Жамият | 17:37
1192
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маҳаллалар фаолияти кескин танқид қилиниб, айрим ҳудудларда аҳолини иш билан таъминлаш ва кичик лойиҳаларни амалга оширишдаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди. Йил бошидан 152 нафар раҳбар лавозимидан озод этилгани, 700 нафарига интизомий чора кўрилгани маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июль куни “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбари бу йил инфратузилмани яхшилаш, одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ берилганини таъкидлади.

“Лўнда айтганда, ҳудуддаги масалаларни ҳал қилиш учун ҳокимда ҳам, маҳалла раисида ҳам, умуман, “еттилик”нинг ҳар бир вакилида ресурс ва ваколат бор. Етишмаётган жиҳат – масъулият ва ташаббускорлик”, деди президент.

Таҳлиллар айрим маҳаллаларда муаммолар вақтида ҳал этилмаётганини кўрсатган. “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида жорий йил 7,5 триллион сўм ажратилган бўлса-да, 2 минг 136 та маҳаллада бирорта лойиҳа ғолиб чиқмаган. Давлат раҳбари маҳалладаги ҳамжиҳатлик, дахлдорлик ва ташаббускорлик айнан шундай амалий натижалар билан ўлчанишини таъкидлади.

Йиғилишда маҳаллаларда кичик лойиҳаларни кўпайтириш ва аҳолини ишли қилиш масалалари танқидий таҳлил қилинди. Сўнгги олти ойда банклар томонидан кичик лойиҳалар учун 18,5 триллион сўм ресурс ажратилди.

Мазкур маблағлар ҳисобидан 110 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 259 минг одам ишли бўлди. Лекин 47 та маҳаллада бор-йўғи 2 тадан микролойиҳа ишга туширилган.

Айрим туманларда амалга оширилаётган лойиҳаларда камбағал оилалар иштироки 15 фоизга ҳам етмаяпти. Қораўзак, Марҳамат, Миришкор, Нуробод ва Термиз туманлари мисолида бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.

Ачинарлиси, 960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд одам доимий ишга жойлаштирилмаган. 883 та маҳаллада эса банкирлар хонадонбай юриб, лойиҳа қилмаган, тадбиркорлар билан учрашмаган.

Шунинг учун йил бошидан маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинди, яна 700 нафарига интизомий чора кўрилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид