Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
13-сон ЖИЭМ маҳаллаларда спорт майдончаларини қуриш бўйича бош пудратчи бўлади
Вазирлар Маҳкамасининг "Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдончаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Президентнинг “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳар йили маҳалла ёшлари ўртасида спорт турлари бўйича ўтказиладиган беш босқичли оммавий спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда ҳудудида спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳалла терма жамоалари учун стритбол, воркаут ва универсал спорт майдончаларини қуриб бериш тизими йўлга қўйилган.
Белгиланишича:
а) Маҳаллаларда спорт майдончаларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида буюртмачи – Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти;
бош пудратчи – Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 13-сон Жазони ижро этиш муассасаси;
молиялаштирувчи – Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳисобланади;
б) Ички ишлар вазирлиги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда маҳаллаларда қуриб битказилган спорт майдончаларини ўрнатилган тартибда ҳудудий қабул қилиш комиссияларига топширилишини таъминлайди;
в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
ҳар йили 1 мартга қадар спорт инфратузилмаси ривожланмаган маҳаллаларда спорт майдончаларини қуриш юзасидан талабномаларни шакллантириб, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига тақдим этади;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган “беш босқичли” спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган, шунингдек спорт майдончаларини қуриш белгиланган ва инфратузилмаси етарли бўлмаган маҳалла ҳамда умумтаълим мактаблари ҳудудидан белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилишини таъминлайди;
қурилган спорт майдончаларининг тегишли ҳудудий комиссиялар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда қабул қилиб олиниши ҳамда улардан самарали фойдаланилишини назорат қилади;
г) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг таклифига мувофиқ белгиланган маҳаллаларда жойлашган, шунингдек спорт инфратузилмаси етарли бўлмаган умумтаълим мактаблари тасарруфида бўлган ҳудудларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги балансида қолдириш шарти билан спорт майдончалари қурилиши учун зарур ер майдонларининг ажратилишини ташкил этади;
умумтаълим мактаблари ҳудудида қурилган спорт майдончаларидан ўқувчилар, шунингдек, дарсдан ташқари ҳамда қатъий тарзда ўқув жараёнига халақит бермайдиган вақтларда маҳалла аҳолисининг бепул шуғулланиши учун барча зарурий шарт-шароитларни яратади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ҳафта муддатда маҳаллаларда қуриб битказилган спорт майдончаларини қабул қилиш учун ҳудудий қабул қилиш комиссиялари таркибини тасдиқлайди ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига тақдим этади.
Мавзуга оид
09:46
Ҳар бир раҳбар биттадан маҳаллага масъул бўлади
18:42 / 16.07.2026
Президент маҳаллаларда жиноятчиликни камайтириш бўйича янги вазифаларни белгилади
17:37 / 16.07.2026
Маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинди
17:51 / 22.06.2026