«Шимолий оқим»даги портлашлардан олдин у ерга Россия ҳарбий кемалари йўл олган - ОАВ
«Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларидаги портлашлардан сал аввал воқеа жойига портловчи мосламаларни ўрнатиш учун ускуналари бўлган Россия ҳарбий кемалари йўл олган, деб хабар берди Германиянинг t-online нашри.
2022 йил сентябрида «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» қувурларида рўй берган портлашлардан бир неча кун олдин воқеа жойида Россия ҳарбий кемалари бўлган бўлиши мумкин, деб ёзади 25 март, шанба куни Германиянинг t-online ахборот портали. Нашр журналистлари хавфсизлик тузилмаларидаги манбалардан олинган маълумотлар ҳамда очиқ маълумотларга таянган текширувдан сўнг шундай хулосага келишди. Уларнинг сўзларига кўра, бу кемалар портловчи мосламаларни ўрнатиш учун ускуналар билан жиҳозланган.
T-online маълумотларига кўра, сунъий йўлдошдан олинган суратлар 21 сентябрга ўтар кечаси, яъни портлашлардан беш кун аввал Калининграддаги Россия ҳарбий-денгиз базасидан камида учта шубҳали кема чиқиб кетганини кўрсатади. Нашрнинг таъкидлашича, SS-750 кемасига тутқичли мини-сувости кемаси ўрнатилган, SB-123 ва «Александр Фролов» шатакчи кемалари эса юк кранлари билан жиҳозланган. Тергов маълумотларига кўра, ғарб томон ҳаракатланган иккита шатакчи кема 21 сентябр куни тушдан кейин ўз позицияларини маълум қилган.
Россия Ҳарбий-денгиз флотининг яна учта кемаси операцияга ҳамроҳлик қилган ва ҳарбий ҳимояни таъминлаган бўлиши мумкин: Россия Мудофаа вазирлигининг 22 сентябрдаги ҳисоботига кўра, «Сообразительный» корвети (уч мачтали елканли кема) ва «Ярослав Мудрый» қўриқлаш кемаси денгиз конвойини таъминлаш машқларида қатнашган. Бундан ташқари, деб ёзади t-online, сунъий йўлдош суратлари «Сызрань» разведка кемаси ҳам 21 сентябр куни Калининград портини тарк этганини кўрсатмоқда, бироқ булутлилик туфайли якуний хулоса чиқаришнинг иложи йўқ.
Журналистларнинг фикрича, Россия Болтиқ флотининг 2022 йил 19 сентябрда бошланган йирик манёврлари операция учун ниқоб бўлиб хизмат қилиши мумкин. Хусусан, Калининграддан сувости диверсия операцияларини ўтказиш учун ўқитилган махсус кучлар юборилган.
Германия Федерал прокуратураси, шунингдек, Дания ва Швеция терговчилари t-online сўровларига жавобан Россия ҳарбий-денгиз кучларининг ҳаракатларига изоҳ беришдан бош тортдилар.
2022 йил 26 сентябрда «Шимолий оқим»нинг иккита тармоғида, кейин эса «Шимолий оқим-2»да жами тўртта сизиб чиқиш жойи аниқланган. Бунгача Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар худди шу ҳудудда кучли сувости портлашларини қайд этган.
Германия, Дания ва Швецияда ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда. Портлаш сабаблари ҳақида ҳали ишончли маълумотлар йўқ.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33 / 13.11.2024
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53 / 13.11.2024