Жаҳон | 21:00 / 10.11.2025
11547
6 дақиқада ўқилади

Германия терговчилари Украина «Шимолий оқим»даги портлашга алоқадорлигига далиллар тўплади

Бу эса Берлин келгусида ҳам Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишини қийинлаштиради.

Swedish Coast Guard / Getty Images

2022 йил сентябр ойида «Шимолий оқим» газ қувурларида рўй берган портлаш иши Потсдамдаги Германия федерал полицияси томонидан текширилмоқда. The Wall Street Journal манбаларга таяниб, немис терговчилари жамоаси уч йил давомида қандай қилиб далиллар тўплагани ҳамда 2025 йил август ва сентябр ойларида ҳибсга олингани маълум бўлган икки гумонланувчи қандай топилгани ҳақида батафсил маълумот берди.

Улардан бири – немис терговчилари Полшада топган украиналик ғаввос. Гап, афтидан, 2025 йил сентябр ойи охирида қўлга олинган Владимир Журавлёв ҳақида кетмоқда (WSJ матнида украиналик ғаввоснинг исми айтилмаган, аммо тафсилотлар аллақачон маълум бўлган фактларга мос келади). WSJ нашри ёзишича, немис терговчиларининг асосий далили Германиядаги тезликни назорат қилиш камераси томонидан олинган кичик оқ-қора фотосурат бўлган – унда гумонланувчининг юзи кўриниб қолган, кейинчалик у кимлигини аниқлашга муваффақ бўлинган.

Бироқ Полша Журавлёвни Германияга топширмади – бу сўровни кўриб чиққан суд уни экстрадиция қилишни рад этган. Полша бош вазири Доналд Туск экстрадиция «Полша давлат манфаатларига жавоб бермаслиги»ни айтди. «Шимолий оқим»даги портлашларга изоҳ бераркан, Туск шундай қўшимча қилди: «Муаммо газ қувури портлатилганида эмас. Муаммо у қурилганида».

WSJ нашри ёзишича, Полшада қўлга олинган ғаввос охир-оқибат Варшавадаги Украина ҳарбий атташеси бошқарувидаги дипломатик рақамли қора BMW машинасида Украинага олиб кетилган (бу қачон содир бўлганига аниқлик киритилмаган). Украинанинг юқори мартабали мулозимининг сўзларига кўра, Киев Полша расмийларидан огоҳлантириш олганидан кейин шундай йўл тутган. Украина ҳукумати изоҳ беришдан бош тортди.

  • 2022 йил 26 сентябрга ўтар кечаси Даниянинг Болтиқ денгизидаги Борнҳолм ороли яқинида «Шимолий оқим – 1» ва «Шимолий оқим – 2» газ қувурларида портлашлар содир бўлганди. Портлашлар оқибатида газ қувурларининг тўртта тармоғидан учтаси шикастланган. The Wall Street Journal газетаси операцияни 2022 йил май ойида бир гуруҳ украиналик офицерлар ишлаб чиққанини аниқлади. Володимир Зеленский дастлаб режани маъқуллаган, бироқ бундан хабар топган Марказий разведка бошқармаси ундан операцияни бекор қилишни сўраган. Зеленский тайёргарликни тўхтатишни талаб қилади, бироқ ўша пайтда Украина қуролли кучлари бош қўмондони бўлган Валерий Залужний буйруқни эътиборсиз қолдиради.

Яна бир гумонланувчи Италияда қўлга олинади – бу WSJ журналистлари Украина қуролли кучларининг истеъфодаги капитани деб атаган украиналик Сергей Кузнецов. Дастлаб немис терговчиларида фақат паспортдаги сурат ва сохта исм бўлган. Йиғилишлардан бирида кимдир сўрайди: «Украиналиклар дам олиш учун қаерларга боришади?» Шундан сўнг терговчилар Европа Иттифоқи чегараларини текшириш ва маълумот тўплашни бошлайди – ва тез орада «дўстона мамлакат чегара полицияси»дан Кузнецовнинг ҳақиқий паспорт маълумотлари олинади. Германия полицияси унинг паспортига «шовқинсиз огоҳлантириш» деб аталадиган нарсани қўяди (бу одам Европа Иттифоқи чегарасини кесиб ўтганида ишлайди) ва 13 август куни Кузнецов Полшага киргани ҳақида маълумот олинади. Кейин у йўл тўловлари ва меҳмонхоналарни банд қилиш тизимлари маълумотларидан фойдаланган ҳолда Чехия ва Италия бўйлаб кузатиб борилади ва 21 август куни Италиянинг Римини вилоятида қўлга олинади.

WSJ манбаларига кўра, Германия ҳукумати «Шимолий оқим» газ қувурини портлатиш иши бўйича жами етти киши - Украина қуролли кучлари махсус бўлинмасининг уч нафар жангчиси ва тўрт нафар ғаввосни ҳибсга олишга ордер берган. Гумонланувчиларнинг исмлари айтилмаган. WSJ суҳбатдошларига кўра, Германия полицияси ва прокуратураси украиналиклар гуруҳи Украина қуролли кучларининг ўша пайтдаги бош қўмондони Валерий Залужнийнинг бевосита раҳбарлигида газ қувурини портлатиш бўйича операцияни қандай амалга оширгани ҳақида «аниқ тасаввур» ҳосил қилган.

Сергей Кузнецов Италияда қўлга олинганидан сўнг, немис терговчилари тергов якунига етаётгани ва у Германия судида кўриб чиқилишига умид қилиб, «байрам қилишган». Декабр ойига қадар Италия суди Кузнецовни экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак ва немис полицияси уни олиб кетиш учун алоҳида самолёт тайёрлаб қўйган.

Бироқ, WSJ ёзишича, бу Германиянинг Украинани қўллаб-қувватлашига путур етказиши мумкин бўлган «шубҳали ғалаба» бўлиши мумкин. Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам сиёсий босимни бошдан кечирмоқда, мухолифат ундан Киевни молиялаштиришни тўхтатишни талаб қилмоқда. WSJ’нинг канцлер атрофидаги манбаларига кўра, ҳукумат вазиятдан чиқиб кета олади, немис жамияти эса «ҳужум ортида Киев тургани ҳақидаги фикрга аллақачон кўникиб бўлган». Шунга қарамай, агар немис терговчилари Украинага қарши бундай кучли айблов қўймаганида, Германия газ қувуридаги портлашларнинг дипломатик оқибатларини енгиб ўтиши осонроқ бўларди, дея таъкидлайди WSJ суҳбатдошлари.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид