Жаҳон | 14:25 / 22.03.2023
10604
2 дақиқада ўқилади

Австрия: Россия билан барча алоқаларни узиб ташлашнинг иложи йўқ

Австрия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Европа Россия билан барча алоқаларни бутунлай узиб қўя олмайди. «Достоевский ва Чайковский, истаймизми ёки йўқми, Европа маданиятининг бир қисми бўлиб қолаверади», деди Александр Шалленберг.

Фото: AFP

Австрия ташқи ишлар вазири Александр Шалленбергнинг ишонч билдиришича, Россия келажакда ҳам Европа учун маълум роль ўйнашда давом этади. Алоқаларни барча соҳада бутунлай узиб ташлаш ғояси хаёлий нарса, дея маълум қилди у чоршанба, 22 март куни Reuters ахборот агентлигига берган интервьюсида: «Россия ер шаридан ғойиб бўла олмайди ва бизнинг энг катта қўшнимиз бўлиб қолишда давом этади. Достоевский ва Чайковский, истаймизми ёки йўқми, Европа маданиятининг бир қисми бўлиб қолаверади».

Австрия ташқи ишлар вазири Россиядаги фаолияти туфайли АҚШ Молия вазирлиги томонидан текширилаётган Австриянинг Raiffeisen Bank International (RBI) банкини ҳимоя қилди. «Менимча, бу ерда ҳаддан ошмаслик керак, - деди Шалленберг. - Ғарб компанияларининг атиги тўққиз фоизи Россияни тарк этган ва 91 фоизи ҳали ҳам у ерда ҳамда бу вазиятда ягона мантиқий иш тутмоқда: кутяпти».

Шалленберг АҚШ расмийларининг ҳаракатларини «мутлақо қонуний» деб атади ва барча Австрия компанияларининг ЕИ санкцияларига сўзсиз риоя қилишлари муҳимлигини таъкидлади. У RBI уларга амал қилишига ишонишини билдирди. 

Мавзуга оид