Жаҳон | 22:34 / 19.03.2023
21619
2 дақиқада ўқилади

НАТО Россия билан чегарани мустаҳкамламоқчи. Бу ҳудудга 300 минггача аскар жойлаштирилиши мумкин

Фото: Wojtek Radwanski/AFP via Getty Images

НАТО Россия билан чегаралар яқинидаги қўшинлари ва ҳарбий техника гуруҳини қўшимча кучайтириш имкониятларини муҳокама этмоқда. Politico нашри ёзишича, альянс бу орқали ҳарбий ҳаракатлар Украина чегараларидан ташқарига тарқалиши эҳтимолига тайёр турмоқчи.

Politico маълумотига кўра, НАТО мулозимлари шарқий чегараларга 300 минг аскар жойлаштириш ғоясини илгари сурмоқда.

Хусусан, альянс қўшинларининг ўн кун ичида ҳаракатга тушишга тайёр бўладиган илк эшелони тахминан 100 минг аскардан иборат бўлиши мумкин. Унинг таркибидан Полша, Норвегия, Эстония, Латвия ва Литвадан ҳарбийлар ўрин олиши кутилмоқда. Иккинчи эшелон биринчисини қўллаб-қувватлайди ва 10-30 кун ичида Германия ва бошқа давлатлардан бориб жойлашишга тайёр бўлиши керак.

Аммо, нашрнинг таъкидлашича, бу стратегия НАТО аъзоларидан жиддий саъй-ҳаракатлар ва мувофиқлаштириш талаб этади, альянснинг кўплаб мамлакатлари эса шусиз ҳам ўз ўқ-дори захиралари етарли эмаслигидан хавотирда, захираларни тўлдириш учун вақт ва пул керак.

The New York Times нашри 2022 йил ноябрида, НАТОга аъзо бўлган 30 мамлакатдан 20 таси Украинага ёрдам доирасида ўз ҳарбий ресурсларининг катта қисмини сарфлаб юборгани ҳақида ёзганди.

  • Декабр ойида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинадаги уруш Шимолий Атлантика альянси ва Россия ўртасидаги можарога айланиб кетиши мумкинлигини истисно этмаганди. Унинг сўзларига кўра, НАТОдагилар ҳар куни бунинг олдини олиш устида ишлайди.

Мавзуга оид