Жаҳон | 21:27 / 28.03.2023
5599
2 дақиқада ўқилади

Мексиканинг АҚШ чегарасидаги мигрантлар марказида ёнғин: 39 киши ҳалок бўлди 

Норозилик акцияси сифатида бошланган можаро фожиа билан якунланди. 

Фото: Getty Images

Мексика шимолидаги Сюдад-Хуарес шаҳрида жойлашган мигрантлар марказида душанба куни содир бўлган ёнғин оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлди. 

Ёнғин душанба куни маҳаллий вақт билан тахминан 22:00 да Миллий Миграция институтида бошланган. У ерда Марказий ва Жанубий Америкадан келган 68 нафар эркак бўлган. Улардан 29 нафари ёнғинда жароҳатланган ва ҳудуддаги тўртта шифохонага етказилган. 

Гувоҳлардан бири сўзларига кўра, муассасадаги мигрантларнинг кўпчилиги Венесуэла фуқаролари бўлган. Шунингдек, бинода Гватемала ва Гондурасдан келган мигрантлар бўлгани ҳам айтилмоқда. 

Мексика президенти Андрес Мануэл Лопес Обрадор баёнотига кўра, мигрантлар депортация қилинишини билганидан кейин норозилик сифатида матрасларга ўт қўйган. Шундан сўнг ёнғин авж олган. 

«Улар бунчалик даҳшатли фожиага олиб келади деб ўйламаган эдилар», деди у. 

Ёнғинга нима сабаб бўлгани ҳақида расмий баёнот берилмади, бироқ маҳаллий газеталар ёнғиндан сал аввал бино ичида муштлашув бошланганини хабар қилди. 

Воқеа жойига қутқарув хизматлари ва кўнгиллилар етиб борган. Мексика Бош прокуратураси ёнғин юзасидан тергов бошлаган. 

Сўнгги ҳафталарда Сюдад-Хуарес шаҳри АҚШ иммиграция сиёсатида яқин орада ўзгаришлар бўлишини кутаётган мигрантларга тўлиб кетган эди. 

Гап шундаки, ковид пандемияси бошланган 2020 йилда собиқ президент Доналд Трамп «юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун» одамларнинг Қўшма Штатларга киришини тақиқлаш имконини берувчи қонунни имзолаган эди. Ушбу қонун муддати яқин орада ниҳоясига етади. 

Аввалроқ, Байден маъмурияти Трамп давридаги ушбу сиёсатдан фойдаланишни тўхтатмоқчи эканини эълон қилди, аммо ҳозирча бу қонун ўз кучида. Шундай бўлса-да, бу ҳақда эълон қилинганидан сўнг, Сюдад-Хуаресда чекловлар бекор қилинишини кутаётган мигрантлар сони сезиларли даражада ошиб кетган эди. 

Мавзуга оид