Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
КХДР ядровий каллакни олиб юришга қодир янги сувости дронини синовдан ўтказди
Мамлакат раҳбарияти АҚШ ва Жанубий Кореяга таҳдид қилишда давом этмоқда.
Шимолий Корея ядро қуролини олиб юришга қодир янги сувости жанговар дронини синовдан ўтказди. Бу ҳақда Reuters КХДР давлат матбуотига таяниб хабар берди.
Шимолий Корея давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, синов давомида янги дрон 59 соатдан кўпроқ вақт давомида сувостида 80-150 метр чуқурликда сузган ва шарқий қирғоқ яқинидаги сувларда ядровий бўлмаган бомбани портлатган.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Шимолий Корея Вашингтон ва Сеулга ўзининг хилма-хил ядровий таҳдидларини тобора кўпроқ кўрсатмоқда, бироқ улар сувости дрони ҳарбий хизматга қабул қилинишига шубҳа билан қарашади.
Шимолий Корея «АҚШ ва Жанубий Кореяга уруш содир бўлган тақдирда ўз ядровий қуролларини етказиб бериш векторлари жуда катта бўлишига ишора қилмоқчи», деди америкалик олим Анкит Панда, Халқаро тинчлик учун Карнеги жамғармаси илмий ходими.
«Бу ерда шахталар, темирйўл вагонлари, сувости кемалари ва мобил ракета учириш қурилмалари бўлади. Энди эса бунга сувости торпедоси қўшилмоқда», деди у.
КХДР матбуоти хабарига кўра, «Хаил» ёки «Цунами» деб номланган янги дрон душманга кутилмаганда зарба бериш ва сувости портлаши орқали катта радиоактив тўлқин ҳосил қилиш учун мўлжалланган.
Жанубий Корея ҳарбий вакили Шимолий Кореянинг даъволарини кўриб чиқаётганини айтди. Анонимлик шарти билан гапирган АҚШ расмийси ядровий синов белгилари йўқлигини маълум қилган.
Ҳозирча, Шимолий Корея ўзининг кичик қуроллари учун зарур бўлган митти ядро каллакларини ишлаб чиққани ёки йўқлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.