жамоавий характердаги) ҳал этилишига эришинг. Бюджет маблағларининг сарфланишида иштирок этинг.

Бу жуда ҳам осон, ўз ҳудудингиздаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан лойиҳани илгари суринг, овоз тўпланг ва ғолиб бўлинг!” дейилади расмий хабарда.

Маълумот учун, 1-мавсум доирасида фуқаролардан жами 55,9 мингта ташаббус келиб тушган. Ташаббусларнинг 26 фоизи ички йўлларни таъмирлаш, 18 фоизи умумтаълим мактабларини таъмирлаш ёки жиҳозлаш, 11 фоизи эса кўча чироқларини таъмирлаш ва ўрнатишга ҳамда электр энергия таъминоти билан боғлиқ лойиҳаларга доир.

Мавзуга оид