28 март, сешанба куни Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2022-2023 йилларга мўлжалланган дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисобот 156 давлатни қамраб олади. Ҳуқуқ ҳимоячилари 2022 йил халқаро инқирозларнинг иқтисодий ва экологик оқибатлари ҳамда яшаш нархининг кескин ошиши туфайли дунёнинг энг қашшоқ одамлари зиммасига номутаносиб юк тушди, деган умумий хулосага келишди. Ижобий ўзгаришлар бўлса-да, асосий ҳуқуқларни, айниқса аёллар ва болаларни ҳурмат қилиш бўйича умумий вазият деярли ўзгармади, дейди Amnesty. Лекин, 2022 йил янги қуролли можаролар йили бўлди, деб ёзади ҳуқуқ ҳимоячилари. DW Украина ва Россияга бағишланган ҳисобот саҳифаларини ўрганиб чиқди.
Ўтган йили Россия учун асосий воқеа Украинага кенг кўламли босқиннинг бошланиши бўлганлиги ажабланарли эмас, бу Россиянинг ўзида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кескин ёмонлаштирди. Ўтган йилги воқеаларни қисқача тавсифлаб, AI ҳуқуқ ҳимоячилари бу борада Россиянинг 15 март куни Европа Кенгаши таркибидан чиқиши, сўнгра Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) қарорларини бажаришдан бош тортганини таъкидлади. Amnesty бир қатор қонунларнинг қатъийлаштирилганлигини ва Россия раҳбариятининг йўналиши билан келишмовчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши куч ишлатишнинг анча қаттиқроқ ва шафқатсиз амалиётини эслатди.
Россияда фуқаролик жамиятига босим 2022 йилда янги даражага кўтарилди, дея хулоса қилди AI ҳуқуқ ҳимоячилари. Шу муносабат билан улар «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуннинг янада қатъийлаштирилгани ва «чет эл агентлари» рўйхатига тобора кўп россияликлар киритилганини эслатишди. AI ҳисоботида колонияда тўрт йиллик муддатга ҳукм қилинган «Открытая Россия» жамоат ташкилоти собиқ раҳбари Андрей Пивоваровнинг таъқиб қилиниши, сиёсатчи Иля Яшиннинг Украинанинг Буча шаҳрида рус армиясининг жиноятлари ҳақида хабар бергани учун саккиз йилга қамалиши, шунингдек, Кремл сиёсатига қарши чиққан эколог ва фаол Аршак Макичяннинг Россия фуқаролигидан маҳрум этилиши эслатиб ўтилган.
AI ҳисоботида айтилишича, қийноқлар ва шафқатсиз муносабатнинг бошқа шакллари бугунги кунда Россиядаги пенитенциар тизимининг «ажралмас қисмидир». Шу муносабат билан Amnesty ҳуқуқ фаоллари россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийнинг тақдирини эслаб, унинг ЖИЗОда «ғайриинсоний» ва «таҳқирловчи» шароитда ўтказган 90 кунини, сиёсатчи бошқа ҳуқуқлардан, жумладан, оилавий ташрифлар, тўғри тиббий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқларидан маҳрум этилганини эсга олди. AI адолатсиз суд жараёнларини шунга ўхшаш амалиёт деб атаб, 22 йилга қамалган журналист Иван Сафронов ишини мисол сифатида келтирган.
Украинадаги вазият бўйича, ҳуқуқ ҳимоячилари Россия армияси ҳарбий тажовузкорлигининг турли оқибатлари, биринчи навбатда, фуқаролик объектларига ҳужумлар ва бошқа жиноятлар, масалан, тинч аҳолига нисбатан қийноқлар ва жинсий зўравонликларни инсон ҳуқуқларининг асосий муаммоси сифатида тилга олган. Ҳисоботда тинч аҳоли жабр кўрган фожиали эпизодлар, масалан, Запорижжяда ҳуманитар карвонга қилинган ҳужум ёки Киев яқинида - Бучада судсиз қатл қилиш ҳолатлари танлаб олинган.
















