Ёмғирлар ва баҳорги яшиллик – Тошкент ҳавоси узоқроқ вақт тоза турганига сабаб нима?
Ўзбекистонда ёз ойларидаги қурғоқчилик сабаб тупроқнинг қуруқлашгани, шамолларнинг кўпайгани, дарахтларнинг камайгани, конлар, қурилишлар ва яна бир қанча омиллар ҳаво сифатини ёмонлаштириб юбормоқда. Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатовга кўра, ҳавони ифлословчи омилларнинг аниқ таҳлиллари керак ва шунга қараб чора кўриш шарт.
Халқаро Air Quality Index рейтинги дунёнинг турли нуқталаридан ҳаво сифати бўйича маълумотларни йиғиб эълон қилиб боради. Унга кўра, 27 март ҳолатида Тошкентда ҳаво сифати 79 AQI натижа билан ўртача даражада турибди.
Умуман Тошкент ҳавосида ифлосланиш даражасининг ошиши охирги йилларда, айниқса, сўнгги 2-3 йилда кўп кузатилди. Шаҳар олдин деярли дуч келмаган кучли чанг бўронларига гувоҳ бўлди. Лекин 2023 йилнинг март ойи ўрталарида Тошкент шаҳрида 4-5 кун ҳаво сифати яхшиланиб турди. Ҳатто 13 март куни Тошкент ҳавоси дунё шаҳарлари ҳавоси сифат даражаси бўйича “энг тоза” рўйхатда турди.
Қизиғи, олдин ҳам ёмғирлар ёғган ва ўшанда тоза ҳаво ҳозиргидек узоқ сақланмай турган. Бунинг сабабини гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов март ойининг биринчи ярмида ёмғирнинг фақат Тошкентда эмас, балки унга қўшни ҳудудларда ҳам ёғгани ва табиатнинг уйғониб яшилликка бурканиши билан боғлайди. Унинг айтишича, олдин ёмғир асосан Тошкентнинг ўзида ёғгани сабабли шаҳар ҳавоси яна эски ҳолига қайтди.
“Доим таъкидлаганимдек, бизнинг шароитда атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтиришда яшиллик бу ҳал қилувчи асосий ечимдир. 12 мартдан сўнг Тошкент вилояти атрофида жуда ҳам кўп ёғин ортидан яйловлар яшилликка тез бурканди. Ҳатто сўнгги пайтлар пойтахт ғарбидаги қўшни Қозоғистон ерлари ҳам табиат томонидан яхшигина яшил рангга “бўялди”.
Тошкент ва қўшни Қозоғистондаги Туркистон вилоятларидаги (суғориладиган майдонларидан ташқари) яшил ҳудудлар мана 10 кундирки, пойтахт ҳавоси таркибида ифлос моддалар тўпланишига олиб келмаяпти. Албатта, бу вақтинча”, – дейди иқлимшунос.
Абдулаҳатов ҳудудлардан кўтарилмаётган чанг заррачалари маҳаллий шамоллар сабаб пойтахтда тўпланмаётгани Ўзгидромет стационар постларида ҳам сезилаётганини айтади. Бунга баҳорий яшиллик сабаб бўлиб турибди.
“NASA сунъий йўлдошлари тасвирларида ҳам ўтган ва жорий йилдаги Тошкент вилояти унинг атрофидаги яшиллик билан боғлиқ фарқни кўриш мумкин. Бўлмасам, шаҳар кўчаларида ўша транспорт ҳаракатланяпти ва ўша завод фабрикалар ишлаб турибди”, – дейди у.
Умуман олганда, Ўзбекистон ҳавосини қандай моддалар, айнан қайси табиий ҳодисалар ва фаолиятлар ифлослантираётгани ҳақида катта изланишларга муҳтожмиз.
Ўзгидромет хизматининг Kun.uz’га берган маълумотига кўра, Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати мониторинги миллий ахборот платформаси ва унинг мобил иловасини яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Унда:
- республика ҳудудида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддалар, жумладан майда дисперс заррачалар (РМ10 ва РМ2,5) билан ифлосланиши бўйича маълумотлар базасини яратиш;
- аҳолининг атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддалар, жумладан майда дисперс заррачалар (РМ10 ва РМ2,5) миқдорига боғлиқ равишда чанг этиологияли касалликлар билан касалланиш даражасини баҳолаш;
- атмосфера ҳавоси сифатини ва аҳоли аломатлиги учун аэроген хавфни комплекс баҳолаш критерийлари халқаро (ЖМТ, ЖССТ) талабларни ва ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш каби вазифалар қўйилган.
Яқинда эълон қилинган AQI рейтинги натижаларига кўра, Ўзбекистон ҳавонинг ифлосланиши бўйича йиллик рейтингда дунё мамлакатлари орасида 33.5 мкг/ м3 натижа билан 20-ўринни эгаллади. Ҳавони заҳарли моддалардан тозалаш учун бу ифлосланиш антропоген ёки табиий омилларга боғлиқми деган саволга жавоб топиш кераклигини ҳам айтади Абдулаҳатов.
Масалан, фақат пойтахтнинг ўзида охирги пайтларда шарқий ҳудудлардан эсадиган шамол 20 фоизга кўпайган. Ангрен, Олмалиқ ва Оҳангарон саноатлашган шаҳарлар ҳисобланиб, у ерларда кўп завод-фабрикалар бор. Шу ҳудудлардан эсаётган шамоллар ҳисобига Тошкент ҳавоси ифлосланаётган бўлиши мумкин. Шарқий ҳудудлардан шамол ифлослантирувчи моддаларни олиб келиши бор гап ва бу бўйича илмий ишлар қилинган.
“Охирги пайтларда антропоген омиллар таъсири ҳам ортган. Яшилликнинг камайиши, қурилишлар экология бўйича норматив меъёрлар асосида амалга оширилмаслиги ўз-ўзидан цемент ва бошқа қурилиш материалларидан чиқаётган моддалар тепага кўтарилишини тезлаштиради. Мана шу омиллар туфайли шаҳар ҳавосида ифлосланиш даражаси кўпайган”, – дейди у.
Шу билан бир қаторда, ёз ойларида давомий қурғоқчиликнинг кўпайгани сабаб тупроқда ўз-ўзидан қуруқлашиш ва тупроқ юзасидаги чанг миқдорининг юқорига кўтарилишини тезлаштиради. Қурилиш, яшилликнинг камайиб кетгани ҳам ҳавонинг ёмонлашувига сабаб бўлади.
Мавзуга оид
16:21 / 11.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024